Жаҳон | 15:35 / 14.01.2021
17807
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея олий суди мамлакат собиқ президентини 20 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги ҳукмни тасдиқлади

Пак Кин Хе 2016 йилги парламент сайловлари жараёнига ноқонуний аралашгани учун яна икки йил, жами 22 йил умрини қамоқда ўтказади. 

Фото: Globallookpress

Корея олий суди коррупция ва мансабини суиистеъмол қилишда айбланган мамлакат собиқ президенти Пак Кин Хега нисбатан чиқарилган 20 йиллик озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукмни ўз кучида қолдирди.

 Мамлакат собиқ президенти 2016 йилги парламент сайловлари жараёнига ноқонуний аралашгани учун яна икки йил, жами 22 йил умрини қамоқда ўтказади. 

 Пак Кин Хега нисбатан 2017 йил мартда импичмент эълон қилинганди. 2018 йилда биринчи инстанция суди собиқ президентни пора олгани учун 15 йилга ва мансабини суиистеъмол қилгани учун яна беш йилга озодликдан маҳрум қилганди. У шунингдек, 18 млрд вон (16 млн доллар) жаримага тортилган.

Кейинроқ апелляция суди жазо муддатини 30 йилга узайтирди. Оқибатда ҳукм бир неча марта кўриб чиқилди. Ниҳоят олий суд бу масалага нуқта қўйди.

 Шу билан бирга, "Тобуро" демократик партияси раиси Ли Нак Ён мамлакат президенти Мун Чжэ Индан Пак Кин Хе ва коррупцияда айбланиб 17 йилга қамалган яна бир собиқ президент Ли Мён Бакни афв этишини сўрашини айтди. Ли Нак Ённинг таъкидлашича, собиқ давлат раҳбарларининг афв этилиши миллий бирликка хизмат қилади.

Мавзуга оид