Жамият | 15:32 / 06.05.2021
51137
4 дақиқада ўқилади

Далилларга зид айблов исботини топмади. Асакада 9 ёшли қизни шафқатсизларча ўлдирганликда айбланган аёл судда оқланди

Айбланувчи ўз кўрсатмасида ИИБ ходимлари унга руҳий ва жисмоний тазйиқлар ўтказгани, қийноқларга чидай олмай 9 ёшли гўдакни ўлдиришдек мудҳиш жиноятни бўйнига олишга мажбур бўлганини айтган.

2020 йил 21 июн куни Асака туманининг Кужган МФЙ, Мўдай кўчасида мудҳиш ҳодиса юз берди. 9 ёшли норасида гўдак ўта шафқатсизлик билан ўлдириб кетилди. Бу ҳодиса бутун Андижон халқини ларзага солди десак адашмаган бўламиз.

Андижон вилоят прокуратураси олиб борган дастлабки тергов ҳаракатлари якунига кўра, жиноятни Асака туманида яшовчи Асрорахон Ҳамдамова содир этган деб топилди. У 9 ёшли Қ.И.ни ўзининг ўғрилик жиноятини яшириш мақсадида ўта шафқатсизлик билан, танасининг турли жойларига 17 марта пичоқ уриб ўлдирганликда айбланди.

Бундан ташқари, А.Ҳамдамова мазкур жиноят иши доирасида ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларини содир этганликда ҳам айбланган.

А.Ҳамдамовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг:

  • 169-моддаси 2-қисми «б, г» бандлари – уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, анча миқдорда содир этилган ўғрилик;
  • 168-моддаси 1-қисми – фирибгарлик яъни, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш;
  • 164-моддаси 3-қисми «в, г» бандлари – уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, баданга оғир шикаст етказган ҳолда содир этилган босқинчилик;
  • 97-моддаси 2-қисми «в, ж, и» бандлари билан – ожиз аҳволдаги шахсни, ўта шафқатсизлик билан тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдиришга оид айбловлар қўйилган

А.Ҳамдамова тергов даврида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, мазкур иш Андижон вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб, А.Ҳамдамовага илгари сурилган асосий айбловлар юзасидан оқлов ҳукми чиқарилган.

Манбага кўра, суд-тиббий экспертизасининг 2020 йил 29 июндаги хулосасида, марҳума Қ.И.нинг ўлими 17 та санчилган-кесилган жароҳатлар натижасида ўткир ички ва ташқи қон кетишидан юз бергани, унга ўлимидан аввал жинсий зўравонлик ишлатилгани, жинсий аъзоларидан сперматозоидлар аниқлангани кўрсатилган.

Шунингдек, суд-дактилоскопик эскпертизасининг 2020 йил 26 июндаги хулосасида, қотиллик содир этилган хонада 4 нафар номаълум шахсга тегишли бармоқ излари топилгани, судланувчи А.Ҳамдамовага тегишли бармоқ излари қотиллик содир этилган хонадондан умуман аниқланмагани кўрсатилган.

Судланувчи А.Ҳамдамова дастлабки тергов ва судда айбига иқрорлик билдирмасдан, марҳума Қ.И.ни қасддан ўлдирилиши ва ўғирлик жиноятларга алоқаси йўқлигини, марҳумадан сперматозоидлар аниқланганини, шу боис жиноятни эркак киши содир қилгани аниқ эканини, ноҳақдан айбланаётганини кўрсатиб, дастлабки терговда унга нисбатан ушлаб туриш мажбурлов чораси қўлланилиб, У.Каримов, С.Жабборов ва бошқа ИИБ ходимлари руҳий ва жисмоний тазйиқлар остида сўроқ қилишганини, қийноқларга чидай олмай Қ.И.ни қасддан ўлдирганига иқрор бўлишга мажбур бўлгани ҳақида кўрсатма берган.

Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг шу йил 5 майдаги ҳукми билан судланувчи Асрорахон Ҳамдамова Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг «в, ж, и» бандлари, 164-моддаси 3-қисми «в, г» бандлари, 169-моддаси 2-қисми «б, г» бандлари билан айбсиз деб топилди ва оқланди.

А.Ҳамдамова Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан айбли деб топилиб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, унга қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилинган ва суд залида қамоқдан озод этилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 230-моддаси 2-қисмига кўра, терговчи ёки прокурор томонидан айбсизлиги аён бўлган шахсни оғир ёки ўта оғир ижтимоий хавфли қилмиш содир этганликда айблаб жавобгарликка тортиш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид