15:46 / 27.01.2023
78007

Human.uz сайти директори ва ходимлари сайт офисидан олиб кетилди

Сайт офиси муҳрланган, сайтнинг ўзи ишламаяпти.

Хуршид Далиев ва Муслим Мирзажонов / Фото: Facebook

27 январ куни Human.uz сайти директори Хуршид Далиев, сайт бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва сайтнинг бошқа ходимлари нашрнинг Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офисидан олиб кетилган.

Сайтнинг телеграм каналидаги саҳифасида жойлаштирилган маълумотларга кўра, офис эшиклари бузиб кирилган ҳамда барча маълумотлар, қурилмалар бўйича тинтув қилишмоқда.

«Human.uz сайти таҳририяти тўсатдан ва огоҳлантиришларсиз олиб кетилган барча инсонлар саломатлиги ва ҳолатидан қаттиқ қайғуда. Уларнинг ҳеч бирига алоқага чиқишнинг иложи бўлмаяпти.

Шунингдек, таҳририят ушбу ҳолатни Ўзбекистон Республикаси президенти сиёсатига мутлақо зид ва сўз эркинлигига таҳдид деб ҳисоблайди», - дейилади баёнотда.

Кейинроқ, Human.uz сайти офиси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қуйи Чирчиқ тумани бўлими суриштирувчиси Э. Абламуродов имзоси билан муҳрлангани маълум қилинди.

Kun.uz’нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаси маълумотларига кўра, сайт масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва сайт масъулларидан ташқари давлат ташкилотларида ишловчи бошқа шахслар ҳам процессуал тартибда ушланган.

Айни пайтда Human.uz сайти очилмай қолган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотирдалигини билдирган.

«Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу масала бўйича изоҳ берилишини кутамиз ҳамда журналистлар хавфсизлиги, шуниндек, уларнинг профессионал фаолиятига қонуний муносабатда бўлиниши таъминланишини сўраймиз», дейилади фонд муносабатида.

Ҳозирча Бош прокуратура ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ҳолат юзасидан расмий баёнот бермади.

Kun.uz сайти суриштирув-тергов ҳаракатлари қонунийлик, шаффофлик ва очиқлик принципларига амал қилган ҳолда олиб борилишига, ОАВ фаолияти ва сўз эркинлигига таҳдид қилинмаслигига умид билдириб қолади. 

Top