Жаҳон | 12:10 / 09.10.2025
2077
2 дақиқада ўқилади

ЕИ кенгаши Евроиттифоқнинг Россия нефт ва газидан воз кечиши режасини муҳокама қилади

Европа Иттифоқининг Брюсселдаги доимий вакиллари Европа Иттифоқини Россия нефт ва газидан воз кечиши режаси бўйича муҳокама ҳужжатини тайёрлади, деб хабар берди DW манбаси. Манбага кўра, Европа Иттифоқининг деярли барча давлатлари газ импортини тақиқлаш ҳақидаги сиёсий мақсадни қўллаб-қувватлаган.

Европа Иттифоқининг Брюсселдаги доимий вакиллари Россия энергетикасидан воз кечиш бўйича REPowerEU режасини 20 октябр куни бўлиб ўтадиган ЕИ кенгашининг энергетика бўйича йиғилишида муҳокама қилишга тайёрлади, деди DW'га ЕИ расмийси 8 октябр, чоршанба куни. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг деярли барча давлатлари Россия газини импорт қилишни тақиқлаш ва ЕИ кенгаши йиғилишида умумий ёндашувни ишлаб чиқишдек сиёсий мақсадни қўллаб-қувватлаган.

Баъзи давлатлар тақиқни қўллаш механизмларини заифлаштиришни таклиф қилган бўлса-да, кўпчилик бундай ҳаракатга қарши чиқди. Доимий вакиллар RePowerEU режаси бўйича муҳокамаларни 15 октябрда давом эттириши мумкин, бироқ ҳужжат матни Европа Иттифоқи энергетика вазирларига муҳокама учун қўшимча қайта кўриб чиқилмаган ҳолда тақдим этилади, деди DW манбаси.

Ўша куни, 8 октябрда Reuters агентлиги дипломатик манбаларга таяниб, Европа Иттифоқининг доимий вакиллари 2028 йилгача Россия нефт ва гази импортини босқичма-босқич тўхтатиш режасини маъқуллагани ҳақида хабар берди. «Чоршанба куни (8 октябр) ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган йиғилишда Европа Иттифоқининг доимий вакиллари таклиф қилинган қонунни ўз вазирларига 20 октябр куни бўлиб ўтадиган дипломатия йиғилишида тасдиқлаш учун юборишга келишиб олди», дейилади маълумотда. 

Россия энергия таъминотини босқичма-босқич тўхтатиш режалари «малакали кўпчилик» томонидан маъқулланиши керак, яъни Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг 55 фоизи томонидан. Шу тариқа, Венгрия ва Словакиянинг танқидига қарамай, ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда, чунки Европа Иттифоқининг деярли барча бошқа давлатлари уни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди, дейилади Reuters хабарида.

Бироқ, муҳим масала, Европа Иттифоқи портларидаги суюлтирилган газ (СТГ) Россияга тегишли эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун олдиндан расмийлаштиришни текшириш зарурати бўлиб қолмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид