Ўзбекистон | 00:52 / 06.09.2020
19207
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд томондан Тошкентга йўл олган юк машиналари Сирдарё туманини айланиб ўтишади

Тошкент – Самарқанд йўналишининг Сирдарё вилояти ҳудудидан ўтган қисмида юк машиналарининг ҳаракат йўналишига ўзгартириш киритилади, деб хабар бермоқда Kun.uz’га вилоят ИИБ ЙҲХБ.

М34 “Тошкент-Душанбе” автомобиль йўлининг Сирдарё туманидан ўтувчи 90-километрида жойлашган “Шўразак” коллектори устидаги темирбетон кўприкнинг юк кўтариш қобилияти пасайиб, таъмирталаб ҳолга келиб қолган.

Келгусида содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида, оғир юк ташувчи транспорт воситаларининг ушбу кўприк орқали ҳаракатланиши тақиқланиб, вақтинчалик ушбу турдаги транспорт воситалари ҳаракатланиш йўналиши ўзгартирилди.

Яъни, халқаро аҳамиятдаги М39 автомобил йўлининг 871-километри орқали Сирдарё вилояти ҳудудига кириб келган оғир турдаги юк транспорт воситалари қатнови 4Р26 “Сирдарё – Деҳқонобод – Қиёт – Бекобод” йўналиши бўйича А373 “М39 автойўли – Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон ва Андижон орқали Ўш” автомобил йўлининг 58-километрига чиқиб ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкинлиги белгиланди.

Шу билан бирга, 2 ой муддатда ушбу темир бетон кўприкни бир томонини автотранспорт воситалари қатнови учун таъмирлаб фойдаланишга топшириш учун Сирдарё вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига юклатилган.

4 ой муддатда эса кўприкни тўлиқ фойдаланишга топширилиши белгиланган.  

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид