Ўзбекистон | 20:30 / 01.07.2020
73683
8 дақиқада ўқилади

ИИВ Академияси ҳаёти, қабул ва ички ишлар тизими ҳақида Баҳодир Матлюбов билан суҳбат

Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларида қабул жараёнлари қизғин кечмоқда, хусусан Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳам. Шу муносабат билан Ички ишлар академияси раҳбари, курсантлари ва вакиллари билан ички муҳит, давлат қабул имтиҳонлари ва таҳсил жараёнлари хусусида суҳбатлашдик.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Даставвал, Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти борасида бизни қизиқтирган саволлар билан академия раҳбари, генерал-лейтенант Баҳодир Аҳмедович Матлюбовга юзландик. Қуйида ушбу суҳбатнинг мазмуни билан танишишингиз мумкин.

Қабул жараёни, бу йилги ўзгаришлар ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси тизим учун кадрлар етказиб берувчи ягона ўқув юрти ҳисобланади. Академияда қабул масаласи охирги 10 йил ичида бир неча маротаба ўзгарди. 2004 йилгача қабул икки босқичда амалга оширилар эди. Биринчиси: тиббий кўрик, жисмоний имтиҳон ва ёзма иш; Иккинчиси: шу текширувлардан ўтганлар кейин имтиҳон топширишар ва кимнинг кўрсаткичи юқори бўлса қабул қилинар эди. Охирги йилларда эса, иккинчи босқич суҳбат тарзида ўтадиган имтиҳонга ўзгартирилди. Уч йил олдин энг кўп, 20 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган эди. Ўшанда, академия жамоасига жуда қийин бўлган, чунки квота сони 600 киши эди. Бундан ташқари, охирги йилларда қизларнинг ҳам ўрнини кўпайтириш мақсадида 5 фоизлик квотани 10 фоизга кўпайтирдик.

Карантин боис қабулдаги ўзгаришлар ҳақида

15 мартдан карантин чоралари қўлланилган бўлса, абитуриентларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби бошқача бўлди. Яъни гигиена қоидалари, карантин талабларига риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Бундан ташқари, президентимизнинг тегишли қарорларига асосан эндиликда Ички ишлар академиясига фақатгина академик лицей битирувчилари қабул қилиниши керак. Имтиҳон олиш жойига ҳам ўзгартириш киритилди. Имтиҳонлар ҳар бир академик лицей ҳудудида олинадиган бўлди. Сабаби лицей ҳудудида имтиҳон учун зарур бўлган барча жиҳозлар бор. Абитуриентлар лицейга олиб келинади. Улар учун ётоқхоналар, озиқ-овқатлар, ўқиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Кейин имтиҳонлар босқичма-босқич олинади. Имтиҳон олишда ушбу соҳа мутаҳассислари жалб қилинади. Яъни жисмоний тайёргарлик бўйича жисмоний тарбия ўқитувчиси, тарихдан имтиҳон бўлса тарих ўқитувчиси ва шу тариқа. Бу ўқитувчилар бирга ўтириб, маслаҳатлашиб умумий баллни қўяди.

Имтиҳон жараёнлари қайд этилади

Охирги 4 йилдан бери ҳамма жойга камералар ўрнатилган, имтиҳонлар овозлари билан ёзиб олинади. Апелляцияга берилганида исботи билан кўрсатилади. ЎзР ИВВ академияси ўқув жараёнини мониторинг қилиш маркази иккита асосий мақсадни кўзлаб ташкил қилинган. Булар: курсантларнинг ўқишга бўлган тайёргарлиги ва иштироки, кейингиси профессор ўқитувчиларнинг дарсларни ташкил этишини мониторинг қилиш учун.

Ўқув заллари 300дан ортиқ камералар билан жиҳозланган. Айни пайтда академиянинг кундузги таълим шаклига 2020-2021 ўқув йили учун қабул жараёнлари ўтказилмоқда. Бунда барча синов имтиҳонлари ўқув мониторинг марказида ўрнатилган камералар орқали назорат қилиб борилмоқда.

Ўқишга кирган курсантларга йиғма жилдлар ташкил этилади

Ўқишга қабул қилинган курсантлар учун дастлабки кундан бошлаб йиғма жилд яратилади. Бу йиғма жилдда курсантларнинг хулқ-атвори, юриш-туриши ҳаммаси ёзиб борилади. Ўқиш якунида шу йиғма жилд кўтарилиб таҳлил қилинади. Аъло баҳоларга битириб, намунали хулқи билан танилган талабалар махсус лейтенант унвонидан махсус катта лейтенант унвонига кўтарилади. Бундан ташқари, биринчи ва иккинчи курсларда 21 кунлик амалиётга юборилиб, уларга иш ўргатилади. Учинчи ва тўртинчи курсларда 4 ойдан малака амалиётига юборилади.

Қайси йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланмоқда?

Академия курсантлари 7 йўналиш мутахассислиги бўйича таълим олишади. Булар:

  • тергов фаолияти
  • тезкор қидирув
  • ҳуқуқбузарликлар профилактикаси
  • экспертиза йўналиши
  • хизмат фаолиятини психологик таъминлаш
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш
  • жиноий жазоларни ижро этиш йўналишларидир.

Бундан ташқари, сиртқи таълим шакли ҳам мавжуд бўлиб, унда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ходимлари ҳам таҳсил олиши мумкин. Бунда, ўринлар вилоят ички ишлар органларидан юборилган квоталар орқали тақсимланади.

Академияда таълим қай тарзда амалга оширилади?

Лицей битирувчилари 3 йил мобайнида барча фанлардан тўлиқ ўқитилади. Академияга киргандан сўнг, ўзи танлаган мутахассислиги бўйича ўқитилади. Ўқитиш тизимида 50 фоиз назария ўргатилса, 50 фоиз амалиётдан дарс берилади. Ундан ташқари, ўқув жараёнида мутахассислик фанларини кўпайтириш билан бирга, курсант иш ўрганиш жараёнида, таҳсилни битирганидан сўнг айнан қайси вилоятга бориб фаолият ўтайдиган бўлса, ўша ички ишлар органларига жўнатилади ва у ерга бориб шароити, динамикаси ва ҳолати билан яқиндан танишади. Курсант таълим муассасасини тугатаётган пайтда ўзининг қизиққан йўналишини танлаш учун бизга билдирги ёзади ва бизнинг махсус комиссиямиз суҳбатидан ўтади. Унга йўналиши бўйича саволлар берилади. Келажакда шу йўналиш бўйича ишлаб кета оладими-йўқми, шу хусусда хулоса берилади. Ундан ташқари психологик тест ҳам ўтказилади.

Ички ишлар ходимлари орасида олий-ўрта маълумотлилар тафовутини йўқотиш учун қилинаётган ишлар хусусида

Ички ишлар тизимида турли соҳа вакиллари борлиги рост. Лекин, ҳаммаси шу соҳани ёшлигидан орзу қилган, фидоий ходимлар. Албатта, улар ишга киришдан олдин касбий тайёргарликдан ўтишади. Улар учун ўқиш ҳам бўлади, имтиҳон ҳам. Бунда сержантлар 5 ой ўқишади, офицерлар таркиби 6 ой. Кейин ўқиши тугаганидан кейин ўз ҳудудига юборилади.

Ички ишлар академиясида ҳам амалиёт ва назария фарқ қиладими?

Бу соҳада кўп йиллар тезкор ходим бўлиб ишлаганман. Ўқишга кирганидан кейин “устоз-шогирд” деган гап бор. Ўша устоз ҳаммасини ўргатади. Ҳозирги кунда ишга қабул қилишда 3 ой синов муддати берилади. Бу муддатда унга сержант унвони берилади. Агар ишни намунали тарзда бажарса, лейтенант унвони берилади.

Охирги ва аввалги битирувчилар ўртасидаги фарқ хусусида

Албатта, биз келган пайтларда бунақа шароитлар йўқ эди. Мен 40 йилдан ортиқ вақт шу тизимда ишладим. Охирги 4 йил ичидаги шароитни кўрмадим.

Гуруч курмаксиз бўлмайди... Андижон ва Чироқчидаги ҳолатларнинг асосий омиллари ҳақида

Бу вазиятни мен чуқур ўрганганман. Академияни тугатиб кетадиганларнинг ҳам билим савияси ҳар хил. Қизилга битириб кетганлар ҳам бор, унвонсиз кетганлар ҳам бор. Ўқиш пайтида ички тартибни бузганлиги учун берилмаган. Ишга борганидан кейин ҳам “устоз-шогирд” анъанасини жорий қилиш керак. Чунки ҳали ёшлик қилиши мумкин. Ходимлар маънавияти, маданияти, тарбияси юксак даражада бўлиши керак. Шу жиҳатларини мукаммаллаштириш учун йилига икки марта амалиётга чиқиш имкони берилади. Олдинлари фақат Тошкент шаҳрига чиққан. Мана охирги пайтларда қаердан келган бўлса ўша ҳудудга юборилаяпти. Буларнинг барчаси назорат остида бўлиши керак.

Ходимларнинг малакасини ошириш масаласига қандай қарайсиз?

Албатта, бу масала биринчи ўринда туриши керак. Мисол учун ҳар куни бир янгилик, ўзгариш. Буларни ходимлар билиши керак-ку. Ходим бизнинг низом бўйича энг кўпи билан беш йилда бир малакасини ошириши керак. Ундан ташқари, ишлаётган жойларда бир ҳафтада бир марта касбий тайёргарлик ўтилар эди. Ўзимизнинг алоҳида катта-катта китобларимиз бўлар эди. Ходимнинг малакасини ошириб бормаса, тизим сусайиб кетиши мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Тасвирчилар: Отахон Юсупов, Нуриддин Нурсаидов

Тайёрлаган:  Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид