Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентдаги онкология шифохоналари ўрнида яшил боғ ва креатив парк ташкил этилади
Тошкентда жойлашган эски Республика онкология шифохонаси ва унинг шаҳар филиали ҳудудлари хусусий секторга берилмайди. Расмийларга кўра, бу ерларда жамоат яшил боғи ва креатив индустриал парк барпо этилади.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
24 декабр куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказида ўтказилган пресс-тур доирасида мазкур муассасага қўшилаётган эски республика онкология шифохонаси ва унинг Тошкент шаҳар филиали жойлашган ҳудудлар тақдири юзасидан савол кўтарилди. Аввалроқ экофаоллар ушбу ҳудудлар ёпиқ қарорлар орқали хусусий қурилиш учун бериб юборилиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирган эди.
Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Ботирбек Исабеков ушбу масала бўйича аниқ топшириқ берилганини таъкидлади.
“Иккала ҳудуд ҳам хусусий секторга берилмайди. Иккала ҳудуд ҳам белгиланган тартибда давлат активлари агентлигига топширилади. Тошкент шаҳар онкология маркази (1000дан ортиқ ноёб дарахтлар бор) ўрнида жамоат яшил боғи, Республика онкология шифохонаси (500 дан ортиқ кўп йиллик дарахтлар бор) ўрнида креатив индустриал парки ташкил қилиниши тўғрисида аниқ топшириқ олганмиз”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, 3 йил аввал аукционга қўйилиб кейин қайтариб олинган онкология шифохоналари босқичма-босқич янги онкология шифохонасига бирлаштирилмоқда. Жамоатчилик эса уларнинг яшил ҳудудлари қурилишлар учун бериб юборилишидан хавотирда, онкология маркази ходимлари эса бунинг “навбатдаги бизнес-режа” бўлиши мумкинлигини таъкидлаётган эди.