Жаҳон | 08:13 / 06.06.2024
17549
8 дақиқада ўқилади

Ядро қуроли, Хитой билан дўстлик ва НАТО: Путин халқаро журналистлар билан учрашди

Россия Федерацияси президенти Петербургдаги иқтисодий форумда халқаро ахборот агентликлари журналистлари билан учрашиб, бир қатор долзарб мавзулар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Фото: Александр Демьянчук / ТАСС

Петербург халқаро иқтисодий форуми («ПМЭФ») доирасида 5 июн, чоршанба куни Россия президенти Владимир Путин жаҳон ахборот агентликлари вакиллари билан учрашди, унинг давомида бир қатор долзарб мавзуларда журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Ядро қуролидан фойдаланиш тўғрисида 

Украинага қарши уруш пайтида ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидлари ҳақида сўралганда, Путин «ядро таёқчасини силкитмаслигини» айтди ва шу билан бирга, Россия Федерациясининг ядровий доктринасига мувофиқ ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигини маълум қилди. 

«Биласизми, улар бизни қандайдир ядровий таёқчани силкитишда айбламоқчи бўлади. Лекин мен ҳозир бу мавзуни кўтардимми? Буни сиз қилдингиз. Мени мавзуга яқинлаштиряпсиз, кейин эса ядро таёқчасини силкитганимни айтасиз», деди Путин Reuters журналистининг вазият бундай хавфга қанчалик яқин эканлиги ҳақидаги саволига жавобан. 

«Ғарб негадир Россия ҳеч қачон қўлламайди (ядровий қуролни) деб ҳисоблайди. Бизда ядровий доктрина бор, унда нима ёзилганига қаранг. Агар кимнингдир ҳаракати суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимизга таҳдид солса, биз ундан фойдаланиш мумкин деб ҳисоблаймиз. Буни оддий, юзаки қабул қилиб бўлмайди. Умид қиламанки, дунёда ҳамма бу масалага шундай ёндашади», - деди Путин. 

Украинага Ғарб қуроллари етказилиши ва Россия ҳудудига ҳужумлар

Ғарб давлатлари иштирокида Россия Федерациясига зарба бериш уларнинг Россияга қарши тўғридан тўғри урушини англатади, «Москва бунга жавоб беради», деди Путин. «Агар биз бу мамлакатлар бизга қарши урушга жалб қилинаётганини кўрсак - бу уларнинг Россия Федерациясига қарши урушда бевосита иштирок этиши бўлади - биз шунга ўхшаш тарзда ҳаракат қилиш ҳуқуқини сақлаб қоламиз», деди у журналистларга.

Кремл раҳбари агар Россия ҳудудига Украина томонидан Ғарбдан етказиб берилган қуроллар ёрдамида ҳужум қилинса, Ғарбга «ассиметрик жавоб» билан таҳдид қилди, дея хабар беради dpa. Хусусан, Москва ўз қуролларини дунёнинг бошқа минтақаларига жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда, у ердан Россия Федерациясига қарши қаратилган қуроллар келиб чиққан мамлакатларга ҳужум қилиш учун фойдаланиш мумкин, деди Путин. «Бу жавоб ассиметрик бўлиши мумкинлигини англатади», дея қўшимча қилди у. 

Россиянинг Ғарб мамлакатларига таҳдиди ҳақида 

Путин Украинага қурол етказиб берилиши муносабати билан ҳеч кимга, жумладан Германия канцлери Олаф Шолцга таҳдид қилмаганини айтди. «Нима учун биз кимгадир таҳдид қиляпмиз, деб ўйлаяпсиз? Биз ҳеч кимга таҳдид солмаяпмиз, айниқса, бошқа давлат раҳбарига. Бу ёмон нарса», деди у Германиядан келган журналистнинг саволига жавоб берар экан. 

«Бизнинг айрим масалалар бўйича ўз позициямиз бор. Биз Европа давлатларининг, жумладан, Украинада содир бўлаётган воқеалар бўйича Федератив республиканинг позициясини биламиз. Ҳамма Россия урушни Украинада бошлаганига ишонади. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Европада ҳеч ким бу фожиа Украинадаги давлат тўнтариши билан бошланганини эслашни истамайди», деди Путин.

НАТО билан можаро

«Россияни душман сифатида кўрманг. Бу билан сиз ўзингизга зарар етказасиз, тушуняпсизми? Россия НАТОга ҳужум қилмоқчи, деган нарсани ўйлаб топдингиз. Мутлақо бемаънилик», - дея Reuters Россия Федерацияси биринчи шахсининг Россия ва НАТО ўртасидаги зиддият истиқболлари ҳақидаги саволга берган жавобидан иқтибос келтирган.

Путиннинг сўзларига кўра, Россияда «империя амбициялари йўқ», «НАТО давлатлари ва Европага таҳдид ҳам йўқ». 

Россия ва Украинанинг йўқотишлари ҳамда ҳарбий асирлар сони 

Путиннинг сўзларига кўра, Украинада асирликда 1348 нафар россиялик ҳарбий, Россияда эса 6465 нафар украиналик бор. Уруш шароитида бу маълумотларни текшириш имконсиз.

Президент сўзларига кўра, Россиянинг урушдаги қайтариб бўлмайдиган йўқотишлари Украинаникидан бир неча баравар кам. «Мен сизга тўлиқ ишонч билан айта оламанки, бизнинг йўқотишларимиз, айниқса, афсуски, тузатиб бўлмайдиган йўқотишларга тааллуқли бўлса, улар, албатта, Украина томонига қараганда бир неча баравар кам», - деди Путин. 

Россия Федерациясининг ҳисоб-китобларига кўра, Украина Қуролли кучлари (УҚК) ҳар ой урушда «санитар ва тузатиб бўлмайдиган йўқотишлар кўринишида» 50 мингга яқин одамни йўқотяпти. «Гарчи қайтариб бўлмайдиган ва санитар бўйича улар тахминан 50 га 50», - дея қўшимча қилди Россия президенти. Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги қоплаб бўлмайдиган йўқотишлар нисбати «тахминан бешга бир». «Агар сизни фақат шу нарса қизиқтирса, шуни айтишим мумкинки, бу ҳақда одатда ҳеч ким ҳеч қачон гапирмайди. Гапиришса ҳам, реал рақамларни ўзгартириб кўрсатишади», деди Путин.

Украинага қарши кенг кўламли уруш пайтида Россия армиясининг йўқотишлари ҳақида ишончли маълумотлар йўқ. Россия Мудофаа вазирлиги 5397 нафар аскар ҳалок бўлганини маълум қилган 2022 йил сентябридан бери Россия ўз йўқотишларини очиқламади. Путин келтирган рақамлар Украинаникидан кескин фарқ қилади. Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида Россия қўшинларининг йўқотишлари 1280 кишига ошиб, 513,7 минг кишига етган.

«Ойига 24 минг россиялик аскар ҳалок бўлиши ёки оғир яраланиши (Украина билан урушда) ҳақидаги рақамлар бор», — деди Германия канцлери Олаф Шолц 26 май куни. Апрел ойида Британия Мудофаа вазирлиги Россиянинг ушбу урушдаги эҳтимолий йўқотишларини 450 минг киши атрофида баҳолаганди. НАТО маълумотларига кўра, 2024 йил март ойи ўрталарида Украинада ўлдирилган ва яраланган рус аскарлари сони 350 мингдан ошган.

Хитой билан дўстлик

«Хитой иқтисодиёти жуда ишончли ва борган сари юқори технологияли бўлиб бормоқда. Бу Хитой иқтисодиёти ривожланишини қандайдир тарзда секинлаштиришга уринаётган АҚШ ва айрим Европа давлатларининг катта хатоси. Чунки, менинг фикримча, муваффақиятга эришиш учун биз ушбу жараёнларга аралашишимиз, уларга халақит бермаслигимиз керак», деди Россия президенти учрашувда. Унинг аниқлик киритишича, Россия Федерацияси (Хитой билан) «машғулотлар ўтказяпти ва келажакда уларни, жумладан, ҳарбий машқларни ҳам ўтказади».

«ПМЭФ»даги учрашувлар тарихи

2014 йилдан бери - Украина Донбассида можаро бошлангани ва Қрим РФга қўшилганидан кейин - бу Россия президентининг «ПМЭФ» доирасида жаҳон ахборот агентликлари вакиллари билан еттинчи учрашувидир. Биринчи бундай учрашув 2014 йилнинг 24 майида бўлиб ўтди. Кейинчалик, шунга ўхшаш тадбирлар 2015-2019 йилларда шахсан ва 2021 йилда видео-конференция орқали ўтказилди. Россия оммавий ахборот воситалари таъкидлаганидек, уларда Австрия, Британия, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Испания, Италия, Канада, Қатар, Хитой, АҚШ, Туркия, Франция, Швеция, Жанубий Корея ва Япония ахборот агентликлари раҳбарлари иштирок этди. 

Мавзуга оид