Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Белгород областида Ил-76 қулади. Унинг бортида украин асирлари бўлгани айтилмоқда
Самолёт бортида 70 дан ортиқ киши бўлган. Россия томони бортдагилар алмашиш учун олиб кетилаётган украин асирлари бўлганини айтмоқда.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Россиянинг Белгород области Яблоново қишлоғи яқинида Ил-76 русумли ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учради. Бу ҳақда дастлаб «112» телеграм-канали хабар тарқатди. Канал бортда 63 киши бўлгани ва ҳеч ким омон қолмаганини маълум қилди. 63 киши ҳалок бўлгани ҳақида россиялик ҳарбий мухбир Юрий Котенок ҳам хабар қилган, у бу маълумотни қаердан олганига аниқлик киритмаган.
Белгород области губернатори Вячеслав Гладков айнан нима бўлганини очиқламаган ҳолда Корочанск районида рўй берган «ҳодиса» ҳақида ёзди. «Ҳозирда воқеа жойида тергов гуруҳи ва ФВВ ходимлари иш олиб бормоқда. Ўз иш графигимни ўзгартирдим ва ҳудудга йўл олдим. Барча тафсилотлар кейинроқ», — деган унинг хабарида.
Кўп ўтмай Россия мудофаа вазирлиги Ил-76 ҳалокатини тасдиқлади. Вазирликка кўра, бортда алмашув учун Белгород областига олиб келинган украиналик 65 нафар ҳарбий асир, самолёт экипажининг олти аъзоси ҳамда уч нафар кузатиб борувчи бўлган. Ҳарбий идора самолёт режали парвозни амалга ошириш чоғида ҳалокатга учраганини маълум қилган. Ҳаво-космик кучлари комиссияси «ҳалокат сабабларини ўрганиш» учун воқеа жойига йўл олган.
Кейинроқ Гладков бортда бўлганларнинг ҳеч бири омон қолмаганини тасдиқлади.
«Блэтгород» телеграм-каналида Белгород атрофида самолёт ҳалокатга учрагани акс этган видео жойлаштирилган.
«Украинская правда»нинг Украина қуролли кучларидаги манбаси самолёт ҳалокати — Украина қуролли кучларининг «иши» экани ҳақида хабар берди. Нашрнинг Бош штабдаги суҳбатдоши ушбу самолёт ракеталар олиб кетаётган бўлганини айтган. Маълум вақт ўтиб «Украинская правда» ўз хабарини таҳрирлаб қўйди. Энди у ерда фақат Украина қуролли кучларидаги манба самолёт қулагани фактини тасдиқлагани ҳақидаги маълумот қолган. Нашр суҳбатдоши самолёт Харкив областини ўққа тутишда қўлланадиган С-300 комплекслари учун ракеталарни ташиганини айтган. Ил-76 ҳалокати — «Украина қуролли кучларининг иши» экани ҳақидаги маълумот материалдан олиб қўйилган.

Украина мудофаа вазирлигидаги манба «Суспiлне» нашрига Ил-76 Украина ҚК томонидан ўққа тутилгани ҳақидаги маълумотни ҳозирча тасдиқлай олмаслиги, «маълумот ҳали ўрганилаётгани»ни билдирган.
«112» телеграм-каналида Ил-76 ҳалокатга учраган жойдан фотосуратлар эълон қилинди. Самолёт Яблоново қишлоғидан беш-олти километр масофада қулаган, ерда вайронгарчиликлар рўй бермаган. Бу ҳақда ТАСС Яблоново қишлоғи ибодатхонаси бош руҳонийси Димитрий Солунскийга асосланиб хабар берган. «Қишлоқда ҳеч нарса шикастланмаган, у қишлоқдан ташқарида, далада қулаган, беш-олти километр нарида», — деган руҳоний.


SHOT ва Mash манбалари тасдиқлашича, Россия ва Украина ўртасида 192 га 192 формуласи бўйича асирлар алмашинуви 24 январ кунига белгиланганди. Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполовнинг айтишича, Белгород областида самолёт ҳалокатидан кейин ичида украиналик асирлар бўлган яна бир Ил-76 самолёти ортига қайтган. Унинг сўзларига кўра, бу самолётда ҳам 80 нафар атрофида асир бўлган. У энди асирлар алмашинувида танаффус бўлишини айтган.
Кремл самолёт ҳалокати бўйича изоҳ бермади. «Бу янги хабар. Энди бу маълумот ўрганилади. Ҳозирча ҳеч нарса айта олмайман», — деган журналистларга РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Давлат думаси раиси Вячеслав Володин Ил-76 ҳалокати муносабати билан АҚШ Конгресси ва бундестагга мурожаатнома тайёрлашга топшириқ берган. Унинг фикрича, бу ғарблик депутатлар «ниҳоят кимни молиялаштириб, кимга ёрдам бераётганини фаҳмлаши учун» зарурдир.
- Белгород областида Ил-76 ҳалокатга учрагани ҳақида хабарлар тарқалишидан бир соат олдин Белгородда ракета ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантириш берилган ва аҳолига хавфсиз жойларга яшириниш ҳамда деразалардан узоқроқда бўлиш тавсия этилганди. Тахминан ярим соат вақт ўтиб, регион раҳбари ракета хавфи сигнали бекор қилинганини маълум қилган.
Мавзуга оид
16:41 / 28.10.2025
Украина Белгород сув омбори тўғонини вайрон қилди. Бу фронтга қандай таъсир кўрсатади?
21:07 / 27.03.2025
Белгород областидаги жанглар ва эвакуация: нималар бўлмоқда?
10:33 / 20.03.2025
Россиядагилар Украина Белгород областига янги ҳужум бошлаганини хабар қилмоқда
14:42 / 10.12.2024