Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
UzAuto Motors ходимлари заводдаги муҳитни “ҳақиқий феодализм” деб таърифлади. Компания меҳнат қонунчилигига риоя қилаётганини билдирди
Асакадаги автозавод ходимлари иш соатлари ҳаддан ташқари кўплиги сабаб айримлар касал бўлиб қолаётгани, ойликлар камлиги ва назорат жуда қаттиқлигидан шикоят қилди. Компания заводда қонунчиликка мувофиқ иш ташкил қилинганини билдирди. Маълум бўлишича, завод ходимлари орасида кунига 11 соат ишлайдиганлар ҳам талайгина.
Фото: UzAuto Motors
BBC ўзбек хизматига Асака шаҳридаги UzAuto Motors заводи ишчиларидан шикоят хати келиб тушган. Нашр шикоят хати эгаси ва унинг уч нафар ҳамкасби билан суҳбатда бўлиб, бу даъволарга муносабатини сўраган.
“Биз, Асака шаҳридаги UzAuto Motors (эски номи GM Uzbekistan) автомобил заводи ишчи ходимлари, заводимизда бўлаётган қонунбузилишлар, инсон ҳуқуқларининг поймол қилинишига жим қараб тура олмай, барча ишлардан кенг оммани хабардор қилиш ва шу орқали қонун ҳимоячиларининг шу масалага эътибор қаратишларини хоҳладик.
Хуллас, барчаси автосаноат тизимига раис этиб прокуратура органи ходими Шавкат Умрзоқов тайинланиши билан бошланди. Аввалига тизимдаги коррупция, автомобил сотишдаги “шапка” муаммоларини ҳал қилиш, иш шароитларини яхшилаб, ойлик маошларни кўтаришни ваъда қилган раис тизимга ўзи билан прокуратура ходимларини олиб кирди. Асосий раҳбарлик лавозимлари автосаноатдан умуман йироқ бўлган орган ходимлари ва уларнинг таниш-билишларига топширилди”, дейди хат муаллифи.
У заводда “ишчилар устидан назорат кескин кучайгани”ни айтиб, ҳолат “ҳақиқий феодализмдан заррача фарқ қилмаётгани”ни билдирган. Ходимнинг фикрича, бунга сабаб – раис ўз олдига жуда катта ишлаб чиқариш режасини қўйганидир.
“Деярли бир йилдан бери икки сменада ишлаётган ишчилар бир ойда 300 соатга яқин ишлашларига тўғри келяпти. Бу ўта даражада юқори. Тўғри, ошиқча иш соатларига ортиқча пул тўлаб бериляпти, лекин тиклаб бўлмас соғлик қўлдан бой берилмоқда. Ишчилар касал бўлиб даволанишга мажбур бўляпти. Ортиқча иш соатлари ҳисобига оддий ишчилар 5-6 миллион маош олмоқда. Ташқаридан қаралса, бу яхши ойлик, лекин ниманинг ҳисобига?! 160-170 соатга 2,5 миллион сўм атрофида ойлик беради. Ишчиларнинг кўпчилиги кредит олади, кредитларни ёпиш учун ҳам ҳар қанча ишлашга рози бўлишяпти.
Иш соатларини қисқартириб ойлик-маошларни ошириш ҳақидаги саволларга эса “хоҳласанг шу, хоҳламасанг катта кўча, ташқарида ишлайман деб юрганлар кўп” деган жавоб қайтаришади раҳбарлар”, – дейди мурожаатчи.
Нашр суҳбатлашган бошқа ишчилар ҳам иш юклама катталиги, лекин ишчилар сони бунга мос эмаслигини айтишган.
Телефон суҳбатида бир завод ишчиси узоқ ишлагани сабабли машина бошқараётганда ўзини билмай, рулда ухлаб қолиш ҳоллари бўлаётганини айтган. У BBC'га ўз меҳнат шартномасида ишлаш соатлари ҳақида нима дейилганидан бехабар эканини билдирган.
UzAuto Motors ходимларидан бири танаффус ва тушликсиз ишлашга мажбур бўлаётганини айтган.
“Ишчиларнинг аксарига завод ҳудудига телефон олиб кириш тақиқланган ва улар узоқ сменада ишлаганида ўз оилалари билан мулоқот буткул узилган бўлади. Ҳар кун бир неча марта рейд уюштирилади. Ҳар бир гуруҳ алоҳида-алоҳида. Агар раис ўринбосарлари рейдга чиқса, ҳамма у ёқдан бу ёққа югуради, чунки уларнинг ўқига учраган одам ўша заҳоти ҳайдалади. Бўлим раҳбарлари юрагини олдириб қўйган”, дейди у ва назоратга келган мансабдорлар бўлим раҳбарларини ўта уят сўзлар билан ҳамманинг олдида ҳақорат қилишини қўшимча қилади.
