Ўзбекистон | 15:45 / 07.06.2022
14350
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга киришдаги коронавирус билан боғлиқ барча чекловлар бекор қилинди

2022 йилнинг 10 июнидан бошлаб Ўзбекистон ва хориж фуқаролари учун авиақатновлар, чегарадош темирйўл станциялари ва автомобил ўтказиш чегара пунктлари орқали Ўзбекистонга кириб келишда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ўрнатилган вақтинчалик чекловлар бекор қилинади.

Фото: Kun.uz

Бу ҳақда Республика махсус комиссияси қарори қабул қилинган, дея Kun.uz'га маълум қилди ҳукумат матбуот хизмати.

Бунгача йўловчилардан ПЗР ва экспресс-антиген тест топшириш, эмланганлик сертификати ёки паспортига эга бўлиш талаб этилар эди.

Коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланиши ортидан энг сўнгги чекловлар ҳам бекор қилинмоқда. 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда фуқароларга очиқ ҳавода ниқоб тақмасликка расман рухсат берилганди.

14 июндан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги йўловчи поездлари қатнови тикланмоқда. 1 июндан Туркманистон ўз ҳудудини Ўзбекистон юк машиналари транзити учун очди.

Мавзуга оид