Тўғон бўйлаб зарбалар тўғрисидаги илк хабарлар ОАВда 24 октябр куни тонгида пайдо бўлганди. Ўшанда Белгород области расмийлари ҳудудда ракета зарбаси хавфи мавжудлиги ҳамда Графовка қишлоғи ўққа тутилгани ҳақида хабар берганди, тўғон бошқаруви бинолари айнан шу қишлоқда жойлашган.

25 октябр куни област губернатори Вячеслав Гладков сув омбори тўғонига зарар етказилгани тўғрисида хабар қилди.

«Душман яна бир бор зарба бериб, тўғонни бузишга уриниб кўриши мумкинлигини тушунамиз. Агар бу содир бўлса, Харкив области томонда сув дарё ўзанидан тошиб чиқиши ҳамда 1000 га яқин киши яшовчи аҳоли пунктларимизнинг бир нечта кўчаларини сув босиш хавфи пайдо бўлади», – деган у.

Губернатор атрофдаги ҳудудлар – биринчи навбатда Безлюдовка ва Новая Таволжанка қишлоқлари аҳолисини эвакуация бўлишга чақирган.

Катта эҳтимол билан, 26 октябр тонгида тўғон бўйлаб такрорий зарба йўлланган.

Украина ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. 26 октябр куни кечқурун Украина қуролли кучлари Пилотсиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровди («Мадяр» лақаби билан танилган) Белгород сув омборида «ёриқ пайдо бўлгани» ва у ерда сув ҳажми бир метрга пасайганини айтди. У бу зарба унинг қўли остидагилар томонидан йўлланганини қайд этган.

«Бу ташриф Пилотсиз тизимлар кучларининг 1-алоҳида маркази қушчалари томонидан амалга оширилди. Операция „Дамба, нимадир бўлса, чида!“ номини олган, аммо, кўриниб турибдики, дамба бироз бузилган», – дея ёзади «Мадяр».

Бу вақтда эса Россия нашрлари ва ҳарбий мухбирларининг хабарларида Украина сув омбори тўғонига HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимларидан ҳам ракеталар учиргани айтилган.

Ҳужумлар натижасида йўл, ускуналари бўлган бир нечта иншоотлар ва бир ёки иккита шлюзнинг механизмлари жиддий шикастланган, шунинг учун назоратсиз сув чиқиши бошланган. Буни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган фото ва видеоларда кўриш мумкин.

Белгород сув омбори ҳақида нималар маълум?

Сув омбори 1985 йилда Шимолий Дон дарёсида, Белгороддан 10 км жанубда қурилган. Дастлаб ушбу иншоотдан минтақадаги саноатни сув билан таъминлаш учун фойдаланиш режалаштирилганди, аммо кейинчалик сув омбори бу аҳамиятини йўқотиб, рекреацион ҳудудга айланди.