Жаҳон | 13:38 / 28.02.2026
13935
3 дақиқада ўқилади

Эрон жавоб «вайронкор» бўлишини айтди. Исроил Эрондан учирилган ракеталарни аниқлади

АҚШ расмийси эса Эронга қарши зарбалар ҳаво ва денгиз орқали амалга оширилаётганини айтган. Исроил ҳарбийлари эса Эрон ҳудудидан мамлакат томон учирилган баллистик ракеталар аниқланганини билдирди.

Фото: AP

New York Times'нинг ёзишича, Исроил ҳарбийлари Эрон ҳудудидан мамлакат томон учирилган баллистик ракеталар аниқланганини билдирди. Бу бугун эртароқ амалга оширилган АҚШ–Исроил ҳужумларига жавоб сифатида Эрон томонидан йўлланган илк тўлқин ҳисобланади.

Ҳаво ҳужуми сиреналари Исроил шимоли ва соҳил бўйидаги Ҳайфа шаҳри бўйлаб янграмоқда. Аҳоли мустаҳкам бошпаналарга киришга чақирилмоқда.

АҚШ расмийси эса Эронга қарши зарбалар ҳаво ва денгиз орқали амалга оширилаётганини айтган.

Бир соат олдин, Reuters нашри Эрон расмийларига таяниб, жавоб чораларига тайёргарлик кўраётганини айтганди. Расмийнинг айтишича, жавоб зарбаси «вайронкор» бўлади.

Айни вақтда бир қатор эронлик ахборот агентликларининг веб-сайтлари ишламаяпти. Улар орасида расмий давлат ахборот агентлиги IRNA ҳам бор. Сайт хакерлик ҳужумига учрагани айтилмоқда. Теҳронлик бир фуқаро ва маҳаллий журналистнинг айтишича, шаҳарда стационар телефон алоқаси ишламай қолган, фақат мобил телефонларда ҳам узилишлар билан чекланган сигнал мавжуд.

Исроилнинг Эронга ҳужуми бугун маҳаллий вақт билан соат 08:10 да бошланган. Исроил юқори мартабали мудофаа амалдорларига кўра, қўшма нишонлар орасида Эрондаги муҳим шахслар ҳам бор ва бу камида бир неча кун давом этиши кутилган кенг кўламли ҳужум ҳисобланади.

Айни пайтда Исроил Эрондан келаётган асосий таҳдид сифатида узоқ масофали ер-ер туридаги ракеталарни кўрмоқда. Президент Трампга тақдим этилган режага кўра, Исроил кучларининг асосий саъй-ҳаракатлари ракета омборлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва учириш қурилмаларига қаратилган.

АҚШ кучлари эса асосан Эроннинг ядровий лойиҳасига, шунингдек қудратли Инқилобий гвардия корпуси ва ҳукуматга алоқадор қўшимча нишонларга эътибор қаратиши кутилмоқда.

Президент Трамп АҚШ ҳарбий амалиёти натижасида «йўқотишлар бўлиши мумкин»лигини айтди.

NYT'га кўра, генерал Ден Кейн эса юқори даражадаги ёпиқ учрашувларда Трампни Эрон билан уруш ҳолатида америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлиши ёки жароҳат олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.  

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид