Ўзбекистон | 12:15 / 08.10.2020
2946
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда меҳмонхонага тоифа олиш ёки уни ошириш ишлари учун маблағ ажратилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазиятда туризм соҳаси субъектларини қўллаб-қувватлаш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: Getty Images

Туризм соҳасининг алоҳида субъектлари фаолияти билан боғлиқ харажатларни қисман компенсация қилиш ва хўжалик субъектларининг эпидемияга қарши курашиш профилактик тадбирларини амалга оширишга йўналтирилган харажатларини қоплашнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Меҳмонхонанинг тоифа олиш ёки оширишини субсидиялаш тартиби белгиланди. 

Субсидия қонунчиликда белгиланган тартибда жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) кўрсатувчи юридик шахсларга меҳмонхонага тоифа (юлдуз) олиш ёки тоифани ошириш учун меҳмонхонани реновация, реконструкция қилиш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун қилинган ишларга ажратилади.

Меҳмонхонага тоифа (юлдуз) олиш ёки ошириш ишлари учун субсидия ажратиш 2021 йил 1 июнга кадар амалга оширилади.

Субсидия бир марта, қуйидаги миқдорларда ажратилади:

3 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 5 миллион сўм;
4 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 10 миллион сўм;
5 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 15 миллион сўм.

Юридик шахс субсидия ажратилиши учун Туризм қўмитасига субсидия олиш тўғрисидаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Бунда аризаларни қабул қилиш 2021 йил 15 майга қадар, уларни кўриб чиқиш 2021 йил 1 июнга кадар амалга оширилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма;

меҳмонхонанинг бинолари ва иншоотларини реновация, реконструкция қилиш ва (ёки) моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишларни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Туризм хизматларини сертификатлаш маркази” ДУК томонидан тақдим этилган 3, 4 ёки 5 юлдузли меҳмонхона тоифаси кўрсатилган мувофиқлик сертификатининг нусхаси.

Мавзуга оид