Ўзбекистон | 20:02 / 02.10.2024
2665
3 дақиқада ўқилади

 “Tourist map” интерактив портали ва мобил иловаси ишга туширилади

2025 йил Ўзбекистонда “Tourist map” интерактив портали ва мобил иловаси синов тариқасида ишга туширилади. Унда аэропорт ва вокзаллар, тарихий ва маданий жойларга етиб бориш маршрутлари бўлади, шунингдек саёҳат муддати ва қизиқишидан келиб чиқиб туристларга саёҳат режаси тузиб берилади.

Фото: uzbekistan.travel

Жорий йил 26 сентябрдан “Туризмнинг янги турларини жорий қилиш ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори кучга кирди. Қарор билан 2025 йил 1 октябрдан бошлаб ички туризм инфратузилмаси бўйича аҳоли ҳамда туристларнинг хабардорлигини таъминлаш имконини берувчи, шунингдек, қуйидаги техник имкониятларни назарда тутувчи “Tourist map” интерактив портали синов тариқасида Самарқанд халқаро аэропортида ишга туширилади:

  • аэропорт, темирйўл вокзаллари, автовокзаллар, тарихий, маданий, кўнгилочар, овқатланиш ва шу каби жойлар ҳамда уларга етиб бориш маршрутлари ҳақида маълумот тақдим этиш;
  • аҳоли ва туристларнинг саёҳат қилиш муддати ва қизиқишидан келиб чиқиб, саёҳат режасини тузиб бериш ва матрицали штрих код (ҚР-код) орқали мобил қурилмасига ўтказиб олиш имкониятини яратиш;
  • туристлар оқими юқори бўлган давлатлар тилларида ахборот бериш ҳамда тегишли ҳудуднинг харитасини намойиш этиб бориш.

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги бир ой муддатда тажриба ўтказиш даврида аэропорт, темирйўл вокзаллари ҳамда чегара ўтиш пунктларида туристларга бир ой фаол туристик сим-карталарни мобил алоқа операторлари томонидан бепул бериш амалиётини жорий қилиши керак.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 октябрга қадар:

  • “Tourist map” интерактив порталини яратиш ишларини якунлаш ҳамда Самарқанд шаҳрининг халқаро аэропортида интерактив портал ускуналари жойлаштирилишини таъминлайди;
  • “Tourist map” интерактив портали ускуналари атрофида бепул Wi-Fi зоналарини ташкил этиш ва “Tourist map” интерактив порталининг мобил иловасини ишга туширишни таъминлайди.

“Tourist map” интерактив портали ва унинг мобил иловасини ишлаб чиқиш, ишга тушириш, кейинчалик функционал имкониятларини кенгайтириш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда интерактив портал ускуналарини харид қилиш, сақлаш ва таъмирлаб бориш харажатлари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Туризм қўмитаси тажриба якунлари бўйича иқтисодий, молиявий ва туристик таҳлилларни амалга оширади. Унинг асосида “Tourist map” интерактив порталини мамлакатнинг бошқа туризм оқими юқори бўлган ҳудудларнинг аэропорт, темирйўл вокзаллари, автовокзалларида ишга тушириш юзасидан 2026 йил 1 сентябрга қадар ҳукуматга асослантирилган таклифлар киритади.

Шунингдек, қарор билан Тошкент вилояти ҳокимлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда – 2025-2027 йилларда Тошкент вилоятида туризмни ривожлантиришнинг янгиланган концепциясини ишлаб чиқиши ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид