Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Анъанавий ва исломий банк: уларнинг фарқи нимада?
Сенат маъқуллаган қонун билан, Ўзбекистонда исломий банклар фаолиятига рухсат берилиши кутилмоқда. Исломий банк – кўпчилигимиз учун янги тушунча. Хўш, унинг анъанавий банклар билан ўхшашлиги ва фарқли томонлари нимада? Kun.uz бу савол билан банк-молия соҳасида узоқ йиллик тажриба эга мутахассис Жаҳонгир Имомназаровга мурожат қилди.
Жаҳонгир Имомназаров 30 йилдан ортиқ молия соҳасида, шундан 10 йилдан ортиқ банк тармоғида фаолият юритган. 2011 йилдан бери Ислом молияси билан шуғулланиб келади. 2020 йилдан бери Ислом молияси билан шуғулланувчи “Islamic Business and Finance” компаниясини бошқариб келяпти. Islommoliyasi.uz сайти асосчиларидан бири.
Банклар нима учун керак?
Ҳар қанақа фаолият билан, яъни молиявий ёки бизнес фаолияти билан шуғулланувчилар, албатта, банк орқали ўз амалиётларини бажаришади. Банкларнинг вазифаси бу ерда аҳолини ва бизнесни қўлидаги бўш маблағларни жалб қилиб, уларни молиявий маблағ керак бўлган аҳоли ва бизнес вакилларига тақсимлаш. Яъни бу билан банклар иқтисодиётни пул билан таъминлайди.
Илгари кўпроқ нақд пул билан ишланган бўлса, ҳозирги кунга келиб кўпчилигимиз мана, пластик карталарга ўтдик. Пластик карталар дегани бу, албатта, банк билан бевосита боғлиқ. Яъни ўша пластик карталарни чиқарувчилар — банклар. Банклар янада кўпроқ аҳолидан шу пластик карталар орқали, ёки кредит карталари орқали аҳолининг қўлидаги маблағларни янада кўпроқ қабул қилиб, кўпроқ бизнесни ва аҳолини пул билан таъминлаяпти. Бу эса иқтисодиётнинг жадаллашишига сабаб бўлади. Сабаби, пул иқтисодиётда айланиши керак.
Банкларнинг даромади қаердан?
Банкларнинг даромади асосан иккита йўналишдан бўлади. Биринчиси, бу фоизсиз амалиётлар, яъни хизмат кўрсатиш орқали топиладиган даромадлар. Масалан, бир корхонанинг пули иккинчи корхонага ўтказиб берилди ёки аҳолининг қўлидаги пулларни чет мамлакатларга ўтказиб беради ёки уларнинг бойликларини, масалан, олтинларини сақлаб беради.
Энди иккинчи турдаги даромад – бу фоизли даромадлар деб аталади. Фоизли даромадлар бизнесни кредит ҳисобидан молиялаштириш эвазига топиладиган фойдалар. Кредитнинг турлари кўп. Масалан, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бор ёки бўлмаса, тижоратни молиялаштириш бор ёки факторинг орқали молиялаштириш бор.
Хўп, “ўзлари даромад оладиган бўлишса, бизнесга ҳам ўша даромаддан улуш беришадими?” деган савол туғилади. Масалан, дейлик, халқнинг қўлидан пулни жалб қилиш йўлларидан биттаси омонатга пул жалб қилиш. Бу энди аксарият ҳолатда анъанавий банклар фоизлик депозитларга пулларини жалб қилишади. Масалан, дейлик, 20% йиллик даромад берамиз дейди ва аҳолининг қўлидан пулларни қабул қилиб олади ва ўша қабул қилинган пулларни бизнесни молиялаштиришга, яъни кредит орқали молиялаштиришга йўналтиришади. Шу кредитдан топган даромадининг бир қисмини ўша депозитга қўйган аҳолига беришади. Бу ерда улар бизнесдан даромад оладими ёки йўқми, кафолатланган тарзда ўша депозит эгаларига ваъда қилинган, шартномада кўрсатилган даромадини беради. Йиллик 20% дедими, ўша 20% ни таъминлаб беради. Ва ўз навбатида, бизнесни кредитлашда ҳам, масалан, 24% ёки 30% йиллик фоиз билан берадиган бўлса, уни ҳам кафолатланган тарзда ўша бизнес эгаларидан олишади, яъни бизнес учун берилган кредитлар ҳисобидан даромад олишади.
