Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Туркий давлатлар ташкилотининг “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этди.

Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев қатнашди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилиб, кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва амалий шерикликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон раҳбари нутқининг аввалида Буюк ипак йўлининг муҳим савдо ва маданият маркази ҳисобланган Туркистон шаҳрида норасмий саммит юксак даражада ташкил этилгани учун Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга ташаккур изҳор этди.

Шунингдек, ТДТдаги самарали раислиги ҳамда тузилманинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари учун Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга миннатдорлик билдирди.

Туркий дунё интеграцияси қардош халқларимиз тақдирига бевосита дахлдор бўлган узоқ муддатли стратегик масалага айланаётгани таъкидланди.

– Бугунги учрашувимиз жаҳонда турли зиддиятлар тобора авж олаётган даврга тўғри келмоқда. Халқаро муносабатларда ишонч тақчиллиги янада кучайиб, глобал институтларнинг ўрни ва таъсири борган сари заифлашмоқда. Бу муаммолар биздан ўзаро мулоқотларни фаоллаштириб, муҳим масалалар бўйича уйғун позицияларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда, – деди Ўзбекистон президенти.

Сўнгги йилларда Туркий давлатлар ташкилоти барқарор ривожланиш суръатларини намойиш этаётган нуфузли тузилмага айланди. Жумладан, 2025 йилда давлатларимиз умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошди ва унинг динамикаси глобал ўсишдан икки баробар юқори бўлди.

Ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдо айланмаси 14 фоизга ўсди. Жорий йилдан Туркий инвестиция жамғармаси операцион фаолиятини бошлади. Марказий банклар кенгаши, “яшил” молиялаштириш бўйича Туркий кенгаш иши йўлга қўйилди.