Ўзбекистон | 19:57 / 19.11.2021
17336
2 дақиқада ўқилади

Энди Ўзбекистонда мактабда олинган якуний баҳолар ОТМга киришда ҳисобга олинади

Таълим ташкилотлари битирувчилари баҳоларининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблаш ва уни олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

2022-2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномаси (диплом иловаси)га мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичи киритилади ва ушбу кўрсаткич 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олинади.

Низомга мувофиқ, мактаб битирувчиларининг шаҳодатномасидаги 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ОТМга киришдаги баллга қўшилади. Баҳолар электрон платформалар орқали ҳисобланади ва ДТМнинг “ABITUR” дастурига юборилади.

Баҳоларнинг ўртача кўрсаткичи 6–11-синфлардаги ёки 6–9-синфлар ва 1-2-босқичлардаги йиллик баҳоларнинг умумий йиғиндисини ўқитилган фанларга бўлиш орқали чиқарилади.

Максимал балл 100 фоиз деб олинади ва баллар баҳо тизимига қуйидагича ўтказилади:

  • 86-100% учун – 5 баҳо;
  • 71-85% – 4 баҳо;
  • 56-70% – 3 баҳо ва 56% гача – 2 баҳо.

Ушбу тартиб 2022-2023 ўқув йилидан қўлланади.

Мазкур қарор лойиҳаси Давлат тест маркази Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар ишлаб чиқилган эди.

Мавзуга оид