Ўзбекистон | 16:58 / 20.11.2025
4996
3 дақиқада ўқилади

Уйлар қурилиши 2 баробарга оширилади

Президент фармонига кўра, 2040 йилга бориб Ўзбекистондаги жамики уй-жойларнинг 50 фоизини замонавий уй-жойлар ташкил этиши керак. Бунинг учун шаҳарлашув даражаси тезлаштирилади, ипотека ажратиш суръати оширилади, комплекс қурилиш тамойили жорий этилади.

Фото: Kun.uz

Президент фармони билан, Ўзбекистонда 2040 йилга қадар ҳар йили қурилаётган уй-жойлар сонини икки бараварга ошириб, 421 мингтага олиб чиқиш мақсади қўйилди.

Шунингдек, 2040 йилгача ипотека кредити портфелини 10 баравардан ортиқ кўпайтирган ҳолда, 56,7 млрд АҚШ долларига етказиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Бунинг учун қуйидагилар уй-жой соҳасини барқарор ва мувозанатли ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • йирик агломерацияларда уй-жой фондининг ўсиши ва шаҳар муҳитини ривожлантиришни таъминлаган ҳолда, урбанизация жараёнларини қўллаб-қувватлаш;
  • аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш ва “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш ишларини изчил давом эттирган ҳолда, уй-жой фондида замонавий уй-жойлар улушини 2040 йилга қадар 50 фоизга етказиш;
  • уй-жой бозорига банк молияси ва институционал инвесторлар маблағларини, шу жумладан, ипотека кредитидан фойдаланган ҳолда жалб этиш;
  • улушли қурилишга сармоя киритаётган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
  • уй-жой қурилиши соҳасини “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили асосида комплекс ислоҳ қилиш ва уни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш.

Комплекс қурилиш тамойили

Уй-жой қурилишида комплекс қурилиш тамойили жорий этилади. Бунда:

  • қуриб битказилмаган уй-жойлар ҳамда саноат ҳудудлари биринчи навбатда қурилишга жалб этилади;
  • экологик тоза маҳсулотлар ҳамда энергия тежовчи технологиялардан фойдаланган ҳолда уй-жой массивларининг муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаси олдиндан барпо этилади.

Комплекс қурилиш тамойили доирасида:

  • комплекс қурилиш дастурлари фақат очиқ ва батафсил ишлаб чиқилган режалар асосида тайёрланади;
  • комплекс қурилиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш дастурларига киритиш ёки бошқа лойиҳаларга жалб этиш ҳамда уларнинг мақсадли йўналишини ўзгартиришга йўл қўйилмайди;
  • комплекс қурилиш лойиҳаларига киритиладиган ер участкалари, кўчмас мулк объектлари ва уларнинг ҳуқуқ эгалари тўғрисида тўлиқ маълумотлар тақдим этилади;
  • лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудларнинг келгусидаги ижтимоий эҳтиёжларини инобатга олувчи комплекс ёндашувдан фойдаланилади;
  • кўчмас мулк объекти эгасининг у жойлашган ер участкасига ижара ёки мулк ҳуқуқида эгалик қилиш бўйича мутлақ ҳуқуқи кафолатланади.
Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид