Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди. Бу ҳақда президент фармони эълон қилинди.
Урбанизация қўмитасига Шерзод Давлатович Қудбиев раис этиб тайинланди. У 2020 йил май ойидан 2022 йил охиригача Солиқ қўмитасини бошқарган, 2023 йилда саккиз ой иқтисодиёт ва молия вазири сифатида ишлаб, ўша йил августида Солиқ қўмитаси раиси лавозимига қайтарилган эди.
Урбанизация қўмитаси – урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, ушбу йўналишдаги дастурларни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Қўмита ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси билан узвий ҳамкорликда ташкил этади ва амалга оширади. Бунда Вазирлар Маҳкамаси урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека дастурларини ҳамда самарали давлат уй-жой сиёсатини амалга оширишда Урбанизация қўмитасига ҳар томонлама кўмаклашади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Урбанизация қўмитаси тизимига ўтказилди.
Кадастр агентлиги директори Фаррух Пўлатов Солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланди
Қуйидаги масалаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Урбанизация қўмитаси билан мажбурий келишилиши шарт деб белгиланди:
- уй-жойлар қурилишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари;
- Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар марказлари ва бошқа агломерацияларда уй-жой ҳамда нотурар жой мажмуаларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш;
- “Янги Ўзбекистон” массивларида ва бошқа массивларда кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича йиллик мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш;







