Жаҳон | 19:05 / 29.04.2026
3690
4 дақиқада ўқилади

“Суиқасдга уриниш” Трампнинг рейтингига қандай таъсир қилади?

Оқ уй матбуот хизматига кўра, сўнгги икки йилда Доналд Трампга нисбатан уч марта суиқасд уринишлари қайд этилган. 2024 йилги сайлов кампанияси вақтидаги қонли саҳна унга обрў келтирган эди. Бироқ Hilton'даги отишмадан кейинги сўровларга қараганда, воқеа Трампнинг рейтингига деярли таъсир қилмаган.

Бу ҳақда “Геосиёсат” дастурида сиёсий шарҳловчилар Ҳикматилла Казакбаев ва Камолиддин Раббимов сўз юритди.

Ҳикматилла Казакбаев: 27 апрел куни ўтказилган ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, рейтинг деярли ўзгармаган. Ҳозирги кўрсаткич 37,1 фоиз атрофида сақланиб қолмоқда. 2025 йилги натижалар билан солиштирганда бироз пастроқ, аммо барибир жуда ёмон даражада эмас.

Бироқ муҳим бир жиҳат бор: аввал бетараф бўлган сайловчилар орасида Доналд Трамп сиёсатига қаршилар сони ортиб бормоқда. Уни қўллаб-қувватламаётганлар 37 фоиз атрофида бўлса-да, фаол қаршилар улуши 54–56 фоизгача етган. Яъни Трамп сиёсатини қўлламайдиганлар сони кўпроқ, бетарафлар эса тобора камаймоқда.

Тарихан қаралганда, АҚШда президент рейтингининг 40 фоиз атрофида бўлиши одатий ҳол ҳисобланади. Энг паст кўрсаткич Гарри Труман даврида, 1952 йилда қайд этилган – 22 фоиз. Бу АҚШ тарихидаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, Трампнинг 37 фоиз атрофидаги рейтингини ўртача даража деб баҳолаш мумкин.

Одатда АҚШда президентни қўллаб-қувватлаш даражаси 40–44 фоиз оралиғида бўлади, 50 фоиздан ошиши эса камдан кам учрайди. Бундай юқори кўрсаткич сўнгги бор Барак Обама президентлигининг илк йилларида кузатилган.

Президент рейтингига штатлар кесимида ҳам катта фарқлар таъсир қилади. Республикачилар кучли бўлган жанубий штатларда Трампнинг қўллаб-қувватланиши юқорироқ, масалан: Алабама, Арканзас, Монтана ва Айдаҳо штатларида 52–53 фоиз атрофида. Аксинча, демократлар устун бўлган штатларда — Калифорния, Мериленд ва Делаверда унинг рейтинги 20–25 фоиздан ошмайди.

Умуман олганда, АҚШда сиёсий бўлиниш штатлар кесимида аниқ кўринади: демократ штатлар одатда республикачи номзодларни кам қўллаб-қувватлайди ва аксинча. Бу ҳолат айниқса оралиқ сайловларда сезиларли таъсир кўрсатади. Амалиёт шуни кўрсатадики, ҳокимиятда қайси партия бўлса, оралиқ сайловларда кўпинча ўша партия мағлубиятга учрайди.

Ҳозирги рейтинглар ҳам ноябр ойидаги сайловлар учун муайян сигнал бермоқда. Айниқса, республикачилар учун Вакиллар палатасида кўпчиликни қўлга киритиш эҳтимоли юқори бўлиши мумкин. Бироқ якуний натижалар, одатдагидек, штатлар кесимидаги кайфиятга бевосита боғлиқ бўлади – айрим ҳудудларда вазият бошқача, бошқаларида эса мутлақо тескари.

Камолиддин Раббимов: Доналд Трамп ҳокимиятга келган пайтидагига нисбатан ҳозир унинг рейтинги сезиларли даражада пасайган. Тахминан 8–10 пунктлик тушиш – бу жиддий пасайиш ҳисобланади.

Бунинг бир нечта асосий сабаблари бор. Биринчидан, Эрон билан кескинлашган муносабатлар ва ҳарбий танглик фонида нефт ҳамда бензин нархлари ошди, бу эса АҚШда инфляциянинг кучайишига олиб келди. Иккинчидан, Эпштейн файллари билан боғлиқ можаро ҳам жамоатчилик кайфиятига салбий таъсир кўрсатди. Учинчидан, Трамп олиб борган бож сиёсати натижасида асосий харажат юки кўп ҳолларда америкалик истеъмолчилар зиммасига тушяпти.

Аслида, Трамп ҳокимиятга келишидан олдин америкаликларга муҳим ваъдалар берган эди: у мавжуд савдо келишувларини қайта кўриб чиқиб, нархларни пасайтириш ва истеъмолни кенгайтиришга эришишини таъкидлаган. Бироқ амалда айрим ҳолларда тескари натижа кузатилди – нархлар ошди. Бу эса, табиий равишда, унинг рейтингига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу сабабли ҳам Трампнинг ташқи сиёсатда, хусусан Эронга нисбатан кескин баёнотлари кучайиб бормоқда. У бундай босимнинг оқибатида нархлар янада ошиб кетиши мумкинлигини яхши тушунади.

Тўлиқ суҳбатни YouTubeʼдаги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид