Жаҳон | 15:12 / 25.08.2020
8771
2 дақиқада ўқилади

Роспотребнадзор кўршапалакларда коронавирусларни текширишни бошлади

Роспотребнадзор ташкилоти Россиянинг турли ҳудудларида тарқалган кўршапалакларда коронавируслар бор-йўқлигини текширишни бошлади. Бу ҳақда ташкилотда маълум қилинди. Бу лойиҳа вируснинг тарқалиш йўлларини ва эпидемик хатарларни баҳолаш имконини беради.

Фото: Flickr

“Роспотребнадзорнинг Эпидемиология илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари Россиянинг турли ҳудудларида: Москва шаҳри ва Москва вилоятида, Марказий-Чернозём минтақаси ва Жанубий федерал округида (Воронеж ва Волгоград областлари, Краснодар ўлкаси) яшовчи кўршапалакларда коронавируслар бор-йўқлигини билиш бўйича катта кўламли тадқиқотлар олиб бормоқда”, деб маълум қилинган хабарда.

Ташкилотда кўршапалакларнинг турфа хил турларида коронавируслар учрашини баҳолаш, уларда топилган вирусларнинг маълум бўлган вируслар билан яқинлиги даражасини аниқлаш, ҳайвонлар ўтказувчи коронавируслар биологик турфа хиллиги ҳақида маълумотлар олишни режалаштирган. Шунингдек, кўршапалаклар ҳаракатланиши харитасини таҳлил қилиш ва вируслар тарқалиши йўлларини баҳолаш кўзда тутилган. Тадқиқотлар олимларга эҳтимолий эпидемик хатарларни аниқроқ ва тўлароқ баҳолашда ёрдам беради.

Олимларнинг маълум қилишича, улар шу мақсадда бир қатор ҳудудларда, жумладан, Москва, Воронеж ва Волгоград областлари, Қора денгиз соҳилларида кўршапалаклардан кўп миқдорда биологик намуналар тўплашган. Кўршапалаклардан намуналар олингач, улар қўйиб юборилган. Ҳаммаси бўлиб 1,5 мингтадан кўпроқ кўршапалакни ўрганиш режалаштирилган.

Янги турдаги коронавирус билан касалланишнинг илк ҳолатлари Хитойнинг Уҳан шаҳрида қайд этилганди. Вируснинг тарқалиш ўчоғи ёввойи ҳайвонлар сотиладиган маҳаллий бозор бўлгани тахмин қилиниб келинади, бироқ бунинг аниқ исботи йўқ ва коронавирус манбаси ҳали топилмаган. ЖССТнинг тахмин қилишича, коронавирус одамларга ҳайвонлардан юққан ва вируснинг дастлабки манбаси кўршапалаклар бўлган.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид