Ўзбекистон | 17:51 / 24.12.2022
10470
3 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида дуал таълим тизими самарали йўлга қўйилди

Андижон вилояти ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги 68 та профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларни ўз касбининг етук устаси ва замонавий техника воситалари билан ишлай олиш кўникмаларига эга бўлишларини таъминлаш мақсадида “Назариёт ва амалиёт бир масканда” таълим тизими йўлга қўйилди.

Унга асосан вилоятда фаолият кўрсатаётган профессионал таълим муассасаларининг 14 076 нафар ўқувчилари дуал таълим тизимида таълим олишлари учун 249 та йирик саноат корхоналари, иш берувчи ташкилотлар ва муассасаларга бириктирилди ҳамда улар билан икки томонлама шартномалар тузилди.

Улар ушбу корхона ва ташкилотларда ҳам ўқиб, хам ишлаб чиқариш жараёнларида бевосита иштирок этишлари учун ҳар бир ташкилот ва корхонада 2 тадан ўқув синфлари ташкил этилди.

Шу билан бирга ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш жараёнидаги иштироки ва улар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ҳамда кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш йўлга қўйилди.

Бугунги кунда 48 та енгил саноат корхонасига 2 686 нафар, 58 та саноат соҳасидаги корхоналарга 1 720 нафар, 48 та хизмат кўрсатиш корхонасига 1 499 нафар, 10 та қурилиш ташкилотига 409 нафар, 14 та қишлоқ хўжалик ташкилотларига 591 нафар, 26 та тиббиёт муассасасига 5 481 нафар, 23 та таълим ташкилотига 1 381 нафар ҳамда 22 та бошқа турдаги ташкилотларга 309 нафар ўқувчи ёшлар бириктирилган.

Бугунги кунда вилоятда ўзининг салмоқли ўрнига эга бўлган етакчи корхона ва ташкилотлар - “DINAR GROUP” МЧЖ, “The Best Impeks Textile”, “Asaka Textile”, " WBM textile group" МЧЖ, "AND GOLD" МЧЖ, “Кхаntex GROUP”, МЧЖ каби тикув, тўқув ва трикотаж корхоналари, "Uz Dong Yang Co", “UZ TONG HONG CO”, “Uz Coram Co”, “Uz Hanwoo”, “Uz Erae Climat Control”, "Uz Koje" саноат корхоналари ҳамда “UZ AUTO MOTORS” автомобиль заводида ўқувчи ёшлар таълим олиш билан бирга ўз малака ва кўникмаларини шакллантирмоқда.

Янги ташкил этилган дуал таълим тизими ёшларга таълим олишлари ва назарий билимларни амалиётда қўллай билишлари ҳамда маблағ ишлаб топишлари учун катта имконият бўлмоқда.

Ҳозирда ушбу тизимда ўқувчи ёшлар назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш билан бирга 800 минг сўмдан 2,5 млн сўмгача ойлик маош олиб, оила бюджетига салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.       

 Реклама

Мавзуга оид