Ўзбекистон | 13:40 / 30.09.2025
1549
2 дақиқада ўқилади

130 тоннадан ортиқ яроқсиз маҳсулотлар савдодан олиб ташланди

Ўзбекистонда 130 тоннадан ортиқ яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотлари савдодан олиб ташланди. 

Фото: Санэпидқўм

Республикадаги 300 та деҳқон бозорларида ички ишлар бўлимлари, давлат солиқ инспексияси, ветеринария хизмати ва бозор маъмурияти билан ҳамкорликда доимий назорат ўрнатилиши йўлга қўйилди, дея хабар берди Санэпидқўмита матбуот хизмати.

Ҳамкорликда ташкил этилган ўрганишлар давомида сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган, яроқлилик муддати ўтган, органолептик кўрсатгичлари меъёр талабларига жавоб бермайдиган 130 тонна 574,87 кг озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй шароитида тайёрланган таомлар савдоси тақиқланиб, ўрнатилган тартибда браковка қилинди.

Гўшт, сут, қандолат, салат ва нон маҳсулотларини савдо расталаридан ташқарида, аравачаларда, махсус кийимларсиз, тиббий кўрикдан ўтмасдан, санитария қоидаларига зид равишда савдо қилаётган 514 нафар фуқарога маъмурий баённома тузилиб, ўрнатилган тартибда жаримага тортилди.

Деҳқон бозорларида қуйидаги муаммолар мавжуд:

  • 111 та деҳқон бозорида гўшт сотиш учун, 158 та деҳқон бозорларида сут ва сут маҳсулотларини сотиш учун махсус жиҳозланган павилонлар ташкил этилмаган;
  • 27 та деҳқон бозорида ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари ташкил этилмаган;
  • 8 та деҳқон бозорларида жамоат ҳожатхоналари, 17 та деҳқон бозорида чиқиндиларни вақтинча йиғиш учун махсус чиқиндихоналар ташкил этилмаган;
  • 80 та деҳқон бозорида сув таъминоти киритилмаган, 142 та деҳқон бозорида оқова сувларни йиғиш ва зарарсизлантириш ишлари ташкил этилмаган;
  • 77 та деҳқон бозорларида дезинфекция тадбирларини ўтказиш учун ваколатли ташкилотлар билан шартномалар тузилмаган.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид