Ўзбекистон | 15:57 / 25.03.2022
9840
7 дақиқада ўқилади

Бир неча кун олдин водий вилоятларида газ босими тенг ярмидан ҳам пастроққа тушгани маълум бўлди

Kun.uz танқидига жавоб қайтарган “Ўзтрансгаз” табиий газ “белгиланган лимит доирасида бир маромда етказиб берилаётгани”ни иддао қилди, бироқ таҳририят суриштируви натижалари бунинг аксини кўрсатди. “Ўзтрансгаз” ёлғон кетидан ёлғон тўқияптими?

Фото: Getty Images

Сўнгги ҳафтада (Наврўз байрами арафасида ва байрам кунлари) водий вилоятларидаги аҳоли хонадонлари ва автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида газ босими пасайиб кетгани ҳақида мурожаатлар ёғила бошлади.

Жумладан, Андижон вилояти Олтинкўл тумани Бўстон маҳалласи, Шаҳрихон шаҳар Бобожонов маҳалласи, Асака тумани Эргашобод маҳалласидан фуқаролар байрам кунлари газ босими пасайиб, ўчиб қолгани бўйича мурожаат қилишган.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг бир қатор ҳудудларидаги ҳовли ҳамда кўп қаватли уйларда ҳам табиий газ босими пасайиши ҳолатлари кузатилган.

Фарғона шаҳри “Афросиёб” МФЙга қарашли Моҳларойим, Ободлик, Оқибат кўчаларидаги хонадонларда (20 мартдан бошлаб), Қиргули мавзеси “Ҳамкорлик” МФЙ Қўқон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларда газ босими пасайиши юз берган.

Ижтимоий тармоқларда юқорида келтирилган мазмундаги хабарлар тарқалганидан сўнг табиий газни аҳоли ва мижозларга сотувчи операторларга, хусусан, “Ҳудудгазтаъминот” корхоналарига етказиб берувчи “Ўзтрансгаз” АЖ байрам кунлари аҳолига газ таъминоти бўйича чекловлар киритилганини рад этди.

“Айни вазифани масъулият билан амалга ошириш, хусусан, байрам кунларида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан кафолатли таъминлаш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар йўлга қўйилган”, дейилди хабарда.

“Ўзтрансгаз”нинг газ босимига ҳеч қандай чекловлар қўйилмагани ҳақидаги хабаридан сўнг Kun.uz’нинг “Ҳудудгазтаъминот”даги манбаси мазкур хабарни инкор қилувчи ҳужжатни юборди.

“Ўзтрансгаз” АЖ томонидан 17 март куни Энергетика вазирлиги, “Ҳудудгазтаъминот”, “Иссиқлик станциялари”, “Ўзкимёсаноат” жамиятлари ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳавонинг совиши оқибатида газ босими пасайишидан огоҳлантирилган.

Ўзбекистон ҳудудида ҳавонинг совиши кутилаётгани, табиий газ қазиб олувчи ташкилотларда ва табиий газ импорти билан боғлиқ дефицит юзага келиши ва бунинг оқибатида Тошкент ва Фарғона водийси ҳудудларига борувчи тизимдаги қувурларда табиий газ босими пасаяди”, дейилади “Ўзтрансгаз”нинг рус тилидаги факсограммасида.

Kun.uz танқидидан сўнг 24 март куни такроран баёнот берган “Ўзтрансгаз” ўзини оқлашга уринди. Баёнотда жумладан шундай дейилади:

“Шу ўринда жорий йил 23 март куни Kun.uz сайтида эълон қилинган “Ўзтрансгаз”нинг ёлғон баёноти” сарлавҳаси остидаги хабарга тўхталсак. Хизмат хатининг аниқ таржимаси қуйидагича: факсограммада асосий истеъмолчилар Тошкент ва водий вилоятларида ҳаво ҳарорати тушиши натижасида табиий газ истеъмоли кескин ошиши сабабли газ транспорт тизимида босим минимал кўрсаткичларга тушиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда ишлаши ҳақида маълумот берилган, холос. Бунда чекловлар киритилиши хақида на кўрсатма ва на топшириқ бор”.

Таъкидлаш лозим, факсограммадаги “табиий газ қазиб олувчи ташкилотларда ва табиий газ импорти билан боғлиқ дефицит юзага келиши” ҳақидаги қисм идора баёнотидан тушириб қолдирилган.

Шу билан бирга, дарҳақиқат, “Ўзтрансгаз” факсограммасида чеклов ҳақида айтилмай, “Ҳаво ҳарорати тушиши натижасида табиий газ истеъмоли кескин ошиши сабабли газ транспорт тизимида босим минимал кўрсаткичларга тушиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда ишлаш” тавсия қилинади.

Биз водийнинг уч вилояти “Ҳудудгазтаъминот” жамияти диспетчерлари билан боғланиб, минимал кўрсаткич ва байрам кунлари аҳолига газ етказиб беришда чекловлар бўлганини суриштирдик. Маълум бўлишича, “Ўзтрансгаз” томонидан водий вилоятларига минимал кўрсаткичдан анча кам босим остидаги табиий газ берилган. Қуйидаги жадвал таҳрирсиз берилмоқда.

Жадвалда кўриниб турганидек:

  • “Ҳудудгазтаъминот” Фарғона корхонасига 19 март куни минимум зарур бўлган 4,0 кгс/см2 босим ўрнига унинг ярмидан сал кўпроқ – 2,1, 20 март куни эса 1,4 босимда табиий газ берилган.
  • Андижон вилоятига 19 март куни 4,7 кгс/см2 босим ўрнига 2,6, 20 март куни эса 3,0 кгс/см2 миқдорида табиий газ берилган.
  • Наманган вилояти ҳудудида ҳам 19 март куни истеъмолчиларга зарур минимумнинг ярмидан ҳам камроқ – 5,1 кгс/см2 ўрнига 2,2 берилган бўлса, 20 март куни 3,1 босим остида табиий газ берилган.

Газ босими “Ўзтрансгаз” факсограммасида айтилганидек минимал кўрсаткичда эмас, балки минималнинг ҳам ярми миқдорида бўлган. Бу эса ўз-ўзидан истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашда чекловларни келтириб чиқарган.

“Байрам кунлари магистралдаги газ босими тушиб кетганидан сўнг вилоятнинг чекка ҳудуди бўлган Пахтаобод ва Қўрғонтепа туманларида меъёрдаги босимнинг тенг ярмидан ҳам кам бўлган табиий газ берилди. Икки тумандаги метан “заправка”лар туш пайтида ўз-ўзидан ўчиб қолди. Асака, Олтинкўл ва бошқа туманларда ҳам чеклов ўз-ўзидан пайдо бўлди. Магистрал қувурларда газ босими пасайгач, ҳолатни яхшилаш учун ҳеч нарса қила олмаймиз, аҳоли, яъни мижозларнинг саволларига жавоб беришга қийналамиз”, дейди Андижон “Ҳудудгазтаъминот” катта диспетчери Абдурашид Раҳматуллаев.

Энди “Ўзтрансгаз” байрам кунлари аҳолига газ таъминоти бўйича чекловлар киритилганини рад этган хабарга қайтсак.

“Тун-у кун навбатчилик йўлга қўйилган тизим корхоналари томонидан стратегик аҳамиятга эга корхоналар, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газ учун ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган, табиий газ белгиланган лимит доирасида бир маромда етказиб берилмоқда”, дейилади “Ўзтрансгаз” баёнотида.

Хўш, “табиий газ белгиланган лимит доирасида бир маромда етказиб берилган” бўлса, газ босими нега минимумдан икки баравар кам?

Неча йиллардан бери аҳоли қиш-қировли кунларни юрак ҳовучлаб ўтказади. Табиий газ босими пасайганида истеъмолчи “Газ беринглар!” дея ҳақли талаб билан таъминотчига чиққанида “Ҳудудгаз” етказиб берувчининг қувурларида босим пасайиб кетганини рўкач қилади. “Ўзтрансгаз” муаммолар ечими борасида ҳам факсограммаси “нотўғри талқин қилингани”ни исботлашга бел боғлаганидек шижоат кўрсатса халқ кўпроқ рози бўларди.

Ёки ҳеч бўлмаганда, Kun.uz’ни “факсограммани хато таржима қилган”ликда айблаган ташкилот ўша баёнотида газ босими ҳақиқатан ҳам камайиб кетганини тан олиб қўйса яхши бўларди...

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид