Чипта сотилиши тизимидаги ўзгаришлар ва чора-тадбирлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5781 Фармони ижросини таъминлаш ва мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги байрами нишонланиши муносабати билан «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ бош директори Жаҳонгир Нурмуҳамедов баёнот берди.
Жаҳонгир Нурмуҳамедов «E-ticket» онлайн чипта расмийлаштиришнинг йўловчи ва гуруҳли ташувчиларга фойдаланиш учун қулай ҳамда шаффоф тизимини жорий йилнинг 1 сентябрига қадар ишга тушириш ишлари амалга оширилаётганини ҳамда ушбу тизим айни кунларда тест режимида ишлатилаётганини айтиб ўтди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда мамлакатимиз ва қўшни давлатлар шаҳарлари ўртасида транспорт алоқаларини таъминлаш бўйича режалар ишлаб чиқилаётгани ва белгиланган муддатга қадар тақдим этилишини таъкидлади.
У мустақиллик байрамининг 28 йиллиги нишонланиши муносабати билан чипта харид қилиш тизимидаги бир қатор муаммоларга тўхталиб, биринчиси юқори тезликда ҳаракатланадиган «Афросиёб» поездига чипталар танқислиги ва унинг ечими сифатида қатор ишлар амалга оширилганини айтиб ўтди. Жумладан, байрам кунларида қўшимча равишда Тошкент-Самарқанд йўналишида 12та «Афросиёб» поезди қатнови ҳамда Тошкент-Урганч-Тошкент йўналишида 4та йўловчи поезди қатнови жорий этилган. Ҳозирги кунда қўшимча 2та юқори тезликда ҳаракатланадиган «Афросиёб» электропоезди ва қўшимча 4та эконом классдаги вагон Испаниядан харид қилинди ва 2020 йил охирида мамлакатимизга олиб келиниши кўзда тутилган. Шунингдек, жорий йил охиригача қўшимча равишда 52та янги йўловчи вагон харид қилиш режалаштирилган, мавжудлари эса модернизация қилинмоқда.
«Янги замонавий йўловчи поездлари харид қилиш мақсадида Швейцария, Корея Республикаси, Хитой ва Россия давлатлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар йўловчиларга қулай ва сифатли транспорт хизмати кўрсатишга хизмат қилади.
Чиптахоналардаги тирбандликларга тўхталиб ўтсак, Тошкент-Марказий ва Тошкент-Жанубий вокзаллари чиптахоналарига электрон навбат тизимини жорий этдик ва бу ўз натижасини кўрсатди. Келажакда республикамиз ҳудудларидаги барча вокзаллардаги чиптахоналарга ана шундай ускуналар ўрнатилишини режалаштирганмиз.
Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездига чипталар туристик компанияларга тез ва қулай расмийлаштирилиши учун Тошкент-Марказий вокзалида алоҳида махсус касса ташкил этилди. Мазкур касса ҳар куни фаолият кўрсатади. Чипталарни олдиндан брон қилишга талабномалар ўз вақтида ўрганиб чиқилиб, поездлардаги жойларни тенг тақсимлаш ишлари олиб борилмоқда.
Юзага келаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳамда темир йўл чиптахоналарида фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар устидан назорат ўрнатиш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқармаси ходимларидан ташкил топган махсус ишчи гуруҳи мавжуд бўлиб, ушбу ишчи гуруҳ томонидан доимий равишда текширувлар олиб борилиб, натижалари бўйича камчиликлар жойида бартараф этилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Жамиятимиз томонидан байрам кунларида қўшимча қилиб «Ишонч телефони»ни жорий этдик. Телефон рақами: (71)299-71-66. Тизимдаги мавжуд жой танқислигини яъни айнан юқори тезликда ҳаракатланадиган «Афросиёб» электрпоездларини назарда тутадиган бўлсак, бу масалани ечимига тизимли ёндашув керак бўлади», дейилади «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ матбуот хизмати томонидан Kun.uz таҳририятига тақдим этилган баёнотда.
Мавзуга оид
18:28 / 09.09.2024
Тошкент-Марказий темирйўл вокзалида чипта ҳақиқийлигини текширувчи турникет ишга тушди
19:07 / 31.07.2024
Қорақалпоғистондан Қозоғистонга янги поезд қатнови йўлга қўйилади
22:07 / 17.05.2024
Фарғона водийсини бошқа шаҳарлар билан боғлайдиган қўшимча темирйўл қатновлари йўлга қўйилади
10:51 / 12.12.2023