Ўзбекистон | 13:04 / 03.11.2023
16208
4 дақиқада ўқилади

Мирзиёев туркий давлатлар алоқаларини кенгайтиришга қаратилган 6 таклиф билдирди

Глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб аҳамиятга эгалиги таъкидланиб, минтақа давлатлари темирйўл идоралари кенгашини таъсис этиш ва бу тузилма дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштириш таклиф этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида саммитга аъзо давлатлар алоқаларини кенгайтиришга қаратилган таклифларини илгари сурди.

«Туркий давр» шиори остида ўтаётган бугунги саммитимизда кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларимизни янада кенгайтиришга қаратилган қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчиман.

Биринчидан, ташкилот доирасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлаш, биргаликда турли тўсиқларни самарали енгиб ўтиш бош мақсадимиздир.

Шу муносабат билан Туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган «Туркий дунё хартияси»ни ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман. Ушбу ўзига хос рамзий қомусни соҳанинг етук олимлари ва экспертлар иштирокида тайёрлашни таклиф қиламан.

Иккинчидан, шу кунларда Туркий инвестиция фонди ўз ишини бошлайди. Давлатларимиз ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида кейинги босқичда Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини ҳам фаоллаштиришимиз керак. Ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштиришга тайёрмиз.

Учинчидан, Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тўлиқ маъқуллаймиз. Келгусида Марказ имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда, биргаликда савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур.

Тўртинчидан, глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб аҳамиятга эга.

Юк ташувларига ўсиб бораётган талабни қондириш мақсадида Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш чораларини қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, қўшимча кўптармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган коридорларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш тарафдоримиз.

Давлатларимиз Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этишни ва бу тузилманинг дирекциясини юртимизда жойлаштиришни таклиф этамиз.

Бешинчидан, экология соҳасида кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз.

Қадимдан аждодларимиз она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб яшаганлар. Афсуски, бугунги кунда табиатга нисбатан истеъмолчилик кайфияти кучайиб бормоқда. Иқлим ўзгаришлари туфайли юзага келаётган турли муаммолардан бутун инсоният қаттиқ азият чекмоқда. Бундай ҳолат барчамиздан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилмоқда.

Вазирлар даражасида доимий фаолият кўрсатадиган Туркий экология форумининг тузилиши бу йўлда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Бундай таъсирчан механизм ташкилотимиз фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган режаларимизга мосдир.

Олтинчидан, туркий цивилизацияни юксалтириш ғояси технологик тараққиёт ва илғор билимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бевосита боғлиқдир.

Ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшларимиз истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этишига ишончим комил. Бу йўлда уларга буюк аждодларимиз яратган илмий кашфиётлар ва маънавий мерос мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш ўринлики, ўтган асрда яшаган жадид боболаримизнинг ибратли фаолияти, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш юзасидан аъзо мамлакатларда катта ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида жорий йилнинг декабрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган «Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари» мавзусидаги халқаро анжуманда вакилларингизни фаол иштирок этишга таклиф этамиз.

Шу билан бирга, янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман», деди Ўзбекистон президенти.

Мавзуга оид