Жамият | 12:08
3421
2 дақиқада ўқилади

102 га қўнғироқ қилиб, “Трампга чора кўришни” сўраган фуқаро маъмурий жазога тортилди

37 ёшли эркак маст ҳолда Тошкент шаҳар ИИББнинг 102 рақамига қўнғироқ қилган ҳамда Венесуэла президенти Николас Мадурони олиб кетгани учун АҚШ президенти Доналд Трампга чора кўришни сўраган. Эркак ундан яшаш манзилини сўраган ходимга “Оқ уйда яшашини” айтган. Суд ҳуқуқбузарга жарима жазоси тайинлади.

Фото: Kun.uz 

Тошкентда 102 га қўнғироқ қилиб, Доналд Трамга чора кўришни сўраган фуқаро маъмурий жазога тортилди.

Kun.uz танишган суд қарорида келтирилишича, 1988 йилда Андижон вилоятида туғилган А.К. 6 январ куни маст ҳолатда Тошкент шаҳар ИИББнинг 102 рақамига қўнғироқ қилган. У ўз мурожаатида “АҚШ президенти Доналд Трампга чора кўришни” сўраб, ўзи Оқ уйда яшаб келиши ҳақида хабар берган. Интернетда тарқалган аудиога кўра, А.К. Доналд Трампга Венесуэла президенти Николас Мадурони олиб кетгани учун чора кўришни сўраган.   

Ҳуқуқбузар ҳолат бўйича суриштирув ишларини олиб бориш учун борган ички ишлар ҳодимларининг ИИБ биносига бориш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаганлиги ҳам аниқланган.

А.К. судда айбига иқрорлик билдирган ва ўша куни маст бўлганини айтган.

102 га қўнғироқ қилиб, ёлғон хабар бердим. Ўзим нима деб мурожаат қилганимни эслолмайман. Маст ҳолатда эдим. Оқибатини тушунмасдан хабар бердим. Ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажардим. Қилган ишимдан пушаймонман”, деган у судда.

А.К. келгусида бундай ҳолатни бошқа такрорламаслигини билдириб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган. 

ЖИБ Бектемир туман судининг 2026 йил 7 январдаги қарори билан А.К. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 199-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик, яъни махсус хизматларни қасддан алдаб чақирганликда айбли деб топилган. Унга БҲМнинг 3 баравари – 1 млн 236 минг сўм жарима жазоси тайинланган. 

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид