Ўзбекистон | 16:12 / 27.03.2021
9393
6 дақиқада ўқилади

Республикадаги илк рақамли божхона пости қандай ишлайди? 

Янтарб ускунаси, интерфаол монитор ва инсон аъзоларини сканер қилувчи қурилма. Давлат божхона қўмитаси ОАВ вакиллари учун республикадаги энг йирик божхона постларидан бири бўлган «Яллама» чегара божхона постига пресс-тур ташкил этди.

Божхона соҳасини шаффофлаштириш, тизимда ахборот-коммуникация воситаларини жорий қилишга доир самарали ишлар амалга оширилган. Бунинг натижасида республикага кириб келаётган юк транспорт воситаларининг кириши ва чиқишини онлайн назорат қилиш имконияти пайдо бўлмоқда.

Юк транспорт воситаларининг кириш тартиби қандай?

Юк автотранспорт воситаси Қозоғистоннинг «Қосимбоев» чегара божхона постидан «Яллама» чегара божхона постига кириб келиши биланоқ автоматлаштирилган дезинфекция қилиш ишлари амалга оширилади. Сўнгра, замонавий Янтарь ускунаси воситасида транспорт воситасида республика ҳудудига кириб келиши мумкин бўлган радиофаол моддалар бор-йўқлиги назоратдан ўтказилади. Мабодо, шундай моддалар бор бўлса, 5 сонияда божхона постига ишора юборилади ва хатар тартиби эълон қилинади.

Шу вақтнинг ўзида юк машинаси ўқларига тушаётган оғирлик ҳамда транспорт воситасининг умумий вазни ўлчанади, шу вақтда транспорт воситасини автоматик аниқлаш тизими ишлайди, унинг давлат рақами суратга олиниб, барчаси Марказлашган ҳолда ягона серверга жойланади. Ҳайдовчи чегара назоратидан ўтгач, божхона кўригидан ўтади ва Ўзбекистон ҳудудига киради.

Бу ишларнинг барчасига 15 дақиқа, божхона назоратига эса, 5 дақиқа вақт сарфланади.

«Вазирлар Маҳкамасининг 912-сонли қарорига мувофиқ, ҳар бир автотранспорт воситаси ҳаракати учун жами 15 дақиқа сарфланади. Божхона расмийлаштирувларига 5 дақиқа берилган. Божхона кўригидан ўтгач, ҳудуддан ташқарига чиқиб кетади. «Яллама» чегара божхона пости бир кунда 1000тагача юк транспорт воситаларига хизмат кўрсата олади. Пандемиядан аввал, бу постдан бир кунда 600-700та юк машиналари ўтган бўлса, бугунги кунда бу рақам 300-350тани ташкил этмоқда», - дейди смена бошлиғи.

 Давлат Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Алишер Дўстмуҳаммадов транспорт воситаларининг кириб келиш тартиби, уларнинг сканер қурилмасидан ўтказилиши, маълумотларнинг қай тартибда қайта ишланишига доир маълумотлар билан ўртоқлашди.

ДБҚ бошқарма бошлиғи ўринбосари Алишер Дўстмуҳаммадов

«Юк машинаси келгач, дезбарьерда зарарсизлантирилгач, автоматик равишда радиофаол моддаларга текширилади, автомобиль рақами камера орқали қайд этилиб, қайси давлатга тегишли эканлигига доир маълумотлар базага киритилади. Транспорт воситаси оғирлиги ўлчаниб, кейинги божхона назорат текшируви учун навбатга туради. Эътиборли томони бу текширувларнинг ҳеч бирида юк машинаси тўхтамайди, аксинча ҳаракатини давом эттираверади. Бу ишларнинг барчаси сонияларда амалга оширилади», - дея сўзлаб берди Дўстмуҳаммадов.

 Унинг билдиришича, Ўзбекистонга кирган ва ундан чиқаётган, республика ҳудудидан транзит равишда ҳаракатланаётган ҳар бир юк машинасига доир марказий аппаратга юборилган маълумотлар йиллар давомида сақланади. Қолаверса, божхона тизими фаолиятини шаффофлаштириш мақсадида интерфаол хизматлар ташкил этилган. Пост ҳудудида ҳайдовчиларга қулайлик тақдим этиш мақсадида бепул Wi-Fi тармоғи орқали божхона тизимига кириб, ўзларига керакли барча маълумотларни олиш имконияти тақдим этилган.

 «Юк машинаси 10 сония ичида сканерланди. Бу нима учун керак? Бу амалиёт республикага кириб, унинг ҳудудидан ўтиб кетмоқчи бўлган юк машинасининг шаффоф тарзда, бирор жойда юкини туширмасдан ёки ортиқча бирор юк олмасдан чиқиб кетишини назорат қилиш учун зарур», - деди Дўстмуҳаммадов.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги Отабек Чориевга кўра, 4 йиллар аввал ҳам мазкур божхона постидан катта ўлчамдаги юкларни олиб ўтишда қийинчиликлар мавжуд бўлган.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Отабек Чориев  

«Бугунги кунда пост ҳудуди аввалги 1,2 гектардан 5 гектаргача кенгайтирилган бўлиб, йирик габаритли юк автомашиналари ҳам ўта оладиган шароитлар барпо қилинди. Кириш-чиқиш дарвозалари 4тадан 11тагача етказилди. Божхона инспектори барча маълумотларни таҳлил қилган ҳолда транзит тартибда ҳаракатланаётган юк машинаси ҳайдовчисига Ўзбекистон ҳудудини тарк этиши режалаштирилган постгача етиб бориш вақтини белгилаб беради», - дейди Отабек Чориев.

Божхона постидан фуқаролар ўтишида ҳам яшил ва қизил йўлаклар ташкил этилган бўлиб, фуқаро металлодетектор аркасидан ўтгандаёқ, унда хавфли ёки тақиқланган буюмлар бор-йўқлиги аниқланади. Бундан ташқари, инсоннинг ички аъзоларида гиёҳванд моддалар ёки бошқа зарарли буюмлар олиб кириш ёки чиқишга уринишларнинг олдини олиш мақсадида инсоннинг ички аъзоларини сканер қила оладиган қурилма ҳам ўрнатилган. Яъни, дунё божхона хизматларида қандай замонавий қурилмалардан фойдаланилаётган бўлса, «Яллама» чегара божхона постида ҳам худди ўша ускуналар ишлатилмоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил январь-март ойларида «Яллама» чегара божхона пости орқали жами 13 540та автотранспорт воситаси ҳаракатланган, 1 млрд 541,5 млн сўмдан ортиқ божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган.

Шу билан бирга, юк автотранспорт воситаларининг вақтини тежаш максадида божхона органлари томонидан автотранспорт воситаларини инспекцион кўрик мажмуаси орқали назоратдан ўтказиш имконияти яратилган. 3 322та транспорт воситаси йил бошидан буён ИКМ кўрикдан ўтказилган. Божхона постида яширин иқтисодиётни қисқартириш, ноқонуний товар-моддий бойликлар кириб келишининг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган.

Хусусан, ўтган 2020 йил давомида 64 та ҳолатда 3 млрд 677,5 млн сўмдан ортиқ товарларнинг ноқонуний кириб келишининг олди олинган.

Мавзуга оид