Light | 18:31 / 21.07.2020
18072
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг қадимий университет қайси? Олий таълим тарихи ҳақида

Инсоният тараққиётида университетларнинг тутган роли беқиёс. Хўш, энг қадимий олий ўқув юртларими қачондан, қаерда очила бошланган? Қуйида ана шу ҳақда ҳикоя қиламиз.

Университетлар дастлаб Европада 11 асрда очила бошлаган. Бироқ илк университетнинг ватани Европа эмас. Тарихдаги биринчи университет сифатида 970 йилда Мисрнинг Қоҳира шаҳрида очилган Ал-Азҳар университети эътироф этилади.

Европа университетлари монастр мактабларидан ажралиб чиққан ва тараққий этиши жуда узоқ муддат давом этган, шунинг учун ҳам уларнинг илк ривожланиш даври қачон эканини аниқ белгилаб бўлмайди.

Кўпчилик биринчи Европа университети сифатида Италиядаги Болония университетини билади. Бу таълим муассасаси 10-асрнинг охирида очилган, бироқ унгача ҳам ҳуқуқ мактаби сифатида 890 йилдан бери мавжуд бўлган.

Университетлар – профессорлар учун идеал масканлар

11-аср давомида Париж университети тараққий этиб, довруқ қозона боради. Европанинг энг қадимий университетларидан бири бўлган бу маскан ўрта асрларда жуда машҳур бўлган. Бу даргоҳ профессор ва талабаларни ҳуқуқ, илоҳиёт, тиббиёт ва фалсафа таълимининг ривожлангани билан жалб қилган.

Фото: sorbonne-universite.fr

Кейинчалик Европада 12-13-асрлар мобайнида турли университетлар очила бошланади.

Биринчи университетлар ажралиб чиққан мактаблар професссорлар фикр алмашадиган, улар учун мўлжалланган муассасалар бўлган. Бундай жойларда идеология, тиббиёт ва ҳуқуқ таълимоти усулларини ишлаб чиқишган. Дарслар эса лотин тилида олиб борилган.

Британиянинг Оксфорд ва Кембриж университетлари ҳам ўрта асрларда вужудга келган. Англиянинг икки машҳур университетини тандемда Оксбриж деб ҳам аташади.

Фото: swissinfo.ch

Коллежларнинг таълим берувчи комплекс сифатида тараққий этиши

Коллежлар нисбатан кейинроқ шаклланган. Биринчи коллеж сифатида Оксфорддаги Мертон коллежи эътироф этилади, у 1249 йилда талабалар яшаш жойи сифатида ташкил этилган.

Мертонда талабалар учун ўта қаттиққўл муҳит ташкил этилган ва талабаларга ўйин ўйнаш, куйлаш, қўшиқ айтиш, ҳатто ов қилиш ва балиқ овлаш ҳам тақиқланган эди. Кейинчалик эса коллежлар таълим берувчи комплекс сифатида тараққий этган.

Янги дунёдаги илк университет

АҚШнинг энг тарихий университети Ҳарвард ҳисобланади, у 1636 йилда Нью-Таунда ташкил этилган. Аввал университет коллеж тарзида фаолият юритган ва дарслар 1638 йилдан коллеж боғи ва кичик хоналарда ўтказила бошланган. Кейинчалик эса Ҳарвард номи коллежга ўзининг ярим бойлиги ва китобларини мерос қилиб қолдирган Жон Ҳарвард номи билан атала бошланади, таълим муассасасига университет мақомини берилади. Бу даргоҳ ҳозир ҳам АҚШнинг энг машҳур таълим масканларидан бири ҳисобланади.

Айни дамда АҚШда 3 300дан ортиқ олий таълим беришга ихтисослашган таълим даргоҳлари бор ва уларда тахминан 12 миллиондан кўпроқ талаба таҳсил олади.

АҚШда ҳар йили ўртача 3 миллион битирувчи юқори мактабларни тугатади, уларнинг тахминан 1 миллиони ОТМларга ўқишга кириш имконига эга бўлади.

Имтиҳон асосидаги илк грантлар

1836 йилда Лондон университети имтиҳон ва турли грантлар дастурини эълон қилади. Бу дастурларда қатнашиш учун Британия империясининг турли ҳудудларида жойлашган исталган таълим муассасасининг талабалари талабгор бўлиши мумкин эди.

Шу тахлит 1900 йилларгача Лондон университети фақат грантлар ажратувчи ва имтиҳонларни ташкил этувчи олийгоҳ сифатида ишлаган. Бироқ 1900 йилда парламент таълим ва тадқиқот учун Лондон университетига лекция хоналари, музейлар лабораториялар ва амалий машғулот хоналари очишга рухсат берган.

