Апрел тугаяпти, расмийлар эса сукутда: электр ва газ тарифлари бу йил ошмайдими? Ўзбек футболида ўтиш даври: футболчиларга бюджетдан ойлик тайинланди. Тошкент кўчаларида яна бир янгилик: дўконлар қаршисидаги автотураргоҳлар пулли бўлади. Катталашиб бораётган хавфсизлик муаммоси: Россия армиясига ёлланган ўзбеклар сони 5 мингга яқинлашди.

Якунланган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Маҳаллий товарларни арзонлаштириш вазифаси қўйилди

Инглизларда “янгилик йўқ бўлса, шунинг ўзи яхши янгилик” деган гап бор. 1 май санасига тўрт кун қолди, лекин электр энергияси ва газ тарифлари ошиши бўйича ҳозирча расмий хабарлар бўлмади. Қонунчилик бўйича, монопол товарларнинг оширилган нархлари кучга киришидан камида 15 кун олдин эълон қилиниши керак.

Жорий шарт-шароитлардан келиб чиқсак, нархлар кўтарилишини кечиктириш учун етарли асослар бордек кўринади. Аввало, ўзи шундоғам Яқин Шарқдаги уруш қўшимча инфляцион босим яратгани, шунга мувофиқ март ойи охиридаги йиғилишда ҳам, жума кунги селекторда ҳам инфляцияни жиловлаш бўйича давлат раҳбари томонидан қатъий топшириқ берилганини қайд этиш керак. “Агар инфляция ошиб бораверса, аҳоли ва тадбиркорлар ҳаётида ижобий ўзгариш сезилмайди”, деди Шавкат Мирзиёев. Президент нарх-наво барқарорлигини сақлаш учун маҳаллий товарларни арзонлаштириш шартлигини айтди.

Айни пайтда, энергетика соҳаси расмийлари кўз-кўз қилаётган ютуқлар ҳам мантиқан олиб қараганда тарифларга ижобий томондан таъсир қилиши керак. Масалан, “Ўзбекнефтгаз” шу ҳафта ўтказган матбуот анжуманида тизимда самарадорлик ошгани, триллионлаб маблағ тежаб қолинганини эълон қилди. Энергетика вазирлиги эса душанба кунги баёнотида йил бошидан бери қуёш ва шамол электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 37 фоизга ошиб, 3 млрд kWh'га етганини