Спорт | 23:06 / 25.12.2021
29678
7 дақиқада ўқилади

Элдор «Рома»да қолмоқчи, ўзбекистонлик футзалчиларга Европадан таклифлар бор — ғолиблар билан интервьюлар

25 декабрь куни Тошкентда ЎФА ва ПФЛ биргаликда «Uz Football Awards 2021» — йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимини ўтказди.

Тадбирдан аввал Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари конгресси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ сардори Одил Аҳмедов ЎФАнинг биринчи вице-президенти лавозимига сайланди.

Фото: Tribuna.uz

Тақдирлаш маросимида эса қуйидаги номинацияларда ғолиблар тақдирланди:

1.Ўзбек футболи нуронийси – Ахбор Имомхўжаев

2. Фидоийлик рамзи – Садри Носиров («Динамо» стадиони ишчиси)

3. Жасорат соврини – Муроджон Аҳмедов (Ўзбекистон кар-соқовлар жамоаси мураббийи)

4. Футбол ривожи учун — Хайрулло Бозоров (Фарғона вилояти ҳокими)

5. Энг яхши футбол журналисти – Фахриддин Рўзиев («Championat asia» мухбири)

6. Энг яхши ҳудудий ассоциация – Қорақалпоғистон ФА

7. Мухлислар меҳри - «Андижон» фан клуби

8. Йилнинг энг яхши футзал мураббийи – Баҳодир Аҳмедов (Ўзбекистон / «Ҳуахин Жиззах»)

9. Йилнинг энг яхши футзалчиси - Дилшод Раҳматов (Ўзбекистон / «Ҳуахин Жиззах»)

10. Аёллар Олий лигаси тўпурари – Диёра Ҳабибуллаева («Сўғдиёна-W»)

11. Аёллар Олий лигасининг энг яхши мураббийи – Шерали Бобоқулов («Сўғдиёна-W»)

12. Аёллар Олий лигасининг энг яхши футболчиси - Диёра Ҳабибуллаева («Сўғдиёна-W»)

13. Про лиганинг энг яхши футболчиси – Марко Обрадович («Нефтчи»)

14. Йилнинг энг яхши ҳаками – Илгиз Танташев («Бухоро»)

15. Суперлиганинг энг чиройли голи – Билолхон Тошмирзаев («Турон»)

16. Суперлига-2021 тўпурари – Драган Черан («Пахтакор»)

17. Суперлиганинг энг яхши мураббийи – Питер Ҳюистра («Пахтакор»)

18. Суперлиганинг энг яхши футболчиси – Ҳусайн Норчаев («Насаф»)

19. Энг яхши ёшлар мураббийи – Аъзам Шерғозиев (ОКМК ёшлар жамоаси)

20. Ёш юлдуз – Ҳусаин Норчаев («Насаф»)

21. Ўзбекистоннинг энг яхши аёллар мураббийи – Илҳом Ханжариев (ОКМК-W)

22. Ўзбекистоннинг энг яхши аёл футболчиси – Дилдора Нозимова («Бунёдкор-W»)

23. Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи – Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

24. Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси – Элдор Шомуродов («Рома» / Ўзбекистон).

Фото: Tribuna.uz

Суперлига рамзий терма жамоаси

Дарвозабон: Ўткир Юсупов («Навбаҳор»);

Ҳимоячилар: Марко Колакович («Сўғдиёна»), Анзур Исмоилов («Пахтакор»), Ҳусниддин Алиқулов («Насаф»), Шерзод Насруллаев («Насаф»);

Ярим ҳимоячилар: Санжар Турсунов (ОКМК), Эркин Бойдуллаев («Қизилқум»), Драган Черан («Пахтакор»);

Ҳужумчилар: Шоҳруз Норхонов («Сўғдиёна»), Хусаин Норчаев («Насаф»), Азизбек Амонов («Локомотив»);

Мураббий: Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна»).

Маросим якунлангач, ғолиблар Tribuna.uz мухбири билан интервьюда ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Йилнинг энг яхши футзалчиси Дилшод Раҳматов совринга Ўзбекистон миллий жамоасининг барча аъзолари муносиб эканлигини таъкидлади: «Тўғриси, кутмагандим. Бу совринга миллий жамоанинг барча йигитлари лойиқ. Уларга раҳмат айтаман.

Мақсадларимиз — 2022 йилги Осиё чемпионатида ғолиб бўлиш, кейинги жаҳон чемпионатларига чиқиш, Ўзбекистон футзали даражасини жаҳонга танитиш.

Фото: Tribuna.uz

Жаҳон чемпионатидан сўнг миллий жамоа аъзоларигa Европадан, жумладан, Италия ва Хорватиядан таклифлар бўлди. Молиявий томонларини билмайман, аммо янги йилда айрим футзалчиларни легионер сифатида кўрсам, ажабланмайман».

Йилнинг энг яхши футзал мураббийи Баҳодир Аҳмедов илк бор бундай эътирофга сазовор бўлганидан хурсандлигини айтди: «Биринчи бор йил мураббийи бўлдим. Бунда миллий жамоа вакиллари — футзалчилар, Нодир Элибоев ва испаниялик мураббийларнинг ҳиссаси катта. Бу соврин Ўзбекистон футзалидаги барча мураббийларники».

Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийига айланган «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев Қарши клуби янги мавсумда ҳам ўз олдига жиддий мақсадлар қўйганини таъкидлади: «Жамоамнинг меҳнатлари учун берилган соврин деб биламан. Мавсумни яхши якунладик. Кубокни қўлга киритганимизга анча бўлганди. Асосий мақсадимиз мухлисларга соврин ютиб бериш эди. Буни амалга оширганимиздан хурсандман.

Фото: Tribuna.uz

Темурхўжа Абдухолиқов? Албатта, тажрибали футболчилар керак. Олдимизда ОЧЛ турибди. Шунинг учун Темурхўжа каби футболчиларни таклиф қилишга эътибор қаратганмиз. Бу қанчалик амалга ошади ёки йўқ, вақт кўрсатади».

Иккинчи бор «Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси» деб топилган «Рома» форварди Элдор Шомуродов Жалолиддин Машарипов билан рақобат миллий жамоа муҳитига таъсир қилмаслигини айтди: «Бу совринни ютганимдан кўп ҳам хурсанд эмасман. Сабаби, бир йиллик пауза билан қўлга киритдим. Агар шу тариқа давом этса, Одил аканинг рекордини янгилай олмас эканман. Албатта, бу ҳазил.

Фото: Tribuna.uz

Ёшлигимда мухлисларнинг «ўзбекистонлик футболчилар ҳам топ-5 лигаларда ўйнармикан?» деб савол беришганини эслайман. Ўшанда олдимга мақсад қўйгандим. Мухлислар саволига муносиб жавоб берганимдан хурсандман.

Омадим келди. Чунки Жалолиддин ҳам, Ҳусаин ҳам яхши мавсум ўтказишди. Қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат.

Соврин учун курашда Машарипов билан рақобатимиз миллий жамоадаги муҳитга таъсир қилмайди. Ким ғолиб бўлса ҳам, яхши муносабатни сақлаб қоламиз.

Фото: Tribuna.uz

«Аталанта»га қарши баҳсдан кейин Миранчук билан гаплашганимиз? Йўқ, кўпчилик ўйлаганидек, «Женоа» ҳақида суҳбатлашмадик. Шунчаки салом-алик қилдик. «Тил ўрганяпсанми?» деб бир-биримиздан сўрадик.

«Рома»дан кетиш? Йўқ, қаерга келаётганимни билганман. Кучли жамоада ўз ўрнимни топмоқчиман. Аввалги жамоаларим — «Ростов» ва «Женоа»да ҳам шунақа гап-сўзлар бўлган. Бундай ҳолатга биринчи бор дуч келмаяпман».

Аъзамжон Иззатиллаев, Tribuna.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси — Муҳиддин Нидо

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид