Ўзбекистон | 01:38 / 18.04.2018
12468
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг вазифалари, нима билан шуғулланиши тартибга солинди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган тегишли фармонда батафсил маълумот берилмоқда.

Маълум қилинишича, вазирлик вазифалари қаторида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида тармоқни комплекс модернизация қилиш, қишлоқ хўжалигида фан ва техника ютуқларини, ресурсларни тежайдиган замонавий ва интенсив агротехнологияларни, илғор тажрибаларни жорий қилишга йўналтирилган ягона сиёсатни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали иқтисодиёт тармоқлари экспорт салоҳиятини ошириш, бозор конъюнктураси юзасидан чуқур маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, хорижий инвестициялар ва беғараз техник кўмак маблағларини (грантлар) жалб қилиш ҳам вазирлик ваколатида қайд этилган.

Қуйидагилар вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари сифатида белгиланган:

- аҳолини йил давомида ва узлуксиз равишда барқарор нархларда таъминлаш учун зарур бўлган ҳажмда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантиришни ташкил этиш;

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, давлат-хусусий шериклиги механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантиришни таъминлаш;

- қишлоқ хўжалигини изчил ва барқарор ривожлантириш, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолисининг бандлик даражасини ва даромадларини ошириш, ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарор даражасини сақлаб қолишга йўналтирилган комплекс мақсадли, тармоқ ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш;

- таълим, фан ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини тизимли асосда узвий интеграциялашни, қишлоқ хўжалиги тармоқларининг юқори малакали соҳа мутахассисларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш.

Мавзуга оид