Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Озарбойжондаги аэропортда Эрон дрони қулади
Озарбойжон мудофаа вазирлиги ҳужум учун жавобгарликни Эрон зиммасига юклаган ва жавоб чоралари тайёрланаётганини маълум қилди.
5 март куни Озарбойжоннинг Нахичивон шаҳридаги аэропорт ҳудудида Эрон дрони қулаб тушди. Воқеа жойида олинган видео APA ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган.
Украинанинг Supernova+ телеграм-канали ёзишича, аэропортга «Шоҳид-136» русумли дрон урилган (Россиядаги модификацияси «Геран-2» сифатида маълум).
Нахичивондан Эрон чегарасигача масофа камида 30 километрни ташкил этади.
Озарбойжон ТИВ дрон зарбаси оқибатида аэропорт инфратузилмаси шикастлангани ва икки киши яралангани ҳақида хабар берган. Эроннинг яна бир дрони Шакаробод қишлоғидаги мактаб ёнига қулаган. Мактаб ўқувчилари эвакуация қилинган.

Вазирлик Эрондан «мазкур ҳодисага имкон қадар тезроқ ойдинлик киритишни, изоҳ беришни ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун зарур шошилинч чоралар кўриш»ни талаб қилиб баёнот берди.
Содир бўлган воқеа «халқаро ҳуқуқ нормалари ва принципларига зид бўлиб, минтақада кескинлик кучайишига олиб келиши» қайд этилган.
Озарбойжон мудофаа вазирлиги Нахичивонга дронлар ҳужуми учун жавоб қайтарилишини ваъда қилди.
4 март куни Эрон ҳудудидан учирилган баллистик ракета Туркия ҳаво кенглигига киргани ва уриб туширилгани маълум бўлганди. Теҳрондагилар эса ракетани Туркияга учирмаганини айтмоқда. Эронлик ҳарбийлар Туркия ҳудудида уриб туширилган ракета аслида қайси йўналишда учирилган бўлганига аниқлик киритмаган.