Сешанба кунидан бери Россиядаги ҳарбий манбалар Украина қуролли кучлари қуруқлик орқали Белгород областига ҳужум уюштираётгани ҳақида хабар бермоқда. Уларнинг маълумотларига кўра, Украина бўлинмалари регион шимоли-ғарбидаги Краснояружский районида, Курск области билан туташган нуқтада Россия чегара мудофаасини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда.

Украина қўшинлари яқинда Курск областининг 2024 йил августидан буён эгаллаб турилган Суджа районининг катта қисмидан чекинди, аммо Гуево қишлоғи яқинида ва Р200 Суми-Юнаковка-Суджа йўли бўйлаб Гоголевка қишлоғи ва Олешня назорат-ўтказиш пункти яқинида Россия ҳудудининг чегара участкаларини ушлаб туришда давом этмоқда.

Ўз навбатида, Россия армияси Р200 трассасидан ғарбда, Новенкое қишлоғи яқинида Украина ҳудудининг кичик бир қисмини эгаллаб олган. Бу участкаларнинг барчасида Россия армияси ҳужум қилмоқда, бу ҳудудларда жанглар тўхтамаяпти.

Россия ҳарбий каналларида айтилаётган Украинанинг янги ҳужумлари Курск областида қолган (Гуево ҳудудидаги) кичик плацдармдан тахминан 25-30 км жануби-шарқда кузатилмоқда.

Бу чалғитувчи зарба бўлиши ҳам, Украина қуролли кучларининг Россиянинг «Север» гуруҳи кучларини ёйиб юборишга қаратилган умумий стратегиясининг бир қисми бўлиши ҳам мумкин. Умуман олганда, бундай ҳужумлар бутун ҳозирги ҳарбий кампания учун хос ҳисобланади.

Бўлинмалар Суджа ҳудудидан олиб чиқилгач, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги ихтиёрида бўш захиралар пайдо бўлди, Курск областидаги рус гуруҳи қўмондонлиги эса ҳали ҳам асосий вазифа – бутун Россия ҳудудини озод қилиш билан банд.

Россия мудофаа вазирлиги 18 март куни расмий равишда АҚШ ва Россия президентларининг телефон суҳбати атрофида «салбий фон яратиш» ҳамда Доналд Трампнинг «тинчлик ташаббусларини обрўсизлантириш» учун Украина соат 5:50 да Белгород области ғарбида Демидовка ва Прилесе аҳоли яшаш манзиллари йўналишида «Украина қуролли кучлари бўлинмаларининг бостириб киришга уриниши» амалга оширилганини маълум қилди.

Россия ҳарбийлари маълумотига кўра, сешанба куни Украина қуролли кучлари Белгород области йўналишида беш марта ҳужумга уриниш амалга оширган, охиргиси – соат 17:30 дан 18:45 гача. Барча ҳужумлар қайтарилди, дея маълум қилди Россия мудофаа вазирлиги.

Вазирлик баёнотига кўра, Белгород йўналишидаги ҳужумларга 200 нафаргача украиналик ҳарбий хизматчи ва 29 та ҳарбий техника, жумладан, бешта танк, 16 та зирҳли жанговар машина, учта муҳандислик тўсиқларни бартараф этиш машинаси жалб этилган.