Иқтисодиёт | 17:25 / 21.08.2019
69120
6 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов валюта бозоридаги сўнгги ўзгаришларни изоҳлади

Фото: Халқаро пресс-клуб

Иқтисодий ривожланиш маркази директори, иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистон валюта бозоридаги сўнгги ўзгаришларга изоҳ берди.

«Менимча, 2017 йил сентябрь ойида валюта бозорини эркинлаштириш билан бир вақтда нақд валютани эркин сотишни жорий этиш керак эди. Нима учун бундай қилинмаганлиги мен учун ҳалигача сир бўлиб қолмоқда. Ҳеч ким бизга аниқ тушунтириш бермади. Менинг фикримча, ушбу қарор ортида асоссиз стереотиплар ва қўрқувдан бошқа нарса йўқ эди», - дейди у.

Иқтисодчининг фикрича, нақд валютани сотишни чеклаш қора бозорда ҳамон сезиларли айланмалар сақлаб қолинишининг муҳим сабабларидан бирига айланди.

«Бироқ, ушбу чеклов олиб ташланиши билан қора бозор йўқолмайди, унинг ҳажми бироз қисқаради. Гап шундаки, қора бозор мавжудлигининг бошқа сабаблари ҳам бор: айирбошлаш шохобчаларининг етишмаслиги, уларнинг ишлаши учун чекланган вақт; айрим тоифадаги товарлар учун (масалан, маиший техника) юқори бож тўловлари ва импорт учун бошқа сунъий тўсиқлар туфайли сақланиб қолаётган контрабанда ва яширин импортнинг катта ҳажми», - дея таъкидлаб ўтди иқтисодчи.

Юлий Юсуповнинг сўзларига кўра, яқин вақтгача Марказий банк валюта курси тебранишларини назорат этишга ҳаракат қилиб келди. Энди курс эркин шаклланишга қўйиб юборилмоқда ёки, ҳеч бўлмаганда, назорат йўлаги сезиларли даражада кенгаймоқда.

«Мен илгари ҳам Марказий банкнинг сўм курсининг қулашига йўл қўймаслик бўйича ҳаракатлари хато эканини ёзган эдим. Бироқ, дунёнинг деярли барча Марказий банклари ўз вақтида бундай хатоларга йўл қўйган. Ва хатолардан хулоса чиқарган. Табиийки, биз бошқаларнинг хатоларидан ўрганмаймиз. Ўзимизникидан ўрганамиз. Ҳеч бўлмаганда шундай.

Нима учун курсни сунъий равишда ушлаб туриш имконсиз эди?

Биринчидан, эртами-кечми уни қўйиб юбориш керак бўлади, ўшанда кучли сакраш юз беради (ҳозир шу кузатилмоқда). Иккинчидан, агар девальвация инфляциядан ортда қолса (бу ҳолат икки йил давомида кузатилди), унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бундан зарар кўради. Бу сўмнинг реал айирбошлаш курси ўсишини англатади. Шу билан бирга, маҳсулотларимиз экспорти қимматлашмоқда, мамлакатга импорт эса арзонлашмоқда. Натижада ишлаб чиқарувчилар иккита зарба оляпти: уларнинг маҳсулотлари ҳам ташқи, ҳам ички бозорда рақобатбардошликни йўқотмоқда», - деди иқтисодчи.

Шу билан бирга, у айирбошлаш курсларининг қисқа муддатли тебранишларини башорат қилишнинг иложи йўқлигини қўшимча қилди.

«Бироқ, афтидан, сунъий равишда ушлаб турилган девальвация салоҳияти ҳали ҳам тўлиқ амалга ошмади. Сўм ҳали яна пасайиши мумкин. Аммо, у жуда кучли тарзда қулайди, деб ўйламайман. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, айниқса экспорт қилувчилар ютади. Импорт қилувчилар ютқазади. Аҳолини нархларнинг кўтарилиши кутмоқда. Аммо ўрта муддатли истиқболда ютади, сабаби ишлаб чиқариш ва бандлик ўсиб боради.

Ўрта муддатли истиқболда сўм девальвацияси давом этади (албатта, агар Марказий банк яна эски позицияга қайтишга қарор қилмаса): мамлакатда инфляция юқори, бизнинг асосий савдо шерикларимиз валютаси ҳам қадрсизланиб бормоқда. Девальвациянинг асосий омили - инфляция. Биз уни мақбул кўрсаткичга қадар келтирмагунимизча (йилига 2-6%), девальвация муқаррар», - дея қайд этиб ўтди Юлий Юсупов.

Иқтисодчи Марказий банк сўнгги йилларда пул бермаётгани тўғрисидаги маълумотларга ҳам изоҳ берди.

«Бунда Марказий банк тижорат банкларига тўғридан-тўғри кредит бермаётгани назарда тутилмоқда. Балки. Аммо, бу жуда айёр баёнот. Марказий банк мамлакатда барча пул таъминоти учун жавобгардир. Унинг маълумотларига кўра, инфляция учун муҳим бўлган М1 пул агрегати 1,5 йил ичида деярли 40 фоизга ўсди. Айнан шу пул эмиссиясидир. Унинг асосий манбаи - имтиёзли кредитлар бериш. Марказий банк ва иқтисодиётнинг асосий муаммоси шундаки, МБ ушбу кредит эмиссиясини назорат қилмайди, сабаби мамлакатимиз банк сектори активларининг 80 фоизидан ортиғи ҳукумат ҳамда турли давлат идораларига тегишли.

Хусусий банкларни ҳам буюртмалар асосида кредит беришга мажбурлашган. МБга масалани кўндаланг қилиб қўйишга жасорат етмаяпти: ёки биз бошланаётган банк ислоҳотини амалга оширамиз ва давлатни кредит секторидан чиқариб оламиз, ёхуд барқарор нархлар ва айирбошлаш курсини ҳеч қачон кўрмаймиз. Агар, МБга жасорат етишмаётган бўлса, келинг, унда бу саволни унинг ўрнига ўзимиз бериб қўя қоламиз», - деди у.

Юлий Юсупов, шунингдек, Ўзбекистон президенти ва ҳукуматига мурожаат қилди.

«Ҳурматли президент ва ҳукумат. Даромадга қараб яшашни ўрганиш керак. Янги объектларни барпо этиш, турли лойиҳаларни молиялаштириш бўйича барча истаклар ҳам бажарилмаслиги мумкин. Аксинча, бу аниқ мумкин эмас. Бутун иқтисодиёт бундай лойиҳалар учун нарх тўлайди: юқори инфляция ва девальвация, юқори солиқ юки билан. Келинг, аввалига хусусий секторни, ишлаб чиқаришни кўпайтирамиз, даромадларни оширамиз. Шундан кейингина биз аср қурилишлари билан шуғуллана оламиз», - дея таъкидлаб ўтди иқтисодчи.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон имтиёзли кредитлардан воз кечиши керак.

«Улар нафақат инфляциянинг асосий манбаи, балки рақобатни ҳам йўқ қилмоқда (ишлаб чиқарувчиларни тенг бўлмаган ҳолатга қўймоқда) ва тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкаларининг ошишига олиб келмоқда (банклар қандайдир тарзда имтиёзли кредитлар бўйича йўқотишларни қоплаши керак-ку). Тўғри молиявий сиёсат - иқтисодий ривожланишнинг зарурий шарти. Келинг, умумий молиямизни янада оқилона бошқарайлик», - дея хулоса қилди иқтисодчи. 

Мавзуга оид