Ўзбекистон | 09:15
4656
3 дақиқада ўқилади

“Амаллаб чорваларни олиб чиқиб кетдик” – сел келган Рапқондан репортаж

1 май куни соат 21:40 лар чамасида кучли ёмғир ёғиши оқибатида сув тошқини юзага келиб, Фарғона вилояти Бешариқ тумани Рапқон қишлоғининг Ворух Дашт, Янгиқўрғон маҳаллаларидаги айрим хонадонларга сув кирган. Айни пайтда тегишли ташкилотлар томонидан тошқин талафотларини бартараф этиш ишлари амалга ошириляпти. Kun.uz мухбири Рапқон қишлоғида бўлиб, ҳодиса жойидан репортаж тайёрлади.

“Уйга қайтсам, девор ва айвонлар қулаган экан” – Турсунбиби Ҳусанова

Турсунбиби Ҳусанова

“Сел келган куни, яъни 1 май соат 22:00 лар атрофида қариндошимиз юқори қишлоққа сел келибди, бизнинг қишлоққа ҳам келиш хавфи бор экан, деб қўнғироқ қилди. Ташқарига чиқсам, сув уйимизга аллақачон кириб бўлган экан. Дарҳол болаларимни уйғотдим-да, кийинтирдим.

Уйни ташлаб бошқа жойга чиқиб кетдик. Бу орада ўғлим келиб оғилда турган молимизни айвон ёнига боғлаб кетди. Эртаси куни уйимизга келсам, кўча девори ағнаган. Орқада иккита ҳожатхона бор эди, у ва ҳаммом ҳам ағнабди. Ҳовли орқасидаги тандирхона ва айвон ҳам ағнаган экан.

Лекин яхшиямки, уйнинг ичига сув кирмади. Фақат ҳаммомга кирибди. Мана, энди ҳамма ёқни тозалаб ўтирибмиз. Ҳоким келиб ҳолат билан танишиб кетди. Ҳашарчилар ёрдам беришяпти. Кўрган зарарларимиз учун қўлларидан келганича ёрдам берамиз дейишяпти”.

“5 та уйимга сув кирди. Полларни суғуриб, уй ичларини тозалаш ишларини олиб боряпмиз. Қишлоғимизга 2019 йилда ҳам сел келган эди. Унда талафот бундан кўра анча ёмон бўлган. Ҳатто аҳоли яшаш хонадонлари ҳам қулаган эди ўшанда”, дейди Илҳомжон Деҳқонов.

Зарар миқдори аниқланяпти” – Ортиқали Исомиддинов

“1 май куни кечқурун соат 21:00 ларда кучли ёмғир ёғиб, туманимизнинг Ворух Дашт маҳалласи ҳудудидаги 90 дан ортиқ хонадон ҳовлисига сув кирди. Чорва моллари, одамларга ҳеч қандай зарар етгани йўқ. Ўша кундан бошлаб Фавқулодда вазиятлар бўлими, тегишли ташкилотлар, барча ҳамжиҳат бўлиб, талафотни бартараф этиш бўйича ҳаракат бошланди.

Ишчи гуруҳ мана шу 90 дан ортиқ хонадонга кириб, зарар миқдорини аниқлаяпти. Талафот етган хонадонларга қўлимиздан келганича ёрдам берамиз”, дейди Бешариқ тумани Нуроний жамғармаси раиси Ортиқали Исомиддинов.

Ортиқали Исомиддинов

Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Аҳлиддин Алижонов тошқин оқибатларини бартараф этиш ишларига зарурий куч ва воситалар жалб қилингани, қисқа вақт ичида сел келтирган зарар бартараф этилишини маълум қилди.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид