Спорт | 20:53 / 28.10.2025
6229
3 дақиқада ўқилади

ЎФА «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев сўзлари юзасидан суриштирув ўтказади

«Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев чемпионатдаги асосий рақиби «Нефтчи» ҳақида гапириб, агар ушбу клуб чемпион бўлса, «қаҳрамонларни майдондан излаш керак эмас, улар майдон ортида бўлади», деган эди.

Фото: tribuna.uz

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг ОКМК ҳамда Насаф ўйинидан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманидаги сўзлари юзасидан суриштирув ўтказади.

«2025 йил 26 октябрь куни ўтказилган ОКМК ҳамда «Насаф» клублари ўйинидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг билдирган фикрлари футбол жамоатчилиги орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ва суриштирувларни ўтказади ҳамда унга ҳуқуқий баҳо беради», дейилади хабарда.

ЎФА Рўзиқул Бердиевнинг айнан қайси гаплари текширилишига ойдинлик киритмади.

26 октябрь куни Суперлига 26-тури доирасида Олмалиқда ОКМК ва «Насаф» клублари тўқнаш келди. Ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. Натижада «Насаф» чемпионат жадвалида «Нефтчи»дан ўтиб кетиш имкониятини бой берди. Мусобақа якунланишига 4 тур қолганида иккала клуб ҳам 57 очко жамғарган. Бироқ ўзаро ўйинларда устунлик «Нефтчи» томонида (1:0 ва 0:0), шу сабабли фарғоналиклар жадвалда юқори турибди.

Ўйиндан кейин Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди ва журналистларнинг саволларига жавоб берди. Унинг кенг муҳокамаларга сабаб бўлган сўзлари «Нефтчи» ҳақида бўлди.

«Нефтчи»ни кўп гапиришмоқда, лекин биз ҳам қараб турмаймиз. Биз анчадан буён мағлуб бўлмадик ва чемпионликка лойиқмиз. «Нефтчи»нинг қанчалик ҳаракат қилаётганини сизлар ОАВ вакиллари ҳам билиб турибсизлар. Агар «Нефтчи» ушбу вазифани амалга оширса, ортдаги инсонлар қаҳрамон бўлади, шекилли. Менимча, гапимни тушундингиз. Улар чемпион бўлса, қаҳрамонларни майдондан излаш керак эмас. Улар майдон ортида бўлади. Бу менинг фикрим», деди Бердиев.

«Насаф» бош мураббийи «ортдаги инсонлар» кимлар экани ва улар нега қаҳрамон бўлишига аниқлик киритмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид