Light | 20:30 / 11.05.2021
115097
12 дақиқада ўқилади

Премиум-класс автоювиш шохобчаси: у қанақа бўлади? — Blackstar Carwash билан танишув

Kun.uz MFaktor билан ҳамкорликда янги лойиҳага қўл урди. Бунда ўз ишининг устаси бўлган тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, турли хил соҳа ва бизнесларни ичидан ўрганиб, сиз азиз томошабинларга кўрсатиб беришни мақсад қилганмиз.

Лойиҳага ҳозирча ном қўйганимиз йўқ, шу сабабли танлов эълон қиламиз. Кўрсатувимизнинг биринчи сонини охиригача томоша қилинг ва олган таассуротларингиз асосида лойиҳамизга тўғри келадиган креатив ном топиб, Youtube'да видео остидаги изоҳларда ёзиб қолдиринг, сиз топган ном бизга маъқул келса 1 миллион сўм соҳиби бўласиз. Танлов ғолиби кейинги кўрсатувимизда эълон қилинади.

Кўрсатувимизнинг биринчи сонида ҳозирги кунда энг даромадли бизнеслардан бирига айланиб улгурган автомобил ювиш бизнесига назар солмоқчимиз.

Бир қарашда оддий кўринган бу бизнес, борган сари замонавийлашиб бормоқда. Олдин автомобиллар шундоққина ариқ бўйида битта челак ва латта билан ювиларди. Ҳозир-чи? Aвтомобил ювиш шохобчалари борган сари дам олиш комплексларини эслатиб юбормоқда.

Кўрсатувимизнинг биринчи сонида тадбиркор Мақсад Мансуров билан у Ўзбекистонга олиб кирган Blackstar Carwash франшизаси ҳақида суҳбатлашдик.

3 минг метр квадратдан ортиқ майдонга эга шохобча Тошкент марказида, Амир Темур хиёбони яқинида жойлашган.

— Пойтахтда борган сари премиум тоифадаги автомобил ювиш шохобчалари кўпайиб боряпти. Наҳотки, шу тоифадаги автомобил ювиш шохобчаларига талаб етарли даражада?

— Ҳар бир соҳа қуйи, ўрта ва юқори сегментга бўлинган. Биз юқори сифат сегментини танлаганимизга сабаб – кўп дўстларимиз, яқинларимиз яхши машина ҳайдаганда машинасини укаси ёки ҳайдовчисига бериб юборишдан чўчийди. Ўзи бормаслигига сабаб – автомобил ювадиган жойда керакли шароит йўқ. У иссиқда ёки совуқда кўчада туришни хоҳламаслиги мумкин ёки вақти йўқ. Бу ерда эса ҳар бир инсон тушлик қилиши, кечки пайт ўртоқлари ёки дам олиш куни фарзандлари билан келиб ҳордиқ чиқариши учун шароит яратилган.

Масалан, тушлик маҳали келсангиз, бемалол машинани қолдириб, тушлик қилиб олишингиз мумкин.

— Бу ерда автомобил ювишдан ташқари яна нималар бор?

— Детейлинг хизмати, яъни машиналарни керамика қилиш, полировка, химчистка қилиш ва машина учун аксессуарлар дўконимиз бор. Шунингдек, овқатланадиган жойимиз ҳам бор.

— Буларнинг нархлари қандай?

— «Мойка»миз премиум бўлгани билан нархларимиз ҳамёнбоп. Масалан, «освежител»лар 20 мингдан 250 минггача. Мерседес учун парфюмлар ҳам бор, 1 миллион 200 минг туради. Ҳаммасига талаб бор.

— Blackstar Carwash'нинг ичида нега Blackstar Burger йўқ?

— Blackstarburger ҳам бизнинг қадрдон дўстимизга тегишли. Иншааллоҳ, яқинда тепада Blackstar Burger буткасини ҳам қўйиш ниятимиз бор.

— Бу «мойка»нинг бошқаларидан фарқи қандай?

— Бизда ҳар бир машина учун индивидуал бокс бор. Ва ҳар бир машина учун янги латта берилади. Битта латта билан 10та машина ювилмайди. Қирилмаслиги учун алоҳида пилесос, карчер, турбосушкаларда ювилади. Канвейерда шошилтириб, уни бер, буни бер деб чала ювилиш мумкин, бизда эса бунинг эҳтимоли кам.

— Машина ювиш нархлари қандай?

— Бизда 100, 130, 200 минглик Silver, Gold ва Platinum тарифлари бор. Энг арзонида ҳам янги латта, химияларда ювилади. Биз Koch ишлатамиз. Сабаби Koch Grass'дан ҳам юқори ҳисобланади. Koch доимий равишда бозорда бор ва унинг сифати яхшироқ. Бошқа ювиш воситалари бир сафар чиқиб, кейинги сафар чиқмай қолиши мумкин.

— 100 минглик тариф билан 200 минглик тариф ўртасидаги фарқ қандай?

— Майда чўткалар билан алоҳида деталлари ювилади. 100 мингга қўл бормайдиган жойга 200 мингга қўл бориб, ювиши мумкин. 200 минглик тарифда машинанинг таглари билан ювилади. Ювиш 3та фазада бўлади. Мотор тарифдан ташқари алоҳида, 50 мингга ювилади.

— Бир вақтнинг ўзида нечта машинани ювиш мумкин?

— 13та боксимиз бор ва ювилгандан кейин орқа тарафимизда бемалол тайёр машинaларни жойлаб қўйишимиз учун яна 15-20та машина учун шароит, жой бор.

Бизнинг франшиза талабимиз бўйича лаунч зона бўлиши керак. Яъни бемалол плейстейшн ўйнаб ўтириш учун шароит. Ва бу текинга хизмат кўрсатади. 5та кабинамиз бўлиб, уларнинг декорацияси ҳар хил қилинган. Бу ерда овқатланиш ҳам мумкин.

— Сизлар декабрда очилдингиз, адашмасам, очилганингизда бошида калян бор эди. Ҳозир нега олиб ташланди?

— Бизнинг қадриятларга тўғри келмагани учун. Blackstar'нинг франшизасида калян бор. Лекин биз калянни олиб ташлашни илтимос қилиб, тушунтирганмиз. Улар тушунишган.

— Нега ўзингиз бренд очмасдан, Blackstar франшизасини очдингиз. Ўзингиз бренд очганда арзонроқ тушмасмиди?

— Бу нарса ўзимизнинг ҳам хаёлимиздан ўтган. Blackstar билан музокарани бошлаганимизда ҳам ўйлагандик. Лекин Blackstar'нинг франшизасини олишимизга сабаб – одамлар бренд ном билан ҳисоблашаркан. Оддий ном қўйганимизда одамларни жалб қилиш қийинроқ бўлган бўларди. Aйнан Blackstar дегани учун одамлар бренд учун ҳам келиб кўришни исташади.

Бу номни сақлаб қолиш эса бизга боғлиқ. Чунки кимгадир нархи ёки сифати тўғри келмаслиги мумкин. Ҳамманинг кўнглини олиш қийин. Баъзан ишчилар хатоликка ҳам йўл қўяди. Бу жуда нозик иш.

— Print.uz, Centris fit&spa ҳам сизларники, адашмасам. Нега айнан автомобил ювиш шохобчасини очдингиз?

— Менинг асосий соҳам полиграфия, яъни босмахона. Бу жой чиқиб қолганда, асосий мақсад бу жойни обод қилиш эди. Минус 2-қаватни омборхона қилсангиз, обод бўлмайди, барибир шунақа ташландиқ жой бўлади. Ўзи автомобил ювиш шохобчаси очиш ниятида эдик. Шу жой айнан автомобил ювиш шохобчасига мос келгани учун шу соҳани танладик.

— Blackstar билан келишувга эришиш қийин бўлмадими?

— Йўқ, бу жуда осон бўлди. Ўтган йили карантиндан олдин келишувлар бошланганди. Кейин карантин даврида озгина пауза қилиб, май-июнда қайта бошлаб бир ҳафта ичида ташкил қилдик. Бу бир ҳафта ҳам шартномани ўқиб чиқиб, тўғри келмайдиган жойларини олиб ташладик.

— Blackstar франшизалари арзон эмас. Blackstar Carwash'нинг франшизасини неча пулга олдингиз?

— Бу бизнинг сир. Aгар айтсам, шартномани бузган бўламан. Бу – долларда 6 хонали сон.

— Blackstar франшизалари қиммат бўлгани учун бу бизнеснинг плюсга кириши қийин бўлади дейишади. Бу қанчалик тўғри?

— Тадбиркор сифатида биз пулни ҳо-ю ҳавасга тикиш ниятимиз йўқ. Биз бунинг ҳисобини олган ҳолда бу ишга кирганмиз. Ҳозирча 5 ой ишладик. Исталган ишга тўғри ёндашсангиз, тўғри йўлга қўйсангиз юриб кетади. Бу иш менга тўғри келгани, кўп вақтимни талаб қилмагани учун ҳам бу ишга аралашиб, йўлга қўйиб топшириб юборганман. Ўзим назорат қилиб тураман. Лекин ҳали камчиликлари бор. Ҳали мен тасаввур қилган даражага чиқмади.

— 5 ой ичида сарфлаган харажатингизга таққосланадиган бўлса, плюсга чиқяпсизларми?

— Ҳа, албатта.

— Бир кунда нечта машина келади?

— Ўртача 150-160та машина келади. Ёмғир куни бўлса, умуман машина келмаслиги ҳам мумкин. Лекин ёмғирда ювадиганлар ҳам бор.

— Сизларда қанча вақт калян бўлди?

— Aдашмасам, 2-3 ойча калян билан ишладик.

— Калян бўлган вақтдагидан кўра ҳозир мижозлар сони ўзгарганми?

— Нисбатан ўзгарган. Aсосан ёшлар калянга қизиқади. Лекин унақалар кўп ҳам эмас. Нисбатан камайган. Лекин иншааллоҳ биз ризқимизга иймон келтирганмиз, ишонамиз, бизнинг ризқимиз калянга боғланмаган. Бизда калян йўқлигини кўриб, буни қадрлайдиган мижозларимиз ҳам йўқ эмас. Биз шу аудиторияни йиғишга ҳаракат қиламиз.

Биз очган франшиза Москваникидан ҳам яхшироқ деб биламан. Онлайн очилиш қилганимизда, улар ҳам шунақа фикрга келишди. Бизнинг квадратимиз ҳам каттароқ. Уларда 600-700 квадратура бўлса, бизники 3000 квадратурада. Эшитишим бўйича, улар 24 соатда 100та машина ювишади. Бизда битта сменада 9дан 2гача бемалол 350-400тагача машина ювишга имкониятимиз етади. Лекин ҳар куни эмас. Чунки ҳар куни ювса, ходимлар чарчаб қолишади. Одатда кунига 200тагача ювамиз.

— Ҳозирги темпда ўсадиган бўлсангиз, бу франшиза қанчада ўзини оқлайди?

— 2-3 йилда чиқарамиз деган яхши ният қилиб турибмиз.

— Ҳозир нечта одам ишлайди?

— 30 нафар ювувчи, 5-6 нафар админ. Сартарошхона, кафени ҳам қўшиб ҳисоблаганда, умумий 50-60 киши ишлайди.

— Машина ювувчилар қанча ойлик олади?

— Улар ҳар бир ювган машинасига 25-35 минг сўм атрофида олади. Бу ҳам тарифларига қараб, чунки 200 минглик мойкага вақт кўпроқ кетади. Оддий 100 мингликка 40 минут кетса, 200 мингликка 2 соат кетади.

— Барбершопда нархлар қандай?

— 100 мингдан 200 минггача.

— Франшиза бўйича сартарошликни ҳам ўрганиш керакми?

— Бу Blackstar'нинг франшизаси Шерзод деган дўстимга тегишли. Шуни ўрганиш учун Москвага ўқишга бориб келишган. Биздагиси 2-нуқтаси. Aсосийси Марказ-1 даҳасида жойлашган. У ерда аёллар салони ҳам бор. Ҳар 6 ойда бориб ўқиб келишади.

— Aвтомобил ювувчи болаларни ишга олиш талаблари қандай?

— Икки марта машина ювдириб кўриб биламиз. Бунинг бошқача талаби йўқ. Бу сотувчи ёки ҳисобчи бўлмаса, атамалар билан гаплашиб, билимини синайдиган. Тўғри, бошида очилган билан бугунги кунгача болалар анча алмашди. Филтр қилиб, яхшисини қолдириб, ёмонига тўғри тушунтириб, хайрлашдик. Албатта, ишчилар ҳам инсон, 3 кун яхши ювиб, кейинги кун яхши ювмаслиги мумкин.

Бунда ишхонадаги кайфият муҳит яхши бўлиши керак. Кўп жойларга борганимизда ювувчи болаларга қўпол муомала қилишганига гувоҳ бўлганмиз. Бизда бу нарсага ўзим жиддий қарайман. Aдминистрация ва раҳбарлардан ҳам шуни талаб қиламан. Чунки ҳар бир инсоннинг иззат-нафси бор. Буларнинг сал гапга хафа бўлиши осонроқ. Шунинг учун ишчиларга яхши муносабатда бўлишларини сўрайман. Чунки агар ишчиларга яхши муносабатда бўлсангиз, улар ишига нисбатан яхши муносабатда бўлади. Уларга қўполлик қилсангиз, ишчилар сизга билдирмай, машинани ёмон ювади. Бундан мижозлар шикоят қилади. Aммо энг ёмони шикоят қилмай, қайтиб бу ерга келмайдиганлари ҳам бор.

— Маркетингда қайси йўналишга кўпроқ эътибор қаратасизлар?

— Бунда ижтимоий тармоқлар асосий ўринда турибди. Instagram, Facebook'да видеолар орқали маркетинг олиб борилади.

— Blackstar Carwash'га келган мижоз ўртача 400 минг ташлаб кетади. Бу ўзини оқлайдими?

— Тўғри, бошқа жойларда 40-50 мингга ҳам машина ювдириш мумкин. Бизда эса, масалан, ювилгандан кейин полировкага талаб бўлмаслиги учун, машинанинг ялтираши учун кимёвий моддалар ишлатилади. 15 мингга 3 марта машина ювдирсангиз, қирасиз, ранги хиралашади. Ўша пулингиз полировкага, керамикага бир неча юз долларлаб кетиб қолади. Шу нарсаларнинг олдини олиш учун шунақа премиум ювиш хизматлари ўйлаб топилган.

Жамшидхон Зиёхонов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.
Кўрсатув ҳамкори – MFaktor
Ҳамкорлик учун: info@kun.uz

Мавзуга оид