16:24 / 09.01.2021
60853

Жакартадан учган Boeing 737 бир дақиқа ўтиб сувга қулади

Воқеага гувоҳ бўлган балиқчилар ҳавода иккита портлаш содир бўлганини кўрган.

Фото: Hafit Irawan/Shutterstock/FOTODOM

Индонезиянинг Sriwijaya Air авиакомпаниясига тегишли самолёт пойтахт Жакартадан йўлга чиққач, парвозни бошлаганидан 1 дақиқа-ю 9 сония ўтиб радарлардан йўқолиб қолган.

SJ 182 рейси билан учган самолёт бортида 62 йўловчи бўлгани айтилмоқда. Улардан етти нафари болалар, шунингдек, икки нафари чақалоқ бўлган. Радарлардан йўқолиб қолган самолёт Boeing 737-500 бўлган ва у Понтианак шаҳри томон йўл олган. Интернетда рейсда бўлган йўловчиларники экани айтилаётган рўйхат пайдо бўлди.

Маълум бўлишича, Boeing 737-500 самолёти ҳалокатга учраган. Самолёт 3 минг метр баландликка кўтарилган вақтда радарлардан йўқолиб қолган ва Лангканг ороли яқинидаги сувга қулаган. Ҳозирда ҳалокат содир бўлгани тахмин қилинаётган сувликда қидирув ишлари амалга оширилмоқда. Интернетда Boeing 737 самолётининг бўлаклари топилгани ҳақида кўплаб видеолар тарқалди. Авиакомпания воқеа тафсилотлари ҳақида маълумот бергани йўқ.

Воқеага гувоҳ бўлган балиқчилар ҳавода икки марта портлаш содир бўлганини кўрган. Қутқарув операцияси давомида сувда самолёт ва одам танасининг бўлаклари топилган.

Top