17:46 / 24.08.2021
11711

«ОАВ муаммоларни борича айтмоқда» — Президент экологик вазият оғирлашиб кетишида ҳокимларни айблади

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида экология муаммоларига бағишланган йиғилишда Самарқанд вилоятидаги Зарафшон қўриқхонасидаги ҳолат ҳам муҳокама этилди.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Зарафшон қўриқхонасидаги вазият ҳақида маълумот берди ва ўзи бу ердаги муаммолардан шу пайтгача бехабар бўлганини, энди жиддий шуғулланишини билдирди.

«Вазият бундай оғирлашиб кетишига биринчи навбатда ҳокимлар айбдор. Буларни айтган оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳамма ёмон кўради. Лекин мен уларни яхши кўраман, чунки бор муаммоларни борича айтишади.

Дарахт қолмади, қуш қолмади қишлоқда! Ўзинг [Э. Турдимовга қарата] ўсган Қўшработда қалдирғочсиз уй йўқ эди, қани шулар?

Экология раҳбарини ишдан олдим, бош вазир бошчилигида бутун тизим янгиланади, керак бўлса субсидиялар берамиз», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент Самарқанд шаҳри марказини кўчириш бўйича қилинаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам гапирди.

Самарқанд шаҳри маркази туристик марказ бўлиши кераклиги, сайёҳлар ва шаҳар аҳолиси тарихий ҳудудда эркин нафас олиши зарурлиги таъкидланди.

Бундан аввалроқ Kun.uz сайтида Зарафшон дарёси карьерлар фаолияти (фойдали қазилма ва қум-шағални очиқ усулда қазиб оладиган корхона) туфайли қуриб бораётгани, бундан атрофдаги ҳудудда экологик ҳолат ёмонлашиб бораётгани ҳақида мақолалар эълон қилинганди.

Top