Ходимнинг сўзларига кўра, ишчилардан “кучли босим остида” тилхат ва розилик хатлари олинади. Масалан, йил якунида завод бўйича инвентаризация ўтказилиб, камомад чиққудек бўлса, камомадни ҳаммага тенг сочиб, уни ойликдан қоплаш учун ишчилар “кучли тазйиқлар билан розилик хатига имзо чекишга мажбурланади”. Ҳаттоки камомадга умуман алоқаси йўқ ишчилар ҳам тўлашга мажбур, дейди у.
Ходимнинг айтишича, у ва бошқа ишчилар раҳбарият ҳақида бошқа идораларга шикоят қилишмаган. Чунки нафақат ишдан ҳайдалиш, балки ўз хавфсизликларидан ҳам хавотирланишади.
“Иш соатларини камайтириб, ойликларни ошириш учун ишчилар завод олдини тўсиб, митинг уюштиришди. Бироқ бундан ҳеч қандай натижа чиқмади. Аксинча, камера орқали митингда қатнашганлар аниқланиб, махсус бўлимга биттама-битта чақиртирилиб “эслари киргизилди”. Деярли ҳамма ишчиларнинг заводдаги вазиятдан сабр косаси тўлди. Эплаганлар бошқа иш топиб чиқиб кетяпти, қолганлар эса мажбур – чунки вилоятда аҳоли зич, иш топиш муаммо”.
BBC ходимларнинг хатидаги айрим шикоятларни UzAuto Motors матбуот хизматига йўллаган. Компания жавобида UzAuto Motors ойликлар бўйича Андижондаги қўшма корхоналар “ичида юқори бешталикка кириши” ва ходимлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилгани айтилган.
“Компанияда республикадаги ўртача истеъмол савати, ҳудуддаги ташкилотларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари, энг кам ойлик иш ҳақининг ўсиш суръатлари мунтазам таҳлил қилиб борилади. Мазкур таҳлил натижаларига мувофиқ, сўнгги 4 йил мобайнида ходимларнинг ойлик иш ҳақи жами 78 фоизга, хусусан, 2018 йилда 45 фоизга, 2019 йилда 10 фоизга, 2020 йил 13 фоиз ва ўтган 2021 йилда 10 фоизга оширилган.
Бундан ташқари, ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида корхона ва тармоқ самарадорлиги кўрсаткичига мувофиқ, ойлик иш ҳақининг 40 фоизгача миқдорида мукофот пуллари тўлаб борилмоқда. Шунингдек, ходимлар учун корхонада бир қатор ижтимоий ҳимоя пакетлари яратилган. Ҳимоя пакети ўз таркибига ишга қатнов транспорти, суткасига 24 соат бепул овқатланиш, махсус форма, дам олиш ва соғломлаштириш масканлари, тиббий кўрик, шунингдек, моддий рағбатлантириш кабиларни олган.
Заводда иш 2 сменада ташкил этилган. Унга кўра, ходимларнинг кунлик меҳнат соати 8 ва 11 соат иш вақти этиб белгиланган. 11 соат ишлайдиган ходимлар учун қонунчиликда белгиланган 600 соат меҳнат сарфи учун иш ҳақи тўлаб келинмоқда. Бугунги кунда корхонанинг ходимлар олдида иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича ҳеч қандай қарздорлиги йўқ. Ходимларга меҳнат фаолиятини бажариш вақтидаги меҳнати учун ҳақ тўлаб келинмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ўтган давр мобайнида ҳақиқатан ўғрилик билан қўлга тушган бир неча ходимлар ишдан бўшатилди. Ўз олдига қўйилган вазифаларни ҳалол, виждонан, ташаббускорлик билан бажарувчи ходимлар ва завод ўртасида ҳеч қандай эътирозлар мавжуд эмас. Камомадга келсак, инвентаризация натижаларига кўра, моддий бойликларнинг етишмаслиги молиявий жавобгар шахслардан ундирилади ва бу умумдавлат амалиётидир”, – дейилади UzAuto изоҳида.
Қўшимча қилинишича, Асакадаги завод “жуда кўп юқори технологияли ва сирли ускуналарга эга стратегик объект ҳисобланади” ва шунинг учун ҳам заводга камерали телефонларни олиб кириш мумкин эмас.
Мавзуга оид
14:08 / 08.01.2026
3 ёшга тўлмаган боласи бор оналар учун иш вақти қисқартирилади
16:45 / 12.11.2025
Иш вақтидан ташқари ишлаганларга икки ҳиссагача ҳақ тўланади
17:15 / 03.07.2025
40 даража иссиқ: бунақа пайтда ходимлар қандай ҳуқуқларга эга?
14:22 / 16.01.2025