Жамият | 21:20 / 24.11.2018
46548
6 дақиқада ўқилади

Қиличини қайраб қиш келмоқда: газ ва электр муаммосига қачон барҳам берилади?

Куз-қиш мавсуми Ўзбекистонга кириб келиши билан чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг юраги сиқилишни бошлайди. Сабаб битта – хонадонларда газ ва чироқнинг ўчирилиши борасида “кимўзар”га ўйин кетади. Буни KUN.UZ таҳририятига келиб тушаётган мурожаатлар мазмунидан ҳам билса бўлади. Аслини олганда, бу каби мақолалар бермаймиз деб ўйлагандик, аммо айнан шу масала юзасидан юборилаётган мурожаатлар сони ошиб бораётгани сабаб, уларнинг айримларидан иқтибос келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ўйладик.

Вилоятлардан мурожаатлар...

Бухоро вилоятидан келиб тушган мурожаатда шундай дейилади: “Ассалому алайкум. Мен Вобкент тумани, Софидеҳқон Астарбоб қишлоғида яшайман. Қишлоқ ҳудудида табиий газнинг йўқлиги ва электр таъминотининг керагидан ортиқ ўчилавергани сабаб, туман марказидан ижарага уй олиб, кўчиб чиқдик. Афсуски, бу ерда ҳам аҳвол ҳавас қиладиган даражада эмас. Туман электр тармоқлари корхонасига қўнғироқ қилишнинг умуман фойдаси йўқ. Қўнғироқларга жавоб беришдан қочиш мақсадида телефон тармоғини банд қилиб қўйишади. Ёки бўлмаса, “юқоридан шунақа буйруқ бор, биз ҳам қачон ёнишини билмаймиз”, деб жавоб беришади. Қизиқ, ҳайрон қоласан киши, кундуз куни ишхонада чироқ йўқ, кечқурун уйга келсам, уйда чироқ йўқ. Ёш болам бор, тунлари йиғлаб қолса унга сут қайнатиб бериш учун уйда газ бўлмайди. Электр плиталаридан фойдаланамиз десак, ток йўқ”.

Самарқанд вилоятидан келган мурожаатнинг мазмуни эса қуйидагича: “Ассалому алайкум. Мен Самарқанд тумани, “Сулфакабутак” маҳалласида истиқомат қиламан. Мана, 20 йилдирки, мана шу ва қўшни маҳаллаларда истиқомат қилаётган одамлар табиий газнинг ўзи у ёқда турсин, ҳатто ҳидини ҳам ҳидлаб кўришмаган. Хўп, газ йўқ дейлик. Одамлар бунга кўникиб, ўз шарт-шароитини қиляпти – кўмирини, ўтинини ғамлаяпти. Бироқ электр таъминотидаги узилишларга тоқат қилиб бўлмаяпти. XXI асрда, тараққий этган давлатда ҳам 20 йилдан бери бир муаммо ҳал этилмасдан қолаверадими? Президентимиз чекка ҳудудларда барча шароитлар яхшиланиши бўйича кўрсатмалар, махсус топшириқлар бермоқда. Бизнинг маҳалла чекка ҳудудга ҳам кирмайди – шаҳар марказидан 1-3 километр узоқликда жойлашган холос. Бу борада мутасаддиларнинг режаси борми, бундан халқни огоҳ этишадими?”.

Бухоро вилоятидан келиб тушган яна бир мурожаатда шундай дейилади: “Ассалому алайкум. Мен Ғиждувон тумани, Гаждумак қишлоғида яшайман. Қишлоғимизда газ ва электр таъминоти муаммоси, мана, 15 йилдирки ҳал этилмаяпти. Бормаган жойимиз, учрашмаган одамимиз қолмади. Қиш яқин, жуда қийналганмиз...”.

Қорақалпоғистонликлар нима дейди: “Ассалому алайкум. Туманимизда табиий газ билан боғлиқ муаммолар бор эди. Аммо шу йилнинг 15 ноябрь куни газ бирдан кўтарилиб кетди. Сабабини билсак, ўша кунлари президентимиз Қорақалпоғистонга ташриф буюрган экан. 17 ноябрь куни давлатимиз раҳбари қайтиб кетдилар, газ беришнинг ҳолати яна ёмонлашди. Биз қишдан қандай чиқамиз, болаларимиз қандай чиқади? Биз шаҳарда турамиз, ўтин йўқ, кўмир йўқ...”.

Тошкент вилоятидан мурожаат: “Сизлардан илтимос, айрим қишлоқларда табиий газ йўқ, шу муаммоларни кўпроқ кўтариб чиқишнинг иложи йўқми, савоб бўлади. Масалан, мен Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, “Чаманзор” маҳалласида яшайман. Газ йўқ, уй совуқ. Бошқа ердаги масалалардан кўра, ўзимнинг муаммоим муҳимроқ. Чунки оилам, болаларим совуқ уйда ўтиришибди. Гапларимни тўғри қабул қиласиз деган умиддаман”.

Муаммо ортидан келаётган мусибатлар

Тан олиб айтиш керак – одамлар газим йўқ, светим йўқ деб, мана, неча йиллардан буён нолиб келади, аммо бирор нажот бўлмагач, билганича иш тутади. Уйига печка қуради, билганича, тушунганича, газ баллонларидан фойдаланади. Оқибатда эса, сўнгги вақтларда қулоққа чалинаётган мудҳиш ҳодисалар юзага чиқади. Ис газидан заҳарланишади, айрим ҳолларда эса ҳалок ҳам бўлишади. Буни сўнгги уч ой ичида Тошкент шаҳрида, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах ҳамда Тошкент вилоятларида рўй берган бахтсиз ҳодисалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Мутасаддиларнинг берадиган жавоби эса одатий – иситиш ускуналаридан нотўғри фойдаланишган.  

Сўнгги сўз ўрнида

Қайсидир вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари ўз ҳудудларидаги муаммони ҳал этишга астойдил ҳаракат қилишяпти, аммо айрим раҳбарлар ҳамон уйқуда. Бу вақтда эса кимнингдир касалманд отаси ёки онаси, жажжи боласи совуқдан қийналмоқда. Оила боши эса, минг заҳмат ила тирикчилик билан овора, қўшимчасига печка қуриши керак, ўтин топиши керак, жайдари тил билан айтганда “бир бало қилиб қишдан чиқиши” лозим. Барчаси яхши бўлишига, одамлар ҳаёти янада фаровонлашишига ишониб қоламиз, албатта. Аммо бу муаммолар тезда, имкон қадар ижобий ечим топишидан умидвормиз, дея оламиз холос.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ журналисти.

Мавзуга оид