Иқтисодиёт | 21:32 / 01.05.2026
5342
4 дақиқада ўқилади

Аҳоли даромадларининг ошиши секинлашди. Пойтахт ва ҳудудлар ўртасидаги тафовут янада катталашган

2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра Ўзбекистонда аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиши 7,8 фоизни, жон бошига даромадларнинг реал ўсиши эса 5,8 фоизни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилди – 10,3 фоиз. Натижада пойтахт ва энг паст кўрсаткич кузатилган Наманган вилояти ўртасидаги даромадлар фарқи 4 баробардан ошди.

Фото: Kun.uz

2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 263,2 триллион сўмга етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида келтириб ўтилган.

Январ-март ойларида аҳоли даромадларининг номинал кўринишдаги ўсиши 15,5 фоизни, реал ўсиш суръати эса 7,8 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич мос равишда 20,9 ва 9,8 фоиз бўлганди.

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар эса номинал қийматда 13,5 фоизга (2025 йилнинг мос даврида – 18,5 фоиз), реал кўринишда 5,8 фоизга (7,6 фоиз) кўпайди. Натижада ҳисобот даврида аҳоли жон бошига ўртача даромад 6,9 млн сўмни (5,9 млн сўм) ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида даромадларнинг энг юқори ўсиши Тошкент шаҳри (+10,3 фоиз), Навоий вилояти (+8,9 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (+6,9 фоиз) қайд этилган. Пойтахт ва 3 та вилоятда (Навоий, Бухоро, Тошкент) аҳоли жон бошига умумий даромадлар республикадаги ўртача кўрсаткичдан баланд бўлган.

Бу борадаги энг қуйи кўрсаткичлар Наманган (4 млн 617 минг сўм), Сурхондарё (4 млн 706 минг сўм) ва Қашқадарё (4 млн 896 минг сўм) вилоятларида қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида даромадларнинг ўсиши

2018 йилдан 2025 йилгача – 7 йил ичида Тошкент шаҳрида аҳоли жон бошига умумий даромадлар номинал ҳисобда 4,5 баробарга ёки 16,2 млн сўмдан 73,9 млн сўмгача кўпайган. Бу даврда республиканинг бошқа ҳеч бир ҳудудида 4 баробар ўсиш кузатилмаган. Пойтахтдан кейинги энг яхши кўрсаткич Фарғона вилоятларида қайд этилган – 3,6 баробар. Энг кичик ўсиш Жиззах вилоятида кузатилган – 2,9 баробар. 2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, пойтахт ва Намангандаги даромадлар фарқи 4,13 баробарни ташкил этяпти.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йил биринчи чораги билан таққослаганда пойтахтга нисбатан энг юқори нисбий камбағаллашган ҳудуд Навоий вилояти бўлган. 2021 йилда ўртача навоийликнинг умумий даромади ўртача тошкентлик умумий даромадининг 68,9 фоизини ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 55,1 фоизгача пасайган (13,6 фоиз банд қисқариш).

Шунингдек, Тошкент (даромад улушининг қисқариши 11,5 фоиз банд), Жиззах (-8,9 фоиз), Сирдарё (-8,6 фоиз) ҳамда Бухоро вилоятларида (-8,5 фоиз) даромадлар пойтахт билан таққослаганда нисбий энг юқори қисқарган.

«Қизиқ жиҳати бу даврда ҳеч қайси ҳудуд Тошкентга нисбатан нисбий бойимаган (яъни даромад улуши ошмаган). Яъни пойтахтда даромадлар бошқа ҳудудларга нисбатан доимий юқори ўсмоқда. Бу ҳолат хизматлар соҳасидаги юқори ўсиш билан изоҳланиши мумкин», дея қайд этган иқтисодчи.

Аҳолининг умумий даромадлари таркиби

Ҳисобот даврида аҳоли умумий даромадларининг катта қисмини ёлланма ишчиларнинг даромадлари ташкил қилган – 30,9 фоиз. Шунингдек, мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар (29,8 фоиз) ҳамда трансфертлардан олинган даромадлар (27,5 фоиз) ҳам салмоқли улушни эгаллайди.

Трансфертлардан олинган даромадларнинг улуши Фарғона (35,9 фоиз), Самарқанд (36,6 фоиз) ва Андижон вилоятларида (41 фоиз) аҳоли умумий даромадларига нисбатан 35 фоиздан юқори кўрсаткични ташкил этган бўлса, Навоий вилоятида мазкур даромад турининг улуши энг паст – 14 фоиз бўлган.

Хусусан, аҳолининг умумий даромадларида хориждан пул ўтказмаларининг улуши 17,5 фоиз бўлган.

Пул ўтказмаларига энг катта боғлиқлик Андижон (31,2 фоиз), Самарқанд (25,9 фоиз) ҳамда Фарғона вилоятларида (24 фоиз) кузатилган.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид