Жамият | 08:25 / 06.06.2026
5950
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда уйни икки марта сотган ака-укага жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳрида қимматбаҳо уйни сотиш баҳонасида харидордан 363 минг АҚШ доллари олиб, кейинчалик ушбу уйни бошқа шахсга сотиб юборганликда гумонланаётган икки шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Сунъий интеллект чизган сурат

Маълум қилинишича, ака-ука ўзларига тегишли уйни сотувга қўйган. Уйга харидор сифатида Учтепа туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро қизиқиш билдирган.

Томонлар ўртасидаги музокаралардан сўнг дастлаб бир миллион АҚШ долларига баҳоланган уйни 900 минг АҚШ долларига сотиш бўйича келишувга эришилган. Харидор сотувчиларнинг фикридан қайтиб қолишидан хавотирланиб, олдиндан 363 минг АҚШ доллари берган ва қолган маблағни уй расмийлаштирилгандан кейин тўлашини билдирган.

Бироқ орадан вақт ўтиб, уй сотувчилари ваъдаларини бажармаган. Натижада харидор ўзини алданган деб ҳисоблаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.

Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан 1986 йилда туғилган ҳамда 1987 йилда туғилган ака-укага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов давомида гумонланувчилар харидордан олдиндан катта миқдорда пул олганига қарамай, мазкур уйни бошқа шахсга сотиб юборгани аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид