Ўзбекистон | 23:06 / 15.07.2020
10588
7 дақиқада ўқилади

Она тили ва адабиёт фани бўйича дарс соатлари нега қисқартирилаётганига изоҳ берилди

Халқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамова Telegram’даги расмий саҳифасида жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган масала – она тили ва адабиёт фани бўйича дарс соатлари нега қисқартирилаётганини изоҳлаган.

Она тилини ўқитишда эътибор сонга эмас сифатга қаратилиши керак

Бугун ижтимоий тармоқларда она тили ва адабиёт фани соатларини қисқартирилганлиги мавзуси кенг муҳокама бўлмоқда. Аввал ҳам бу бўйича вазирлик бир неча бор изоҳ ва тушунтириш берган. Бугунги муҳокамалар фонида масалага яна бир бор ойдинлик киритишга қарор қилдик.

Давлатимиз раҳбари 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш масалалари кўтарилган.

Ҳуқуқий асос

Амалдаги таянч ўқув режасини Халқ таълими вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарорига асосан амалга оширилган. Қарорда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб амалдаги ўқув режани 10 фоизга қисқартирилиши белгиланган.

Санитария қоидалари, нормалари меъёри ошиб кетган

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария шифокори томонидан 2018 йил 27 апрелда тасдиқланган Санитария қоидалари, нормалари ҳамда гигиена нормативларида 1-4-синф ўқувчиларининг ҳафталик ўқув соати жами 88 соат этиб белгиланган. Амалда бу соат 98,5 соатни ташкил этиб, белгиланган меъёрдан 10,5 соат ошиб кетган. Шу сабабли, бошланғич синфларнинг ўқув соати Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлаштирилган.

Мактаблардаги она тили фани олий маълумотли филолог тайёрлашга йўналтирилган

Мазкур фан ўқув дастурларини чуқур таҳлил қилиш натижасида унда муомалада ишлатилмайдиган қоидалар, мураккаб грамматикага оид, олий маълумотли филолог мутахассисини тайёрлашга йўналтирилган мавзулар борлиги аниқланган ва бу нарса эртага филология бўйича фаолиятини давом эттирмайдиган ўқувчи учун ортиқчалиги аниқланиб, ўқув дастурларидан қисқартирилган.

Бир нарсага эътибор қаратинг, мактабларда она тили учун ўқув юклама соати 68 соатни, хорижий тиллар учун 29 соатни ташкил қилар экан. Бир мулоҳаза қилиб кўринг, бир бола мактабга бориб битиргунга қадар мутлақо янги тилни НОЛЬдан ўрганишга 29 соат талаб қилинар эканда, ўзи билган она тили учун бу меъёр 2 баравардан ортиқни ташкил қилар экан.

Айтиш жоизки, Она тили ва адабиёт фани асосан 2-6 синфлар учун қисқартирилган. Хусусан, 5-синфда она тили ва адабиёти фанидан 30 та мавзу, 6-синфдан 17 та мавзу чиқариб ташланган, 5-синфдаги 40 та мавзу, 6-синфда 23 та мавзу юқори синфларга ўтказилган.

Яъни асосий эътиборни фанларга ажратилган соатларга эмас, балки улардан самарали фойдаланган ҳолда сифатли таълим беришга қаратилиши мақсад қилинган.

Халқаро тажриба ўрганилганда...

Етакчи олимлар, соҳа мутахассислари ва амалиётчи ўқитувчилар томонидан Она тили ва адабиёт фанининг ўқитилиши хорижий давлатларда ўқитилиши таҳлил қилинганда қуйидагилар аниқланган:

Она тили ва адабиёти фанининг ҳафталик ўқув соати Эстонияда 39 соат, Германияда 41 соат, Финляндияда 42 соат, Англияда 43 соат, Жанубий Кореяда 46 соат, Беларусда 42 соат, Қозоғистонда 58 соатни ташкил этади. Мазкур давлатлар умумтаълим мактабларида она тили ва адабиёт фани умумтаълим даврида Эстонияда 1365 соат, Германияда 1230 соат, Финляндияда 1596 соат, Англияда 1591 соат, Жанубий Кореяда 1886 соат, Беларусда 1428 соат, Қозоғистонда 1914 соат ўқитилади.

Шуларни инобатга олиб Ўзбекистон умумтаълим мактабларида она тили ва адабиёт фанининг ўқув дастурлари хорижий тажрибалар асосида ўқувчиларда тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, ёзиш ва оғзаки нутқ кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга йўналтирилган ҳолда такомиллаштирилган.

Янги умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020–2021-ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада она тили ва адабиёт фанини ҳафтада 57 соат, йиллик жами 1938 соат ўқитилиши белгиланган.

Хулоса ўрнида

Бугун таълим тизимининг асосий мақсади боланинг дарс соатларини кўпайтириш эмас, балки давлат бюджети доирасида ажратилган соатлардан имкон қадар самарали фойдаланган ҳолда таълим сифатини оширишдан иборат.

Биз ҳар бир мактаб битирувчисини филолог эмас, ўз она тилини тинглаб, ўқиб тушуна оладиган, тўғри ёзишни биладиган ва оғзаки нутқи равон бўлган шахс сифатида тарбияланишини мақсад қилганмиз.

Аввалроқ Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабларда она тили фани қисқартирилиши юзасидан изоҳ берганди.

«Бизга икки йил аввал халқ таълими тизимида ўқитиладиган фанларни оптимизация қилиш вазифаси қўйилган эди. Бунда режа 10 фоизгача қилиб белгиланган. Бу масала бизда кўриб чиқилди ва ўтган йили ўқув ишлаб чиқариш амалиёти фанлари 3,5 фоизгача қисқарган эди. Бу йил ҳам баъзи бир фанлар камайтирилмоқда. Бу ерда бир нарсага эътибор қилиш керак. Мактабларда асосий масала дарс соатлари талашиш экан. Фақат сонга ишланади ва сифатга эътибор берилмайди.

Хўп, шу пайтгача ўқитилди ҳам дейлик, лекин жуда яхши бўлган жойи йўқ-ку. Ҳамма мактабда ўқиган. Бизда грамматика масалалари жуда кўп ва она тилини ўқитиш қийин. Кўриб турганингиздек, бунинг натижасида ҳамма томон саводсизлик бўлиб кетди. Бизнинг мақсадимиз сонга эмас, сифатга эътибор қаратиш», деб айтган вазир.

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров мактабларда она тили соатлари қисқаришига тўхталиб, « Бу – миллат масаласи, биргина вазирлик даражасида қарор чиқариш керак эмас. Мактабларда она тили 2 соат, рус тили 2 соат ва инглиз тили 3 соат ўқитилиши – халқимизга ҳурматсизликдир», деганди.

Халқ демократик партиясидан Олий Мажлис депутатлигига сайланган Мавжуда Ҳасанова айрим партиялар вакиллари бу мавзу ҳамманинг кўнглига яқинлигини билиб, шовқин кўтариб, ўзини кўрсатишга уринаётгани маъқул эмаслигини таъкидлаган эди.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид