Жамият | 01:44 / 15.04.2020
62217
4 дақиқада ўқилади

Карантинда аксар оилаларнинг моддий захираси тугамоқда: қандай чоралар талаб этилади

Kun.uz Telegram-каналида ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг 35 фоизи жамғармаси йўқлиги, салкам чорак қисми эса маблағи 10 кунгача етишини билдирди.

«Ойлик ёки кунлик даромадсиз қолсангиз, йиғиб қўйган жамғармангиз билан рўзғорингизни қанча вақт бемалол таъминлай оласиз?» деган саволга 450 мингдан ортиқ киши жавоб берди.

Сўров қатнашчиларининг 35 фоизи айтарли жамғармаси йўқлигини, 24 фоизи жамғармаси 10 кунга етишини, 26 фоизи жамғармаси бир ойга етишини билдирган.

Респондентларнинг қолган 15 фоизи жамғармасини бир ой ва ундан узоқ муддатга етади деб ҳисоблайди.

Албатта, сўровнома натижалари репрезентатив эканини тўла ишонч билан таъкидлашдан йироқмиз. Аммо иштирокчилар сони 450 минг эканидан келиб чиқсак, натижалар муайян хулосалар учун нисбий асос бўла олади.

Сўров натижасини тахминий ижтимоий кесим сифатида қабул қиладиган бўлсак, унда яқин кунларда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатни аввалдан кўра билишимиз мумкин. Оилаларнинг тез кунларда иқтисодий инқирозга учраши эҳтимоли ҳақида сўз бормоқда, демакки масаланинг нақадар жиддий эканини айтишга ҳожат йўқ.

Ҳукумат томонидан карантин шароитида иқтисодий қийин аҳволда қолган оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш – озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам давлат ҳисобидан, ҳам ҳомийлик маблағлари эвазига етказиб бериш бўйича чоралар кўриляпти, бироқ карантин даврида моддий захираси охирлаб қоладиган оилалар сони кун сайин юмалоқланаётган қордек кўпчиб боради. Буни тан олмоғимиз лозим.

Тан олиш ортидан эса вазият тақозо қилиб турган чораларни зудлик билан кўриш керак бўлади.

Биринчи навбатда кўрилиши лозим бўлган чора, кўплаб давлатлар тажрибасида қўлланаётган амалиёт – аҳолига тўғридан-тўғри пул тарқатиш. Кам таъминланган деб ҳисобланмайдиган, аммо доимий кунлик даромадисиз қолган оилалар бусиз жуда қийин аҳволда қолишини тахмин қилиш мумкин.

Қолаверса, фаолияти тўхтаган корхоналарнинг ҳомийлик ёрдамини кўрсатиш имконияти ҳам вақт ўтиши билан тобора камайиб бораверади.

Бир марталик ёрдам пули миқдори 1 млн сўм ёки ҳатто ундан ортиқ, минимал қийматда эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (634 880 сўм)га тенг бўлиши мумкин. Албатта, жараённи ташкил этиш муайян қийинчиликларни туғдиради, адолатли ва шаффоф механизмни яратишни талаб қилади.

Кейинги ўриндаги чоралардан – COVID-19 касаллиги қайд этилмаган туманларда карантин қоидаларини енгиллаштириш, мазкур ҳудудларда иқтисодий фаолиятни жонлантириш. Коронавирус қайд этилган туманларнинг бошқа туманлардан вақтинча изоляция қилинишига жиддий аҳамият қаратиш керак.

Томорқачиликни ривожлантириш учун куни кеча ҳукумат 20 минг томорқа эгасига субсидия (беғараз ёрдам) ажратишга қарор қилди. Аммо бунинг тартиби – одамлар бу ёрдамни зудлик билан олишларини таъминлаш учун керак бўлган чоралар тегишли вазирлик томонидан зудлик билан ишлаб чиқилиши лозим, яъни қарор қоғозда қолиб кетмаслиги керак. Шу билан бирга, 20 минг рақами ҳолат талабига жавоб берадими, деган савол кўндаланг турибди.

Карантиннинг давомийлигини шу тобда башорат қилиб бўлмайди, зеро бу беморлар сонига, касаллик тарқалиши динамикасига боғлиқ. Аммо юзага келган бу ҳолатдан муваффақиятли чиқиб олиш кўп жиҳатдан салбий сценарийларга тайёр туришга боғлиқ. Бу ўринда тиббиёт буюмлари ва ускуналари харид қилинаётгани, махсус шифохоналар қурилаётгани ижобий қадам. Беморлар ошиб бораётган айни кунларда эса ушбу яратилаётган инфратузилманинг қанчалик етарли экани масаласини яна бир марта қайта кўриб чиқиш ва ўтказилаётган тестлар сонини ошириш ҳам мақсадга мувофиқ.

Шокир Шарипов

Тайёрлаган:  Шокир Шарипов

Мавзуга оид