Таълимдаги қарашларнинг бўлиниши

Ўрта асрларда университет талабалари, асосан, тиббиёт, ҳуқуқ ва идеологияни ўқишган. Европада ёшлар университет таълимига ўтишдан олдин «тривиум» гуруҳидаги грамматика, риторика, мантиқ фанларини ва «квадриум» гуруҳига кирувчи арифметика, геометрия, мусиқа, астрономия фанларини ўқиши лозим бўлган.

Фото: proradiomayak.ru

Гуманизм, маърифат, ислоҳот ва инқилоб атамалари ҳам ўрта асрлар университетларидаги изланишлар туфайли юзага келган атамалар ҳисобланади.

18-асрдан бошлаб университетлар ўз илмий нашрларини чоп эта бошлаган. 19-асрдан эса университетлар учун герман ва француз модели ишлаб чиқилади.

Германиянинг Гумбольт модели Вильгельм фон Гумбольт томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда университетларнинг лекция, семинар ва лаборатория машғулотларида қатнашиши эркин бўлиши керак, деган қараш илгари сурилган.

Француз моделида эса университет қатъий назоратда бўлиши, тартиб-қоида биринчи ўринда туриши керак, деган ғоя марказий ўринни эгаллаган.

19-асргача Европа университетларида диний таълим устувор бўлган, кейин аниқ фанларга эътибор кучайган. Шундай вазиятда герман универститетлар модели ҳам оммалашиб кетади.

Ислом мамлакатларида олий таълим

Ўрта асрлардан шарқ давлатларида ҳам таълим ўзига хос тарзда ривожланади. Бу даврда ислом мамлакатларида олий таълим берувчи муассасалар сифатида мадрасалар фаолият юритган. Мадрасалар дастлаб 7-8-асрларда дин уламоларининг исломга оид масалаларни шарҳлаб бериб турадиган марказ сифатида пайдо бўлган. Кейинчалик бу марказлар кенгайиб, улар мадраса деб атала бошланади.

8-9-асрларда мадрасалар ислом дини тарқалган мамлакатларда, жумладан, Марказий Осиёда пайдо бўлиб, мадраса учун махсус бинолар қурила бошланди. Мадрасаларни шоҳ, хон, амир ва султонлар, йирик ер эгалари ва давлатманд кишилар қурдирган. Мадрасага диний мактабни битирган болалар қабул қилинган. Уларда таълим уч босқичда: бошланғич (адно), ўрта (авсат) ва юқори (аъло) даражаларда олиб борилган.

Ўрта аср талабалари ҳаёти

Дастлабки даврларда талабаларнинг ҳаёти ҳозиргидан анча фарқ қилган, албата. Талабалар турли ҳудудлардан таълим олиш учун келган ва ҳар хил ёшда бўлишган. Улар 12-асрда Оксфордга келиб ўрнаша бошлаганда кичик меҳмонхоналарни ёки шаҳар атрофидаги ҳудудларни яшаш учун танлашган, баъзилар эса биргаликда бирор уйни ижарага олиб яшай бошлаган.

Фото: digitalcollections.nypl.org

Талабалар лекцияларда ва ижтимоий тадбирларда қатнашарди. Шунингдек, улар бир ҳафтада камида бир марта ўзларининг репетиторлари («tutor») билан бирга дарсларини муҳокама қилиб, камчиликларини аниқлаштириб олишган. Тартибга амал қилмайдиган талабаларнинг кўчага чиқиши тақиқланган, жаримага тортилган ёки муддатидан олдин талабаликдан четлатилган.

Талабалар ҳаётларидаги бу даврни асосан кутубхоналарда ўтказишган. Ҳар бир коллежнинг ўз кутубхонаси бўлган. Энг машҳур кутубхона эса Оксфордники эди.

Бундан ташқари, ижтимоийлашув ҳам университетлар ҳаётининг бир қисми эди. Университетларда турли жамиятлар ва клублар доимий ишлаб турган.

Ҳозирги кунда ҳам нафақат малакали мутахассислар тайёрлаш, балки маълум соҳалар ривожида ҳам университетлар жуда муҳим ўринга эга. Эндиликда университетларга халқаро талабаларни қабул қилиш орқали молиявий фойда олиш мумкинлиги жиҳатдан ҳам уларнинг аҳамияти ошмоқда. Хусусий университетларга талаб ошмоқда.

Университетларда ишланаётган инновацион лойиҳалар, турли изланишлар ва тадқиқотлар иқтисодиёт учун стимул вазифасини бажаради.

Мавзуга оид