Банкларда молиявий битимлардан ташқари, бошқа турдаги амалиётлар ҳам бор. У амалиётлар, масалан, дейлик, валюта айирбошлаш. Валюта айирбошлаш давомида ҳам банклар ўз ҳақларини (комиссия) олади. Ундан ташқари, дилинг амалиётлари бор, яъни улар валюта бозорларида, Forex бозорларида, масалан, олди-сотди билан шуғулланишади. Яъни ўзларидаги бўш маблағларни биржага тикиб, бирор бир валютани сотиб олади ва уни курс ошганда қайта сотиб юборишади. Бу энди, албатта, банкнинг хатари доирасига киради.
Ислом банклари ва анъанавий банклар солиштируви
Ислом банклари ҳам анъанавий банкларга ўхшаган фаолият турларини йўлга қўйган. Масалан, улар ҳам аҳолининг қўлидан маблағларни жалб қилиб олади, турли хизматлар кўрсатади. Масалан, битта корхонанинг пулини иккинчи корхонага ўтказиш ёки жисмоний шахснинг пулини хорижга ўтказиб бериш ёки хориждан қабул қилиш, ўша валютани айирбошлаш, ёки бўлмаса сақлаб бериш, масалан, шунга ўхшаган турли анъанавий банкнинг фоизсиз амалиётларига ўхшаган фаолият билан шуғулланади ва бунинг учун ҳақ олади.
Энди анъанавий банклар, бизнесни кредит орқали, фоизли кредит орқали молиялаштиради. Ислом банклари қандай йўл тутади бу ҳолатда? Ислом банкларида бунинг учун иккита йўналишда имкониятлар бор. Биринчиси, бу савдо амалиётлари орқали. Масалан, дейлик, сизга бирон бир нарса керак, банк у маҳсулотни сотиб олади ва сизга ўзининг устамасини қўйган ҳолатда сотади. Энди, анъанавий банкдан фарқли равишда, бу ҳолатда Ислом банкларининг хатари бироз юқорироқ. Чунки у активни, яъни ўша мулкни сотиб олиш ва мижозга сотиш ўртасидаги бўлган даврда хатарни зиммасига олади.
Иккинчидан, анъанавий банкда мижоз билан муносабат қарз берувчи ва қарздор муносабати бўлади. Ислом банкларида эса харидор-сотувчи ёки бўлмаса, бизнес ҳамкор ёки бизнес шерик сифатида амалиёт амалга оширилади. Масалан, Ислом банклари қанақа қилиб мижозга шерик бўлишади?
Дейлик, биргаликда сотиб олиш орқали бўлиши мумкин. Ёки бўлмасам, банк ўша мижозига, масалан, пул маблағларини тақдим этади. Мижоз эса ўша бизнес фаолиятни билгани учун ўша бизнес фаолиятини олиб боради ва бизнес амалиётдан, яъни ўша фаолиятдан тушган даромадни банк билан ҳамкор сифатида бўлишади. Бунинг номи араб тилида мудораба, ўзбек тилида эса музораба деб аталади.
Ислом банкларида аҳоли қўлидаги маблағларни жалб қилиш
Ислом банклари ҳам мижозлардан омонатларни қабул қилиб олади. Лекин буни икки, уч хил йўли бор. Ислом банклари фоизлик даромад бериши мумкин эмас. Кафолатланган даромад бериши ҳам мумкин эмас. Балки, икки томон ҳам хатарларни зиммасига олиши керак. Ислом ҳуқуқида бир қоида бор: хатарларни зиммага олиш даромадни оқлайди. Шу қоидага асосан, мижозлардан пулни қабул қилаётганда Ислом банки мижозга айтадики, "тахминан 20 фоиз йиллик даромад беришимиз мумкин. Лекин бу ваъда холос. Яъни битимда, шартномада буни кирита олмаймиз".
Бизнесга қанақа тикади?
Савдо амалиёти орқали ёки ҳамкорлик — музораба ёки мушарака битимлари орқали. Энди бу ҳамкорлик битимлари ҳисобланади. Яна бир кўриниши бор: вакала, яъни вакиллик асосида. Мижозга айтадики: "Мен сени вакилинг сифатида шу пулларни бошқараман ва бошқарганим учун менга маълум бир ҳақ берасан. Лекин, зарар бўладими, фойда бўладими, унинг менга алоқаси йўқ. Яъни фойда бўлса ҳам, зарар бўлса ҳам ўзимнинг ҳаққимни оламан ва барча фойдани сенга бераман (яъни мижозга)", деб ваъда беради.
Анъанавий банклар билан уларнинг мижозлари ўртасида хатарлар, яъни рисклар тенг тақсимланадими?
Тенг тақсимланади дейиш қийин. Нимага? Масалан, дейлик, банк бизнес лойиҳасини молиялаштиради. Молиялаштирганда кредит орқали, яъни қайд қилинган, келишилган фоизга пул маблағларини беради ва ўша келишилган маблағларни у лойиҳа амалга ошиш ёки ошмаслигидан қатъий назар олади. Бунда мижоз у лойиҳа доирасида фойда кўрадими, фойда кўрмайдими — у ўзининг муаммоси. Банк ўша келишилган фоизини олиши керак. Бунақа ҳолатда хатарлар тенг тақсимланган дейиш тўғри бўладими ёки йўқми, хулоса ўзингиздан.
Ислом банкларида комиссион даромадлар
Анъанавий банкларда комиссион даромадлар, яъни хизмат кўрсатиш эвазига олинадиган даромадлар, Ислом банкларида ҳам деярли барчаси бор. Лекин ҳаммаси эмас, баъзи турларининг ножоиз турлари ҳам бор. Масалан, кафолат. Бугунги кунда анъанавий банклар кафолат беради ва кафолат берганига ҳақ олади. Ислом банкларида кафолатга, кафолат бергани учун ҳақ олиш мумкин эмас.
Ҳалол дегани нега бунақа қиммат?
Бу саволга жавоб жуда ҳам оддий. Ислом банклари ҳам, Ислом молия муассасалари ҳам тижорий муассасалар ҳисобланишади. Яъни уларни ташкил қилганлар уни хайрия мақсадида эмас, балки даромад топиш мақсадида ташкил қилишади. Даромад мақсадида ташкил қилдими, ундан даромад олиш керак. Буни тўғри тушуниш керак.
Бу йўналиш ҳали бизда энди ривожланиб келмоқда. Шунинг учун ҳали бу йўналишда маблағ кам, рақобат ҳали кучсиз. Шунинг учун ҳам қиммат бўлиши мумкин. Рақобат кучайса, иштирокчилар кўпайса, нархлар ҳам табиий равишда тушишни бошлайди.
Хулоса ўрнида
Ҳар қанақа мижоз, ҳар қанақа банкка мурожаат қилган пайтида у Ислом банки бўладими, анъанавий банк бўладими, фарқи йўқ, шартномаларни диққат билан ўқиши керак. Агар ўзи баъзи бир нарсаларга тушунмаса, мутахассисларга мурожаат қилиши керак. Молиявий саводхонлик жуда муҳим. Чунки тушунмасдан қайси жойга имзо қўйиш керак, деб имзо қўйиб кетиш, эртага муаммога олиб келади. Нимага? Чунки сиз тушунмаган ҳолатда ўзингиз катта фоизлар ва жарималарни зиммангизга олиб қўйишингиз мумкин.
Мавзуга оид
20:57 / 03.04.2026
Қарзини узолмасдан банкрот бўлаётган фирмаларга оёққа туриб олишида ёрдам берилади
14:27 / 03.04.2026
Уй ва автомобил савдоси энди фақат банк орқали бўлади. Бу тизим қандай ишлайди?
20:37 / 02.04.2026
Фарғонада банк ходими мижозни ўлдириб, жасадни каналга ташлаб юборди
18:37 / 28.03.2026