Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берди
Таҳририятга Фарғона шаҳрида яшовчи ўнлаб фуқаролардан мурожаатлар тушмоқда. Уларда айтилишича, давлат мактабгача таълим ташкилотига борувчи фарзандлари 20 феврал – жума куни уйга боғчадан соғлиги ёмонлашиб қайтган. Аксарияти иситма, кўнгил айниши, қайт қилиш ва ич кетиш белгилари билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Kun.uz билан суҳбатлашган боғча мудираси 5 нафар тарбияланувчи юқумли касалликлар шифохонасига тушганини тасдиқлаб, тайёр овқатлар аутсорсинг тарзида Қувасойдаги “Garden catering Trade” МЧЖ томонидан етказилишини айтди.
Жорий йил 20 феврал куни Фарғона шаҳридаги айрим давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ўнлаб тарбияланувчилари иситма, кўнгил айниши, қайт қилиш ва ич кетиш белгилари билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Бемор болалар орасида шаҳардаги 61-, 58-, 22- ва 2-сонли ДМТТ тарбияланувчилари борлиги айтилмоқда.
"2019 йилда туғилган ўғлим Фарғона шаҳридаги 2-давлат боғчасида тарбияланади. 20 феврал куни уйга келганидан кейин иситмалаб, ичи кетди. Поликлиникага олиб бордик. Кўрдикки, у ерда бошқа боғчалардан касалланиб келган болалар кўп эди. Суриштирсак, шаҳарнинг бошқа боғчаларидан ҳам болалар олиб келинган экан. Ўғлим ҳозирда Фарғона шаҳридаги болалар касалхонасида даволаняпти. Шифохоналар касалланган болаларга тўлиб кетган. Қувасой шаҳрида овқат тайёрланиб, Фарғона шаҳридаги болалар боғчаларига тарқатилади, гумонимиз – болалар овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин", дейди оналардан бири Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

“Болам 58-боғчага боради. 20 феврал куни уйга тоби қочган ҳолда қайтди. Боғча опаси ҳам гуруҳга ёзди, болаларга эҳтиёт бўлинглар, суюқлик беринг, овқатдан заҳарланиш бўлди, деб. Боламни касалхонага ётқиздик. Гўштдан заҳарланибди дейишяпти”, дейди шахси сир қолишини истаган яна бир фуқаро.

Таҳририят суҳбатлашган фуқаролар масъуллар ушбу заҳарланиш ҳақидаги маълумотлар тармоқларга чиқиб кетмаслиги учун ҳаракат қилишаётгани, Telegram гуруҳларда ота-оналарнинг ёзиш имкониятлари чеклаб қўйилгани, заҳарланишга оид ҳар қандай хабарлар гуруҳ админлари томонидан ўчириб юборилаётганини айтмоқда.
Kun.uz шаҳардаги 2-сонли мактабгача таълим ташкилоти раҳбари билан боғланди. Боғча мудираси 5 нафар тарбияланувчиси юқумли касалликлар шифохонасига тушганини тасдиқлаб, озиқ-овқатлар Қувасойдаги “Garden Catering Trade” МЧЖ томонидан етказилишини айтди. Масала бўйича изоҳ бериш унинг ваколатида эмаслигини айтиб, мухбирнинг бошқа саволларини жавобсиз қолдирди.
Таҳририят ихтиёрига келиб тушган ҳужжатда “Garden catering Trade” МЧЖ қўшма корхонасининг ДМТТлар учун бир кунлик тайёр иссиқ овқат жадвали келтирилади. Унга кўра, 20 феврал кунига нонуштада гречка, сутли чой, сарёғ ва нон; тушликда борш, тефтел, хонаки картошка, сабзи ва олмали салат, нон ва қуруқ мевали компот; 2-тушликда майизли кекс ва чой; кечки овқатга картошка пюре, чой ва нон кўзда тутилган.

“Garden Catering Trade" МЧЖ аввалига қўшма корхона шаклида, Иқболжон Бозоров ва Йилдирим Адемнинг тенг шериклигида таъсис этилган.
Айни пайтда МЧЖ қўшма корхона эмас ва унинг 100 фоизлик улушига Иқболжон Бозоров эгалик қилади.
Фарғона вилояти ҳокими 2024 йил 25 июлда боғчаларда соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича қарор қабул қилган.
Ҳужжатга кўра, шу йили 1 августдан бошлаб Қувасой шаҳридаги давлат боғчаларида 5 ой муддатга кейтеринг тизими жорий этилиши, таомларни тайёрлаш ва етказиш билан эса Қувасойдаги “Garden Catering” қўшма корхонаси шуғулланиши бўйича таклифлар маъқулланган.
Шунингдек, мазкур тажриба-синов натижалари ижобий бўлса, йил якунига қадар ушбу тизим Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида ҳам ташкил этилиши белгиланган. Вилоят ҳокимлиги бу тажриба Ўзбекистонда биринчи марта синов тариқасида амалга оширлаётганини қайд этганди.
Кейинроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги “Garden Catering” корхонаси фаолиятини ўрганиб, хизматларида бир қанча талабларга риоя қилинмагани, хусусан, таомларнинг рецептура тўплами, таркибий қисми ҳамда энергетик қиймати СанҚваМ 0016-21 талаблари асосида ишлаб чиқилмагани, тарбияланувчиларга етказиб бериладиган таомларни ташиш, сақлаш ва истеъмолга берилишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари бўйича тизимли ишлар белгилаб олинмаганини аниқлаганди.
Рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳокимидан Қувасойдаги кейтеринг корхонасига оид қарорини бекор қилишни талаб қилганди.
Айни пайтда Kun.uz мухбири ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда.
Мавзуга оид
13:20 / 23.02.2026
Мактаб ва боғчаларда бахтсиз ҳодисалар ошди: 2025 йилда 20 та ҳолат
12:15 / 23.02.2026
Фарғонада 62 нафар боғча тарбияланувчиси шифохонага ётқизилган
17:36 / 19.02.2026
Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарланишига оид иш судга оширилди: 11 киши айбланмоқда
11:26 / 09.02.2026