Kun.uz Фарғона шаҳридаги давлат боғчасида 6 яшар тарбияланувчи очиқ қолдирилган юқори кучланишли трансформатор устига йиқилиб, ток уриши оқибатида тана аъзолари куйиб кетгани ҳақида суриштирув эълон қилган эди. Болакайнинг отаси таҳририятга қайта мурожаат йўллаб, боғча масъуллари боланинг ҳолидан хабар олмаётганини маълум қилди.

Воқеа шу йил 18 феврал куни, янги қурилган 66-сонли давлат боғчасида рўй берган. Трансформатор пункти жойлашган ертўла усти тайинли ёпилмаган, атрофи тўсиқлар билан ўралмаган. Фақат фожиадан кейингина бу камчиликлар бартараф этилган.

Жабрланувчи боланинг отасига кўра, трансформаторни ўрнатган хусусий пудратчи-ташкилот ўтган вақт давомида унинг тузалиши жараёни билан қизиқиб турган, лекин мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъулларидан дарак бўлмаган.

Болангизни ўғлимнинг ўрнига қўйиб кўринг”

Абузар Равшанжоновнинг отаси Абдураҳмон Қодиров:

— Аввало, бундай фожиа ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Ўғлим Абузарни боғчага соппа-соғ олиб кирганман. Мана, ногирон бўлиб чиқди. 10 минг волт ток қўлидан кириб, сон соҳасидан тешиб чиқиб кетган.

Мен бошида тузалиб оёққа туриб кетади, шунчаки куйган деб ўйлаган эдим. Лекин шифокорлар чап сонидаги терисини шилиб, ўнг томонга ўтказиб ямаймиз, дейишганида ҳолат даҳшатли эканини ҳис қилдим. Кўзингиз ёнида фарзандингиз терисини шилишса... буни ҳис қилиш даҳшатли... Стресcли кунларни бошимдан ўтказяпман.
 

Абдураҳмон Қодиров

Менга алам қилаётгани – мактабгача таълим бошқармаси шу пайтгача ўғлимнинг ҳолидан хабар олмади... Икки ойдан ошибдики ҳаловатимиз йўқ, эр-хотин ухламай навбати билан болага қараб чиқамиз. Икки ойдан бери ишга ҳам бора олганим йўқ. Ўғлимнинг келажаги ҳақида ўйласам, даҳшатга тушаман.

Айб ишни қилиб ўғлимнинг тўшакка михланиб қолишига сабабчи бўлганларга айтар сўзим – озгина бўлса ҳам виждонингиз бўлса, болангизни ўғлимнинг ўрнига қўйиб кўринг...