Ўзбекистон | 11:45 / 31.01.2024
11576
2 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”да “бир фуқаро – бир овоз” тизими жорий этилади

2024 йил 1 апрелдан бошлаб, “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари ташаббускорларнинг иш сифати юзасидан розилигини олмай туриб, лойиҳалар фойдаланишга қабул қилинмайди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2024 йилги давлат дастури лойиҳасида “Ташаббусли бюджет” билан боғлиқ муҳим тартиб белгиланмоқда.

Белгиланишича, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилиш тартиби жорий этилади.

2024 йил 1 августга қадар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ташаббусли бюджет бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотлар олиш, маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини талаб қилиш ҳамда лойиҳалар амалга оширилишини жамоатчилик томонидан мониторинг қилиш имконияти яратилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, 2024 йил март ойидан ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида овоз беришда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида “бир фуқаро – бир овоз” тизими жорий этилади. Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали овоз бериш жараёнида фуқароларни идентификация қилиш ҳамда бир фуқаро томонидан берилган битта овозни қабул қилиш тизими жорий этилади.

“Ташаббусли бюджет”нинг ўтган йиллардаги мавсумларида пудратчилар томонидан ишнинг сифатсиз бажарилиш ҳолатлари учради. Янги тартиб шу каби эътирозларнинг олдини олиш ҳамда лойиҳаларни сифатли бажаришни таъминлашга қаратилган.

Давлат дастури лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 14 февралгача давом этади.

Мавзуга оид