Жаҳон | 19:43 / 25.09.2024
15894
4 дақиқада ўқилади

Россиялик мулозимлар ва The Washington Post таҳлилчилари Кремлнинг ядровий таҳдидлари «энди ҳеч кимни қўрқитмайди» дейишмоқда 

Уларнинг фикрича, агар Украинага Россиядаги нишонлар бўйлаб узоқ масофали ракеталар билан зарба йўллашга рухсат берилса, Путин «нисбатан чекланган» жавоб ўйлаб топишига тўғри келади.

Фото: Рамил Ситдиков / Спутник / РИА Новости / Profimedia

Ғарб Москва томонидан ўрнатилган «қизил чизиқлар»ни эътиборсиз қолдирмоқда, Кремлнинг тез-тез янграб турадиган ядровий таҳдидлари тобора ўз кучини йўқотмоқда, шунинг учун Украина ғарбнинг узоқ масофали қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат олиши мумкин бўлган вазиятда Владимир Путин бунга жавобан «нисбатан юмшоқроқ ва чекланган» жавоб излаб топишига тўғри келади, дея ёзган The Washington Post бир қанча таҳлилчилар, мулозимлар ва олимларга таянган ҳолда.

Россиялик расмийлардан бири аноним тарзда Кремл томонидан ядровий таҳдидлар сўнгги вақтларда кўпайганини қайд этган. «Бундай баёнотлар учун иммунитет аллақачон пайдо бўлган ва улар энди ҳеч кимни қўрқитмаяпти», — деган WP суҳбатдоши.

«Москва ўтказган қизил чизиқлар Ғарб томонидан эътиборсиз қолдирилаётгани ва Москвадан ўз нияти жиддийлигини кўрсатиш учун янада муҳим қадамлар қўйилиши кераклиги ҳақида тушунча мавжуд», — дея қўшимча қилган юқори мартабали дипломатлар билан алоқада бўлган россиялик олим.

2022 24 февралидан буён турли даражадаги россиялик амалдорлар мунтазам равишда Ғарб «қизил чизиқларни кесиб ўтаётгани» ҳақида гапириб келади. Бундай чиқишларга ғарб танклари, узоқ масофали қуроллар, кейин эса замонавий қирувчи самолётлар Украинага етказиб берилгани сабаб бўлган. Аммо бундай таҳдидлар ортидан кейин амалда ҳеч нарса бўлмаган.

Шу билан бирга, WP суҳбатдошлари Ғарб ҳаракатларига жавобан ядровий зарба берилиши сценарийсини эҳтимоли деярли йўқ бўлган сценарий деб ҳисоблайди. Россиялик олим ҳам буни «эҳтимоли энг кам» сценарийлардан бири деб атаган, чунки бу Россиянинг Глобал жануб давлатлари қаторидаги ҳамкорларининг норозилигини уйғотиши мумкин, шунингдек, ҳарбий нуқтайи назардан ҳам самарадор эмас. Унинг сўзларига кўра, бу мавзудаги муҳокамалар муқобил вариантларни етарлича баҳоламасликка олиб келади. У Ғарбда глобал ҳарбий инфратузилмага эгалигидан келиб чиққан ҳолда унда кўплаб заиф нуқталарни топиш мумкинлигини қўшимча қилган.

Франциядаги R.Politik сиёсий консалтинг агентлиги асосчиси Татяна Становая ядровий жавоб барча учун, жумладан Путиннинг ўзи учун ҳам «энг ёмон вариант» экани ҳақидаги фикрларга қўшилади. Унинг ҳисоблашича, ядровий қурол қўллаш ёки НАТО мамлакатларидан бирининг ҳудудига тўғридан тўғри ҳужум фақат Путин Россиянинг мавжудлигига таҳдид сезган ҳолатдагина кўриб чиқилади, аммо бунинг учун Ғарбдагилар ҳозиргидан кўра «анча ўзидан кетиб қолиши» керак бўлади.

Кремлга яқин бўлган сиёсатшунос Сергей Марковнинг сўзларига кўра, Россия армиясининг юқори эшелонларида Россия «қизил чизиқлар» ҳақида кўп гапиргани, аммо амалда ҳеч нарса қилмагани ҳақидаги тушунча кучаймоқда. «Қайсидир паллада биз эскалацияга мажбур бўламиз», — дея қўшимча қилган у. Унинг фикрича, эҳтимолий жавоб Москвада Буюк Британия элчихонаси ёпилиши ва Украинага берилган F-16 самолётлари жойлаштирилган Полша ва Руминиядаги авиабазалар бўйлаб зарбалар берилиши бўлиши мумкин.

Лондондаги Қироллик коллежининг ҳарбий тадқиқотлар бўйича фахрий профессори Лоуренс Фридманнинг фикрича, Москва Ямандаги ҳусийчилар каби прокси гуруҳлар қўли билан Ғарбнинг ҳарбий объектлари ёки бошқа инфратузилмаларига қарши диверсия амалиётлари ўтказишгача бориши мумкин. Унинг ҳисоблашича, Путиннинг ядровий таҳдидлари атайлаб ноаниқ шаклда берилган. «Бу таҳдидли янграйди, аммо аслида у ҳеч қачон нима қилмоқчилигини аниқ қилиб айтмаган. У қандай талқин қилишни ўзимизга қолдирган ва одамлар энг ёмонини кутишган», — дея қўшимча қилади Фридман.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид